...

...

AGROBLOGER

Маъдан ўғитлар орасида калийли ўғитлар муҳим ўрин эгаллаб, физиологик аҳамияти жиҳатидан азот ва фосфордан фарқ қилади, у ўсимлик тўқималари таркибига кирмайди, аммо модда алмашиниш жараёнида алоҳида роль ўйнайди. Калий ўсимликларда ҳаракатчан ҳолатда бўлиб, айниқса, ўсувчи ва ёш бўлакларда кўп бўлади. Калий ўсимликнинг сувни яхши сақлаши, кам буғланиши, қурғоқчиликка енгил ўтказувчанлигига сабаб бўлувчи биоколлоидларнинг гидротациясини кучайтириб, гидрофил хусусиятини оширади. Калий бошқа моддалар билан мақбул ҳолатда бўлганда ўсимликнинг ўсиб-ривожланишини тезлаштиради, ҳосил сифатини яхшилайди.

 Кўп йиллик илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, минерал ўғитларни қўллашнинг ўзаро нисбати (N:Р:К–1:0.7:0.5) белгиланган. 1 тонна пахта ҳосили учун ўрта толали ғўза навлари 55–60 кг азот, 20–25 кг фосфор ва калийни 50–60 кг сарфлайди. 1 центнер бошоқли дон ҳосили етиштириш учун эса 5 кг азот, 3,5 кг фосфор ва 2–2,5 кг калий ўғитлари ўзлаштирилади. Республикамизнинг турли хил тупроқ-иқлим шароитларида пахта ҳосили учун ўртача гектарига соф ҳолда 200–250 кг азотли, 140–175 кг фосфорли, 100–125 кг калийли ўғит қўллаш тавсия этилган, аммо 2012 йил пахта ҳосили учун ўртача 197,9 кг N, 55,3 кг Р ва 10,9 кг К ўғити қўлланилган.

 Мазкур рақамлардан кўриниб турибдики, ўтган йиллари фермер хўжаликлари фосфорли ва калийли ўғитлар билан етарли даражада таъминланмаган. Бу эса пахта ҳосили ва толанинг технологик сифат кўрсаткичларини пасайишига олиб келади.

 Республикамиз минтақаларида жойлашган Агрокимё станцияларининг тупроқ агрокимёвий текшириш натижалари асосида олинган маълумотларига кўра, алмашинувчи калий билан умумий майдоннинг 27,5 фоизи энг кам ва кам (0–200 мг/кг), 32,5 фоизи ўрта (201–300 мг/кг) ва 40 фоизи (301–400> 401 мг/кг) юқори даражада таъминланган. Қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун республикамизнинг 60 фоиз майдонларида калийли ўғитларни талаб даражасида қўлланилишига эътиборни кучайтириш лозим.

 Тупроқда табиий калий кам бўлган майдонларда гектарига соф ҳолда 100–120 кг. дан калий бериш тавсия қилинган. Бунда албатта тупроқдаги алмашинадиган калий захираларини ҳисобга олган ҳолда агрокимёвий картограммалар асосида берилса мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳар гектарига 120–150 килограммдан калийли ўғит солинса, ғўза тупидаги кўсакларнинг вазни 1,6–1,9 граммга ортади. Тупроқ таркибидаги калий сувда деярли эримайдиган алюмосиликатлар ва осон эрийдиган оддий тузлар бирикмаси шаклида ҳамда сингдирилган ҳолда учрайди. Умуман олганда, тупроқдаги калийнинг асосий манбаи калий минераллари бўлиб, республикамизнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида 1 фоиздан 3 фоизгача миқдорда бўлади.

 Ўсимликларнинг калий билан таъминланганлик даражасини билиш учун унинг тупроқдаги умумий миқдорини аниқлаш етарли бўлмайди, чунки тупроқдаги калий сувда эримайдиган ва ўсимликка фойдасиз шаклда бўлиши мумкин. Тупроқда калий алмашинувчи шаклга ўтгандагина сувда эрувчи бирикмага айланади. Алмашинувчи калий тупроқнинг барча қатламларида ҳам ўсимликлар учун фойдали ва уни ғўза илдизлари осон ўзлаштира олади. Ўғит сифатида тупроққа солинган калий ўсимликлар томонидан ўзлаштирилмаса у захира ҳолда ерда сақланиб тураверади.

 Калийнинг тупроқдаги умумий миқдори (барча тупроқлардаги) азот ва фосфор миқдорига нисбатан ҳар доим кўп бўлади. Калий оғир тупроқларда кўп, қумоқ ва қумлоқ тупроқларда кам бўлади. Бизнинг тупроқларимиздаги асосий калий ҳар хил минераллар таркибида бўлади, ғўза улардан фойдалана олмайди. Фақат минераллар шамолланиши натижасида озод бўлган калий алмашинувчи шаклга ўтгандагина сувда эрувчи бирикмага айланади. Алмашинувчи калийнинг тупроқдаги миқдори шу элементнинг ғўза учун етарли ёки етарли эмаслигини кўрсатади. Бўз ва ўтлоқ тупроқларни ҳайдов қатламида алмашинувчи калийнинг умумий миқдори ҳар гектар ерда 150 кг. дан 450 кг. гача бўлиши мумкин. Тупроқнинг бир метрлик чуқур қатламида эса унинг миқдори 2–3 маротаба кўпдир.

 Минералларнинг шамолланиши ва калийнинг ажралиб, озод бўлиб чиқиш жараёни бўз тупроқларда жуда секин боради. Юқори ҳосил олиш мўлжалланган пахта далаларининг тупроқларида алмашинувчи калий миқдори тобора камайиб, уни ўғит сифатида ерга солишни талаб қилмоқда. Азот ва фосфордан пахтачиликда кўп фойдаланилганда, албатта тупроққа калий берилиши керак. Фақат шу ҳолда ғўзанинг меъёрида ўсиб-ривожланиши таъминланади ҳамда мўл ҳосил олиш имконияти яратилади. Олимлар томонидан ўтказилган тажриба натижаларида аниқланишича, калий кам таъминланган майдонларга калий хлори берилганда пахта ҳосили гектарига 3 центнердан 6 центнергача ошган. Шунингдек, тадқиқотларда даладан ҳосил билан чиқиб кетадиган ғўза поя ва чаноқлар таркибида ҳам калий бўлиб, улар ўсимликдаги калий умумий миқдорини ярмидан кўп қисмини ташкил қилади.

 Далада қолган барглар, ғўза илдизлари ва бошқа қолдиқлар ўзлари билан бирга ўртача 30 фоиз миқдордаги калийни олиб қолади. Демак, даладан ҳосил билан мутлақо чиқиб кетадиган калий унинг умумий миқдоридан 70 фоизни ташкил қилади. Бу маълумотлардан хулоса қилиб шуни айтиш керакки, ғўзанинг бошқа ўсимликлардан фарқи тупроқдаги калий миқдорини жуда камайтирадиган экинлардан ҳисобланади. Узоқ вақт давомида шўрланган ерларда калийли ўғитни ишлатиш ижобий натижа бермайди, деган фикрлар бор эди. Лекин, ўтказилган тажрибаларда шўри сифатли ювилган экин майдонларида калийли ўғитлар ғўзанинг ўсиш ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатганлиги аниқланган.

 Калий ўғитларни ғўзага қайси муддатларда беришни аниқлаш масаласида ҳам жуда кўп тажрибалар ўтказилган. Тадқиқотларда шу нарса аниқ бўлдики, калийни ерга солиш муддати тупроқ шароити ва ўғит миқдорига (меъёрига) боғлиқдир. Республика вилоятларининг турли тупроқларида пахтадан юқори ҳосил олиш мақсадида калийли ўғитларнинг йиллик миқдорининг ярмини кузги шудгордан олдин, иккинчи ярмини эса ғўза шоналаган даврда, ғалла экинларида эса йиллик меъёрини экиш олдидан бериш яхши самара кўрсатиши аниқланган. Айниқса, ғўза қийғос гуллаган даврда калийга муҳтожлиги аниқ билинади.

 Ҳосил шаклланиш даврида калий етишмаса, ўсимликда модда алмашиниш жараёни ва хусусан ташқи конусларида кўсак ҳосил бўлиши бузилади, ўсимлик учун зарур бўлган органик бирикмалар жуда секин ўтади. Ўсимликлар ниҳоллик даврида калийни кўп ўзлаштирмаса ҳам, бу ўғитнинг тупроқда етарли бўлиши катта аҳамиятга эгадир. Ҳосил қанча кўп бўлса, ўсимликнинг калийга талаби шунча ортади. Бу ўсимликнинг ички органларига азотнинг ва бошқа озиқ элементларининг кўп шимилиши ва фойдаланиши, пластик моддаларнинг кўпайиши ва ҳаракатланиши билан изоҳланади.

 Кузги бошоқли дон экинларига калийли ўғитлар етарли миқдорда қўлланилмаса, ғалла ниҳолларининг совуққа ва касалликларга чидамлилик даражаси сусаяди ҳамда бошоқларни сут-мум пишиш даврида тўлиқ шаклланмасдан бошоқлардаги доннинг 20–30 фоизи пуч бўлиши оқибатида бу майдонларда 1000 дона доннинг оғирлиги 40–42 грамм ўрнига ўртача 30–35 граммни ташкил этиб, ҳосилдорлик 10–15 центнерга камайиши аниқланган. Ғўзани озиқлантиришда фосфорли ва калийли ўғитлар қўлланилмасдан фақат азот ўғитлари солинса, кўсакларнинг очилиши 15–20 кунга кечикиб, ҳосил сифати пасаяди, улар орасидаги нисбат N:Р:К (1:0,7:0,5) бузилса, экиннинг касалликка чидамлилиги сусаяди.

 Агар тупроқда калий кам бўлса, ўсимлик баргларида қанд ва крахмал кўп миқдорда тўпланиб кўсакка ўтмайди, барглардаги физиологик жараёнлар жуда секин боради ҳамда оқибатда ўсимлик тезда касалликка чалинади, хусусан вилт касаллиги кўпаяди , ғўзанинг баргларида кўнғир доғлар пайдо бўлиб, барглар секин-секин буралади, қурийди ва тўкилади, ғўза шохлари ва илдизи кўпроқ зарар кўради. Бундан ташқари чигитнинг ёғлилик даражасини камайишига кучли таъсир этиб, тола сифати, мустаҳкамлиги, етилиш коэффициенти, метрик кўрсаткичлари сезиларли даражада ёмонлашади, ўсимликнинг асосий пояси нозик бўлиб, ерга ётиб қолади ҳамда бир дона кўсак пахта вазни 0,5–1 граммга камаяди. Юқоридаги илмий маълумотлар ғўза ва ғалла экинларида азот ва фосфор билан биргаликда калийли ўғитларни тавсиялар асосида қўллаш зарурлигини тақозо этади. 


AGROBLOGER канали

Б. Тиллабеков, Б. Ниязалиев, Х. Каримов

dehqon.uz

Report Page