...

...

AGROBLOGER

Кеча, 30 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тизимидаги муаммолар ҳақида маълумот берилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Нигора Хўжаеванинг айтишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик ташкил этилмаган, айрим корхоналарнинг 60-70 фоиз ускуна ва жиҳозлари маънан эскирган.

Берилган маълумотга кўра, 2019 йилда ялпи озиқ-овқат саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 35,3 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилнинг 6 ойида 21,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, соҳанинг саноатдаги улуши 16,7 фоизни, ялпи миллий маҳсулотдаги улуши эса 4,6 фоизни ташкил этган. Лекин соҳада ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ҳам бор.

“Қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртачадан ҳам паст даражада, хусусан, мева ва сабзавотларни қайта ишлашда – 42 фоиз, сутни қайта ишлашда – 45 фоиз, гўштни қайта ишлашда – 55 фоиз, ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришда – 55 фоиз, ёғ маҳсулотларида – 48 фоиз қувватлардан фойдаланилмоқда, холос.

Бунга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар билан қайта ишлаш корхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик ташкил этилмаганлиги, айрим корхоналарнинг 60-70 фоиз ускуна ва жиҳозлари маънан эскирганлиги сабаб бўлмоқда”, - деди у.

Хўжаеванинг қайд этишича, таҳлиллар республикада озиқ-овқат саноати соҳасида маҳсулотларни қайта ишлаш инфратузилмаси, қайта ишлаш қувватлари мавжуд бўлишига қарамай, бор имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини ва ечим топиши керак бўлган муаммолар борлигини кўрсатган.

“Республикада халқаро аккредитациядан ўтган замонавий кўп тармоқли озиқ-овқат маҳсулотлари синов лабораторияларининг етишмаслиги ташқи бозорда маҳсулотларни экспорт қилишга салбий таъсир этмоқда.

Ҳозир ҳудудларда замонавий марказлашган кўп ихтисосли озиқ-овқат лабораторияларини, хусусий секторда аккредитациядан ўтган лабораториялар сонини кўпайтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, маънан эскирган қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш, импорт ўрнини босувчи озиқ-овқат саноати корхоналарни ташкил этиш чоралари кўрилмоқда”, - деди Нигора Хўжаева.


@AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page