...

...

AGROBLOGER

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Ойдиной, Олим, Ойбек” фермер хўжалиги раҳбари Сардор Эргашевга “Кобальт” автомашинаси тантанали тарзда топширилди.

Сардор Эргашев раҳбарлик қилаётган “Ойдиной, Олим, Ойбек” фермер хўжалиги Қоракўл тумани “Сайёт” ҳудудида фаолият кўрсатади. Жорий йилда фермер хўжалиги аъзолари 58,8 гектар майдонга чигит экиб, парваришлашди. Ўз вақтида олиб борилган борилган агротехник тадбирлар туфайли хўжаликда мўл ҳосил етиштирилди. “Мергантекс” МЧЖ шаклидаги пахта тўқимачилик кластери билан тузилган шартномага мувофиқ қабул масканларига айни кунга қадар 165 тонна юқори сифатли “оқ олтин” топширилди. Ҳали фермер хўжалиги далаларида ҳосил чўғи баланд. Йиғим-терим ишлари эса бир дам сусайгани йўқ.

— Фермерларда юқори ҳосил олишга бўлган мотивацияни кучайтириш мақсадида мавсум бошида бир танлов эълон қилгандик, – дейди “Мергантекс” МЧЖ раҳбари Иброҳим Ҳамроев. — Унга кўра, биринчи теримда 70 центнер ҳосил олган фермерга “Кобальт”, 60 центнер олганга “Спарк” автомашинаси, 50 центнерга 50 миллион, 40 центнерга 40 миллион, 30 центнерга 30 миллион сўм пул мукофоти берилиши ваъда қилинган эди.

Ўзига хос мусобақада Сардор Эргашевнинг “қўли баланд келди”. Унинг раҳбарлигидаги хўжалик аъзолари 70 центнерлик маррани забт этди. Кластер ҳам ваъдасига вафо қилди.

Туманнинг “Қурбонбой Чориев” фермер хўжалиги раҳбари Эркин Чориев эса “Спарк”ли бўлди. Шунингдек, “Абдуқодир Эшон” фермер хўжалиги раҳбари Искандар Саломов ва “Озодбек Равшанов” фермер хўжалиги раҳбари Бекзод Очиловга 50 миллион сўмлик, “Зокир Бетутов ғаллакор” фермер хўжалиги раҳбари Маҳмуд Бебутов ва “Дилмурод-74” фермер хўжалиги раҳбари Насим Ҳамроевга 30 миллион сўмлик сертификатлар топширилди.

Биргина бу эмас. Шу куни рағбатлантириш эстафетасини “Қоракўл кумуш калава” МЧЖ шаклидаги пахта-тўқимачилик кластери ўз қўлига олди. Мазкур кластер томонидан ҳам илғор фермерлар муносиб тақдирланди. Хусусан, “Расул Жаббор Иброҳим”, “Янги турмуш замини”, “Улуғ бобо” ва “Самад Саид” фермер хўжалиги раҳбарлари 30 миллион сўмлик сертификатларга эга бўлди. Бундан ташқари “Зиёрат” ҳудуди раҳбари Фурқат Ҳалимовга “Спарк” туҳфа қилинди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.  


uza.uz

AGROBLOGER канали

Report Page