...

...

AGROBLOGER

Германияга ҳаво йўли орқали етказиб берилган ўзбек помидорларининг биринчи жўнатмаси Берлиндаги «Ledo» озиқ-овқат дўконлари тармоғида сотувга чиқарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА хабар берди.

Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Golden dried fruits» компанияси ва Германиянинг «Lemberg Lebensmittel GmbH» савдо тармоғи ўртасида янги узилган помидор етказиб бериш бўйича шартнома тузилган эди.

Помидор Германияда севиб, истеъмол қилинадиган маҳсулотлар сирасига киради. Маълумотларга кўра, 2019 йил мамлакатда 2,2 миллион тоннадан ортиқ помидор сотилган. Ушбу маҳсулотнинг импорти 710 минг тоннани ташкил этган ва, асосан, Нидерландия, Испания, Бельгия, Марокаш каби мамлакатлардан келтирилган.

Германия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори бугунги кунда Европадаги энг йирик бозор ҳисобланади. Мамлакатда ҳар йили тахминан 18 млрд. доллар миқдорида мева-сабзавот сотилади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатимиз корхоналари Германияга умумий қиймати 5,4 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берган, бу ўтган йилнинг айнан шу даврига нисбатан 16 фоизга кўп демакдир.

«Golden dried fruits» аграр холдинги раҳбари Саидвали Насриддиновнинг фикрича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узоқ йиллар мобайнида МДҲ мамлакатларига экспорт қилмоқда. Мазкур компания савдо-сотиқ географиясини кенгайтиришга ҳисса қўшиш мақсадида ўз маҳсулотларини Европа давлатлари, хусусан, Германияга экспорт қилишни бошлашга қарор қилди.

Бу жараёнда даставвал немис бозоридаги янги узилган озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, помидорга бўлган талабни ўрганиш бўйича тадқиқотлар ўтказилди.

— Ушбу жараёнда маҳсулот сифати ва таъмига эътибор қаратилди ва МДҲ мамлакатларидаги истеъмолчиларга энг зўр маҳсулот сифатида танилган «Пинк парадайс» помидор нави билан Германия бозорига киришга қарор қилинди. «Global G.A.P.» ва «ISO 22.000» халқаро сифат сертификатларини олгандан сўнг, мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси кўмагида немис савдо тармоқлари билан алоқа ўрнатилди ва шартнома тузилди, — дейди холдинг раҳбари.

Айни пайтда «Golden dried fruits» Германиянинг бошқа йирик чакана савдо тармоқлари билан маҳсулотлар экспорт қилиш ва уларнинг номенклатурасини кенгайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Хусусан, намуна сифатида анор ва хурмо тақдим этилди.

Ўз навбатида, «Ledo» савдо тармоғи филиали иш бошқарувчиси Александр Валгернинг таъкидлашича, немис харидорлари «Ledo»да бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотларни топиши мумкин. Бугун мазкур тармоқ ўз расталарида Ўзбекистондан келтирилган маҳсулотлар турини тобора кенгайтирмоқда.

— Ўзбек қовуни, узуми, ўриги ва помидори жуда мазали. Бир кун олдин биз дўконларда сотила бошланган помидорларнинг биринчи жўнатмасини олдик. Шунингдек, анор ва хурмо намуналари ҳам етиб келди. Ишончим комилки, тез орада ушбу турдаги маҳсулотлар тармоғимизда сотила бошланади ва ўзига хос таъми билан харидорларимизни қувонтиради, — деди у.


@AGROBLOGER канали

xs.uz

Report Page