...

...

AGROBLOGER

Мевали дарахтларнинг паст бўйли пайвандтагларга улаб ўстиришнинг ўзига хос ижобий ва салбий томонлари бор.

Паст бўйли дарахтларнинг характерли хусусияти - уларнинг кичик бўлишидир. Оддий ва паст бўйли пайвандтагларга уланган дарахтлар дастлабки йилларда деярли бир хилда ўсади. Лекин ўсишдаги фарқ аста-секин сезила бошлайди ва дарахтлар ҳосилга кира бошлаши билан яққол кўринади.

Паст бўйли пайвандтагда ўстирилган дарахтларнинг ҳажми баланд бўйли пайвандтаглардаги дарахтларга нисбатан икки баровар кичикроқ ва шох-шаббаси икки ярим баробар ингичкадир. Ярим пакана пайвандтагдаги дарахтлар катталиги жиҳатидан кучли ўсадиган ва пакана пайвандтагларда ўстирилган дарахтлар ўртасида оралиқ ўрнини эгаллайди. Аммо дарахтларнинг ўсиши (пакана пайвандтагларда пайвандланган дарахтларнинг) пайвандга ҳам кучли даражада боғлиқдир. Масалан, дусенга пайванд қилинган 16 ёшли дарахтлар шох-шаббасининг баландлиги қандиль Синапда 5,2 м, Розмаринда 5,5 м ва Бельфлерда 3,8 м га тенг бўлади.

Паст бўйли дарахтларнинг кичик бўлиши уларни парваришлашни: буташни, зараркунанда ва касалликларга қарши дори пуркаш ва ҳосилни териб олишни осонлаштиради. Ҳосилни териб олишда катта нарвон ва мева узадиган асбобларга бўлган зарурият йўқолади; ҳосилни териб олишда меҳнат унумдорлиги 1,5-2 марта, баъзан эса 3-4 марта ортади. Лекин эркин ўстирилган паст бўйли дарахт боғларида дарахтлар ораси яқин бўлганлиги учун ерни ишлашни механизациялаштириш (ерни машинада ишлаш) қийин.

Паст бўйли пайвандтагларда ўстирилган мева дарахтлари тез ўсадиган пайвандтагларга нисбатан тўрт-беш йил, ярим пакана пайвандтагларда эса бир икки, уч йил эртароқ ҳосилга киради. Беҳига пайвандланган нок кўчати ўтказилгандан кейин учинчи-тўртинчи йилда ҳосилга киради. Олма билан нокнинг тўла ҳосилга кириши кучли ўсадиган пайвандтагдагидан 6-12 йил олдинроқ бошланади. Барвақт ҳосилга кириш паст бўйли дарахтларнинг муҳим биологик хусусияти ва хўжалик учун қимматли белгисидир. Паст бўйли пайвандтагларда ўстирилган дарахларнинг ер устки органларида ҳужайра ширасининг юқори концентрацияда бўлиши эрта бошланади ва бу хол уларнинг барвақт ҳосилга киришига олиб келади. Ҳосилга кириш эса ўсишни чеклаб куяди (паст бўйлилик). Бундан ташқари, баргларда тўпланадиган пластик қисми вегетатив органларга сарфланади.

Паст бўйли дарахтларнинг ҳосилдорлиги тез ўсадиган дарахтларникидан паст бўлади. Аммо паст бўйли пайвандтагларга уланган дарахтлар оддий дарахтларга қараганда анча қалин ўтказилганидан ҳамиша оддий дарахтларга қараганда икки баробар ва ундан ҳам серҳосил бўлиб чиқади. Масалан, Ўзбекистонда дусенга пайвандланган 15 ёшли олманинг ҳосили кучли ўсадиган пайвандтагдагига қараганда 3,8 марта, парадизкага пайванд қилинганники эса 2,3 марта кўп, 26 ёшда эса шунга мувофиқ равишда 2,3 ва 1,7 марта ортиқ бўлган. Аммо 39 йил ичида ўрта ҳисобда шу хўжаликнинг ўзидаги дусен ва парадизкага пайвандланган олмаларнинг ҳосили амалда бир хил бўлиб, гектарига 17,3-17,7 т ни ташкил қилган. Кучли ўсадиган пайвандтагда эса бу кўрсаткич 8,8 т ни ташкил этган.

Паст бўйли дарахтларнинг мева беришида солкашлик холлари кам учрайди, бу усув процессларининг жуда эрта тугалланишига ва баргларнинг кеч кузгача дарахтда сақланиб туришига боғлиқ бўлса керак: бу эса дарахтда озиқ моддаларнинг кўп тўпланишига ёрдам беради. Р.Р.Шредер номидаги ишлаб чиқариш бирлашмасида 14-19 ёшли қандиль синап, Розмарин ва Бельфлер нав олмалардан улар ҳосил бермайдиган йиллари (6 йил ичида) ҳосил берадиган йилдагига қараганда қуйидагича: парадизкага уланганлардан 14,7 %, дусенга уланганлардан 26,3 %, кучли ўсадиган пайвандтагларга уланганлардан эса 4,6 % ҳосил олинган.

Мева дарахтлари секин ўсадиган пайвандтагларга уланганда, одатда, меваларнинг сифати, уларнинг ўртача бир текислиги яхшиланади, ширадорлиги ортади, уларнинг таъми ва ранги яхшиланади. Шу билан бирга паст бўйли пайвандтагларда ўстирилган олмазор боғларни тегишлича парвариш қилинса, улар аъло товар сифатли ҳосил беради - териб олинган жами товарнинг 90-95 % и стандарт мевалар, шу жумладан, 80 % биринчи нав мевалар бўлади.


AGROBLOGER канали

А. Мерганов. "Мевачилик".


Report Page