...

...

Muhammad Rizo

Ёзганим узун бўлса ҳам, менимча фойдаси тегса керак...


2012 йилнинг қишидан бери Пискентда сочимни олдираман. Ҳолаваччам сартарошлар (Суннат ака). Ёзни ёз демай, қишни қиш демай эринмасдан бориб келаман ҳозиргача.

Бугун ҳам келдим. Барака топсинлар, кўнгилдагидек қилиб олиб қўядилар ҳар доим.

Шу акамни бир дўстлари бор эди. Исмлари Дониёр. Пискентга келганимда гоҳида сартарошхонага келганларида кўриб қолардим. 2 ҳафта олдин ўтиб қолибдилар... Эртадан кейин 28 ёшга тўлишлари керак экан...

Бугун соч олдираётганимда нима сабабдан ўтиб қолганлари ҳақида сўрадим ҳолаваччамдан. Айтиб бердилар.

«Оққон касаллигига чалинганди ўртоғим. Шу сабабли ўтиб қолди.

2016 йил уйланди. Озгинадан кейин Россияга, ишлашга кетди аёлини олиб. У ерда отларга қарайдиган ишга жойлашибди. Ишлаб юрганда инфекция тушибми, ишқилиб қорин қисмида ўсимта ривожланишни бошлабди. Россиядаги докторлар буни оққон касаллигини билиб, тезда уйларига кетишларини айтишибди. Келишди кейин. 2017 йилнинг бошида келишган бўлса, келганидан кейин ҳар ойнинг охирги 10 кунида шифохонага бориб, ўша ўсимтани ўсишдан тўхтатиш учун химия қуйишга бориб юрди (химия деганини яхши тушунмадим). 5-6 ой бориб юрганидан кейин, бир сафар мени олимга келиб, «Ўртоқ! Ҳудо хоҳласа машу сафар охирги марта боришим экан. Кейин керак бўлмас экан химия олиш. Яхши бўлиб кетар эканман», деди ҳурсанд бўлиб. Қаерда?! 1 ой юрмасдан яна ўсимта азоб бериб, шифохонага мурожаат қилди. Яна бояги 10 кунлаб қатнаш бошланиб кетди.

Борган сари ўртоғимнинг аҳволи ёмонлашиб бораверди. Ўлимидан 1-2 ой олдиндан бошлаб овқат ейиши камайиб борди. Бориб-бориб еган, ичган нарсасини қайтариб чиқарадиган бўлиб қолди. Алдаб, бир амаллаб сок, яна қандайдир шунга ўхшаган нарсалар билан овқат бериб юришди.

Яқинда (ўлимларидан бир ойча олдин) сартарошхонамда телефонимга қараб ўтирган эдим, эшик очилиб, биров кириб келди. Телефондаги нарсага қизиқиб кетиб, у одам яқинимга келганини пайқамай қолибман. Бир маҳал қарасам, Дониёр ўртоғим. Бир муддат довдираб қолдим. Чунки бу турган одам Дониёрлигини кўзим кўриб турибди, лекин мийям қабул қилмаётганди. Озиб кетган (ўзи у ака бақувват, говдалик йигит эдилар), соч-соқол, киприк-қошлар тўкилиб, оппоқ бўлиб қолган, сийдик йўли қисилиб қолганлиги учун биқинидан шланка ўтказиб қўйилган, бир томонга букчайганича ўртоғим турибди... Ўзимни қўлга олиб, салом-алик қилдим. Бу ўртоғимнинг охирги марта ўзи юриб келиши экан сартарошхонага. Бундан кейин бошқа келмади.

Ўлимидан бир ҳафтача олдин дадаси телефон қилиб, ўртоғимнинг соч-соқолини олиб қўйишимни илтимос қилдилар. Хўп бўлади, деб уйларига қараб йўлга тушдим. Кирсам Дониёр ўртоғимдан асар ҳам қолмаган эди. Сочи ҳали ярим сантиметр ҳам ўсмаган эди. Лекин шу ҳам қийноқ бераётган экан. Сочини олиб бўлиб, соқолини олишга киришдим. Улфатларимиз ичида энг қалин соқол шу ўротоғимники эди. Лекин соқолини олаётганимда қўлим билан юзини ушлар эканман, тери билан қўшилиб шу қалин соқол ҳам титилиб кетарди. Бир амаллаб тугатволдим. Олдимизда ўртоғимнинг дадаси, аёли ўтиришарди. Дадаси: «Ўртоғинг роса қийналяптида. Еган овқатини шу заҳоти қайт қилиб чиқариб юборяпти...”, деб гап бошлаган эди, Дониёр боши билан, кўзини катта-катта очиб дадасига ишора қиларди. Яъни айтманг, керакмас, демоқчидек. Қийналиб, ўлар ҳолатга келса ҳам менга билдирмоқчи эмас эди... Гапиришга ҳам холи қолмаган эди. Фақат кўзи билан ишора қиларди. Ишимни тугатгунимча юрагим тилка пора бўлиб кетди. Ҳайрлашиб кетдим кейин.

Яна бир ҳафтача ўтгандан кейин эрталаб 9 ларда дадалари яна ўғилларининг соч-соқолини олиб қўйишимни сўраб қўнғироқ қилдилар. Иккита мижозим борлиги, уларни олиб бўлишим билан боришимни айтдим. Иккинчи мижозимни ҳам тезда сочини олиб, ўртоғимнинг уйига шошилдим. Борсам укасининг аёли чиқиб, Дониёрнинг мазаси қочиб, шифохонага олиб кетишганини айтди. Бир ўртоғимни чақириб биз ҳам бордик. Борсак, аёли билан синглиси каридорда йиғлаб ўтиришибди экан. Докторлар эса нима қилишларини билмай туришибди. Химия олаверганидан томири ҳам қолмаган экан. Зўрға оёғидан томир топиб, ўша еридан оғриқ қолдирадиган укол қилишибди. Ўртоғимнинг олдига кирсам, пасга қараб ётибди, тепасида онаизори ўртоғимнинг белини қўллари билан секин, охисталик билан, ўта эҳтиёткорлик билан силаётган эканлар (ҳолаваччам мана шу силашни мени қўлимга қўлларини қўйиб кўрсатиб бердилар. Буни силаш ҳам деб бўлмайди. Шунчаки тирноқларнинг учи билан юргазиш деса бўлар балки. Шуни тушунтириш учун уч хил қилиб ёздим). Дониёр эса инграр эди. Ҳатто шу силаш ҳам оғриқ бераётганди. Онаси эса ёш боладек йиғлаганларича: «Қандай қилай, ўғлим? Қандай силасам оғримайди...?” дердилар. Ортиқ чидаб туролмай, ташқарига чиқиб кетдим.

Шу билан яна уйларига кетишди. Шу воқеадан икки кун ўтиб ўртоғим ўтиб қолди. Эрталаб Дониёрнинг укаси қўнғироқ қилиб, шум хабарни айтди. Ҳамма ўртоқларим билан бориб, айни орзу-ҳавас қиладиган, айни куч-қувватга тўлиб тошадиган ёшга етган Дониёрни кўмиб келдик. Ҳали фарзандлик ҳам бўлмаганди...

Энг яқин ўртоғим шу эди. Қанақа ишим бўлса Дониёрни чақирар эдим. У эса ҳеч қачон йўқ демай илтимосимга лаббай деб келар эди. Касаллиги энди бошланаётганда ўртоғим ноумид бўлиб қолди. Оққон бўлиб қолганини кўтаролмади. Ҳиндистондан шифокорлар келишганди ўша пайтлар. Борайлик, десак унамаганди. Аёли, барака топсин, ўртоғимга роса яхши қаради. Овқат ейишга, қазои ҳожат чиқаришга шу аёли қаради. Ҳар гал соқолини олишга борганимда олдимизда ўтирар эди. Дониёр бирор юмуш айтса ўша заҳоти бажарар, Дониёрни шу туришида ҳам «жоним» деб чақирар (😭), ҳеч қандай ортиқча ҳаракат қилмас эди. Бошқа аёл бўлганида бунчалик қарай олиши амри маҳол.

Росаям хўрлигим келиб кетяпти...”.

Ҳолаваччамнинг гаплари шу ерда тугади. Ўзи ўртоқлари ҳақида бундан ҳам аянчли гаплар айтдилар. Лекин уларни ёзишга юрагим дош беролмади.

Акамнинг гапларини эшитиб ўтирар эканман, шунча неъматларнинг остида юрганимни ҳис қилиб, ичимда тинмасдан Аллоҳга чексиз ҳамду санолар айтардим.


Нима деб тугатиш ҳақида бир мунча ўйладим ва Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари ҳақида фикр қилиб Ўзининг каломидан бошқа гап топа олмадим:

«Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!»


2013 йилнинг кеч куз пайти эди. Қиш келмаган бўлса ҳам совуқ қақшатаётган, қор гуппилаб ёғганди ўшанда. Пискентдаги уйда хурмонинг кеч пишадиган нави бор. Мевалар энди пишган эди. Оппоқдадам хурмони совуқ урмасин деб дарахтдан меваларни йиғиб олишни буюрдилар. Ўша ҳолаваччам Дониёр исмли ўртоқларини ёрдамлашишга чақирдилар. Меваларни териш бошланди. Қўл ташқарида бир сония турса қотиб қоладиган даражада совуқ. Мен ишлагим келмасдан бир четта турардим. Дониёр ака эса шашт билан хурмоларни терардилар. Қўллари етадиган жойини олиб, тепадагиларни узун ёғоч билан қоқиб туширар, тушгиси келмаётганини эса дарахтга чиқиб териб олардилар. Қўлларида ҳеч нарса йўқ эди, қизариб кетганди. Шундаям биз билан ҳазил-ҳузул қилиб меваларни теришга ёрдамлашиб юборгандилар. Дониёр акани ўшанда таниган эдим...

Дониёр ака


Report Page