...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистон ва Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари ўзбек аграрчилари учун Россия қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш имкониятларини муҳокама қилди.

2021 йил 1 октябр куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида вазир Жамшид Хўжаевнинг Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг департаментлари вакиллари билан видео-музокаралари бўлиб ўтди. Россия томонидан музокараларга Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин бошчилик қилди. 

Икки томонлама онлайн-учрашувнинг асосий мақсади: Россия ҳудудида бир неча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун Ўзбекистон корхоналари учун ер тақдим этиш масалаларини муҳокама этишдан иборат бўлди.

«Ушбу учрашув шу йилнинг июнь ойида икки ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг Москвадаги иккинчи йиғилиши доирасида Дмитрий Патрушев билан ўтказилган музокараларнинг мантиқий давоми бўлди. Биз ўзбек тадбиркорлари томонидан бир қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши учун Россияда ер ажратиш ва ҳосилнинг Ўзбекистонга олиб кетилиши масаласи юзасидан дастлабки келишувларга эришган эдик. Бунда айнан Россияда етиштириш учун табиий тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган мойли экинлар, соя, буғдой сингарилар назарда тутилмоқда», дея таъкидлади Жамшид Хўжаев.

2021 йилнинг август ойида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия томонга қишлоқ хўжалиги экинлари рўйхати ва майдонларни қайта ишлаш учун талаб этиладиган дастлабки ҳисоб-китобларни юборган. 

«Ҳозирги босқичда биз алоқа ўрнатиш ва ўзаро таъсир механизмларини йўлга қўйиш ҳамда амалий жиҳатдан тайёр бўлиш мақсадида ушбу лойиҳани 35 минг гектар майдонда ишга туширишни таклиф этмоқдамиз. Яқин йилларда ушбу майдонларни босқичма-босқич 300-500 минг гектаргача кенгайтириш, истиқболда эса 1 миллион гектаргача етказишдан манфаатдормиз. Ушбу ҳамкорликдаги қўшма лойиҳа билан ўринбосарим Анвар Асомов ва бошқармалар бошлиқларидан иборат жамоа бевосита шуғулланади. Биз соҳани ривожлантириш ва икки давлат фуқаролари фаровонлигини ошириш мақсадида янги ҳамкорлик нуқталарини топиш бўйича ишларни давом эттиришга тайёрмиз», деди вазир Жамшид Хўжаев.

Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин ва унинг ҳамкасблари қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш учун 8-13 миллион гектар майдон мавжудлигини таъкидлаган ва Россиянинг 23 та субъекти Ўзбекистон-Россия лойиҳасини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканлигини билдирган.

Учрашув доирасида томонлар ер участкаларини ажратишга доир муайян масалаларни, жумладан ўзбекистонлик шерикларга қишлоқ хўжалиги ерларини узоқ муддатли ижарага бериш шартларини муҳокама қилди.


kun.uz

AGROBLOGER канали

Report Page