...
AGROBLOGERЮртимизда боғ ва токзорлар майдони, уларнинг ҳосилдорлиги йилдан-йилга ортиб, маҳсулот сифати ҳам яхшиланиб бормоқда. Олинаётган маҳсулот ва унинг сифатини ошириш ҳар ойда бажариладиган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли қилиб бажарилишига боғлиқ.
Боғларимизда барча турдаги мевалар йиғиб-териб олинган бўлади. Энди боғ-токзорлардан келгуси йили юқори ва сифатли ҳосил олишни таъминлаш мақсадида мевали дарахтларни ҳамда токзорларда ток тупларини ҳозирдан қишнинг аёзли совуқларига чидамлилигини ошириш чораларини кўриш зарур. Бунинг учун октябрь ойида боғ ва токзорларда суғоришни батамом тўхтатиш лозим.
Боғларда боғ қатор ораларини ҳайдашдан олдин, уларни кузги ўғитлаш, яъни ҳар бир гектар боғга 10-15 тн. чириган гўнг, минерал ўғитлардан соф ҳолда 180 кг. фосфор, 90 кг. калий ўғитини солиш мақсадга мувофиқдир.
Ўғит солиниб бўлингач, бўз тупроқли суғориладиган боғларда дарахтларнинг қатор оралари 25-30 см., шағалли ерларда 10-15 см. чуқурликда шудгор қилинади. Бунда юза жойлашган илдизлар шикастланмайди. Тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида боғлар қатор ораларига сидерат ўтларни экиш ҳамда келаси йили баҳорда уларни ҳайдаб ташлаш лозим.
Боғларда кўплаб касаллик ва зараркунандаларнинг замбуруғлари дарахтлар танасидаги ёриқликларда қишлайди. Танаси оқланса, уларни қириб ташлаш билан бирга дарахтлар қишки совуқлардан ҳам ҳимоя қилинади. Бунда 2 кг. тупроққа 1,5-2 кг. оҳак аралаштириб, ҳар 10 л. эритмага озроқ мол шатмоғидан қўшиб, уни суюқ қаймоқсимон масса ҳолига келтириб, дарахт танасини ҳамда она шохларни оқлаш зарур. Бу айниқса данакли мева дарахтларига (ўрик, шафтоли, гилос, олхўри, олча ва б.) яхши самара беради. Бунда ҳар 10 л. эритмага 80-100 г. мис купоросини сувда эритиб, қўшиб юборилса самараси янада ортади.
Боғ қатор ораларини ҳайдаётганда, омоч илдиз тизимини шикастламаслиги учун дарахт танасидан 0,5-1,5 м. масофада айниқса пакана ва ярим пакана пайвандтагли боғларда ўтишига аҳамият қаратиш керак.
Дарахт баргларининг 65-75 фоизи тўкилгандан сўнг, айниқса замбуруғли касалликларга чалинган боғларда дарахт танасини 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 6 фоизли карбамид эритмаси билан яхшилаб ювиш керак.
Резавор мевалилардан қулупнай, қорағат (смородина), хўжағат (малина) ўсимликларининг қаровига алоҳида эътибор бериш зарур. Август ойининг бошларида экилган қулупнай кўчатлари ўтдан тозаланиб, енгил чопиқ қилиниб, қишки совуқдан ҳимоя қилиш мақсадида иккала томонига гўнг солиш керак.
Қорағатзорда қорағат тупларига шакл бериш, қирқиш ва сийраклаштириш ишлари олиб берилади. Қорағатнинг эски 5 йиллик шохлари кесиб ташланиб, туп ичи очилади. Синган, қуриган шохлар кесиб ташланиб, янги ўсиб чиққан бир йиллик новдаларидан 5-6 таси қолдириб, қолган новдалар кесиб ташланади. Туп атрофи чопилиб, қатор ораси 20-25 см. чуқурликда хайдалади. Ҳайдовдан олдин қорағат қатор орасига 15-20 тн. гўнг, агарда гўнг бўлмаган тақдирда минерал ўғитлардан соф ҳолда 120 кг. фосфор, 60 кг. калий ўғитини бериш зарур. Сўнг бир марта суғориш керак.
Хўжағатзорда ҳосил бериб бўлган шохлари қурий бошлайди. Шунинг учун ушбу қуриган шохлар ер билан бир текисликда кесиб ташланиб, янги новдалардан бир тупда 10-15 та шохлари қолдирилади. Нимжон, касалланган, синган новдалар кесиб ташланади. Агарда бир йиллик новдалар узун бўлиб ўсган бўлса, новданинг 1,5-1,6 м.дан юқори қисми кесиб ташланади. Бунда келаси йили ушбу новдаларда сифатли мўл ҳосил бўлади.
Токзорларда ушбу ойда ток тупларига шакл бериб қирқиш, қўндоқлаш ва кўмиш ишлари бажарилади. Ток кўмилмайдиган минтақаларда ток кесилмайди, чунки кесилган токнинг совуққа чалиниши кучаяди. Кесиладиган ток тупларининг нави ёки симбағазнинг турига қараб шакл ва юклама берилади.
Ток тупларини кесишда биринчи галда оидиум (кул) антракноз, милдью, бактериал рак билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб, токзордан чиқариб ташланади ва куйдирилади. Кўп ҳолларда деҳқонлар ток тупларини ёпиш учун қирқилган новдалардан фойдаланишади. Бунга йўл қўймаслик зарур. Чунки, турли касаллик юқумлари бўлган барг ва новдалар келаси йили уларнинг янада кўпроқ тарқалишига замин яратади.
Кесилган ток туплари қўндоқланиб ётқизилгач, ёпишдан олдин оидиум (кул) антракноз, милдью ва бактериал рак касаллик юқумига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ёки мис купоросининг 3 фоизли эритмасини пуркаш зарур. Ток туплари 25-30 см. қалинликда тупроқ билан кўмилади. Тупроқ ток кўчатини яхши кўмиши учун намлиги 70-80 фоизни ташкил қилиши керак. Бунинг учун ток кўчати қўндоқлангандан сўнг ёки олдин енгил суғориш зарур. Келаси йили мўл ҳосил олиш учун токзорлар ўғитланади, бунда йиллик меъёрнинг 50% фосфор ва азотни (аммоний шаклидаги) ва калий ўғитини 100 фози 15-20 см. чуқурликда ёки уялаб 20-25 см. чуқурликда солинади.
Токзорлар механизмлар ёрдамида кўмилганда қатор орасида иккита жўяк ҳосил бўлади. Ушбу жўякларга гўнг солинса самараси юқори бўлади. Токзорларга ҳар йили гектарига 20-30 тн. гўнг солиниб турилса, минерал ўғитлар сарфи 50 фоизгача қисқаради.
Ушбу тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш келаси йил мева-узумдан мўл ҳосил олиш учун замин яратади.
@AGROBLOGER канали
Р.Абдуллаев
agro.uz