...

...

AGROBLOGER

Андижон вилояти «Дўстлик» чегара маскани орқали мамлакатимизга Хитой Халқ Республикасидан олиб келинаётган 25 тонна нок маҳсулоти Ўсимлик карантини чегара маскани инспекторлари томонидан назорат кўригидан ўтказилди. Маҳсулотда унинг сифатини билдирадиган халқаро намунадаги фитосанитар сертификатининг асл нусхаси йўқ эканлиги аниқланди. Қолаверса, маҳсулотни давлатимизга экспорт қилаётган шахс ёки ташкилот тўғрисида ҳам ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. Бу эса маҳсулотнинг республикамиз ҳудудига киришини тақиқлашга сабаб бўлди.

— Жорий йилнинг шу даврига қадар хориждан республикамизга 29454.6 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорт қилинган бўлса, шулардан 1025.7 тоннаси ҳар иккала давлат қонунчилигига хос бўлмаган ҳаракатлар сабаб ортга қайтарилди, — дейди вилоят Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси Ахборот хизмати раҳбари Зайнобиддин Қодиров. — Бу каби ишлардан кўзда тутилган асосий мақсад, юртдошларимизни сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашдан иборат. Ана шу мақсад йўлида вилоятнинг Хўжаобод туманидаги «Дўстлик», Пахтаобод туманидаги «Маданият» чегара масканларида фаол ҳаракатлар ташкил этилган.

Айтиш жоиз, инспекция нафақат, импорт, балки экспорт маҳсулотлар сифати ва қонунчилик тамойилларини ҳам назорат қилади. Зеро, республикамиздан олиб чиқиб кетилаётган ҳар қандай маҳсулот хорижлик замондошларимиз учун ҳам хавфсиз бўлмоғи керак. Йилнинг шу даврига қадар мамлакатимиздан экспорт қилинган 79216.2 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам инспекция ходимлари томонидан назорат кўригидан ўтказилиб 7840 дона халқаро намунадаги фитосанитар сертификати расмийлаштирилди ва қонунчилик талабларига зид бўлган ҳолатлар қайд этилмади.


@AGROBLOGER канали

Саминжон ҲУСАНОВ,

xs.uz


Report Page