...

...

AGROBLOGER

Наманган вилоятидаги банк ходимлари мажбурий пахта теримига жалб қилингани аниқланди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Маълум қилинишича, 29 сентябрь куни «Банкирнинг кундалиги» Telegram-каналида Наманган вилоятида 17 та банк, шу жумладан, Марказий банкнинг ҳудудий филиалининг мажбурий пахта теримига жалб қилингани акс этган рўйхатни эълон қилди. Нашр қилинган маълумотлардан кўриниб турибдики, Учқўрғон туманида пахта йиғим-терими учун 1470 нафар теримчини жалб қилиш тўғрисида топшириқ берилган, аммо банкларнинг умумий штати 1422 нафар ходимни ташкил қилади.

Бундан ташқари, келтирилган маълумотларга кўра, 21 сентябрь ҳолатида 1164 нафар ходим пахта теримида қатнашиб, 41662 кг пахта терган. Жадвалда теримчиларнинг вақтинча турар жойлари ва пахта териладиган фермер хўжаликлари ҳам кўрсатилган.

Марказий банк ўзининг ҳудудий бошқармасига таяниб банк ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилингани тўғрисидаги маълумотлар тасдиқланмаганлигини маълум қилди.

Айни пайтда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати 21 сентябрдан бошлаб пахта теримида мажбурий меҳнат ҳолатларининг олдини олиш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш ва тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича ишлар олиб борилаётганлигини хабар қилди.

Давлат меҳнат инспекциясига 29 сентябрь ҳолатига кўра 50 та мурожаат келиб тушган, улардан 22 таси Call-марказ орқали, 2 таси сайт орқали ва 26 таси ижтимоий тармоқлар орқали. Мурожаатларнинг аксарияти Наманган — 11 та, Қашқадарё — 10 та, Жиззах — 6 та, Андижон — 5 та, Тошкент — 4 та ва Бухоро вилояти — 3 та ҳиссасига тўғри келмоқда.

Маълум қилинишича, 16 та ҳолатда фуқаролар маҳаллалар томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинган, 6 ҳолатда улар банк ходимлари бўлган. Меҳнат вазирлиги барча хабарлар ўрганилаётгани ва аниқланган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.

«Шунга қарамай, кунлик мониторинг натижаларига кўра ишчи гуруҳлар мансабдор шахсларга 2 та мажбурий меҳнат, 4 та меҳнат шартномасини нотўғри тузиш ва меҳнат шароитларига риоя қилмаслик ҳолатлари бўйича 27 миллион 875 минг сўм миқдорида жарима солди», — дейилади хабарда.

Меҳнат вазирлиги матбуот хизматининг нашрга аниқлик киритишича, Наманган банкларида мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ вазият ҳали ҳам ўрганилмоқда, аммо фактлар қисман тасдиқланган. Яқин кунларда ушбу фактлар бўйича хулоса қабул қилиниши кутилмоқда.

Давлат меҳнат инспекциясига келиб тушган мурожаатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ҳам юборилади. Хусусан, Наманган шаҳридаги қурилиш материалларига ихтисослаштирилган бозорда иш юритаётган тадбиркорлардан «пахта учун» маблағ йиғиш ҳолати бўйича тушунтириш хатлари ва тегишли ҳужжатлар чиқарилди.

Меҳнат вазирлигининг таъкидлашича, факт тасдиқлангани сабабли ҳужжатлар белгиланган тартибда қонуний чоралар кўриш учун Наманган прокуратурасига юборилган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 8 сентябрдаги қарори билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари пахта йиғим-терим жараёнига таълим, тиббиёт ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимлари, шунингдек, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабалари жалб қилинишининг олдини олиш учун жавобгардир.

«Gazeta.uz» Наманган вилояти ҳокимлигига изоҳ олиш учун сўров юборган.


@AGROBLOGER канали

daryo.uz

Report Page