...

...

AGROBLOGER

Тупроқ таркибидаги ҳаво ўсимликларнинг ҳаёти учун катта аҳамиятга эга. Тупроқда ҳаво сув бўлмаган ҳамма тешикларни тўлдиради. Тупроқ ҳавосида карбонат ангидрид гази атмосферадагига нисбатан анча кўп, кислород эса, бир оз кам бўлади. Мевали дарахтларнинг яхши ўсиши ва ҳосил бериши учун тупроқ ҳамда тупроқ ости қатламлари сув ва ҳавони ўтказувчан бўлиши жуда муҳимдир. Тупроқ ости берч, лойқа, тош ва шағалли қатламлардан иборат бўлса, ўсимликлар ёмон ривожланади, баъзи ҳолларда улар нобуд бўлиши ҳам мумкин. Тупроқ остининг сув ўтказувчанлиги ёмон, шунингдек, ер ости сувлари юза жойлашганда тупроқ ботқоқланиши мумкин. Сув бундай тупроқ ва тупроқ остидан ҳавони сиқиб чиқаради ва ўсимликларнинг илдизлари аста-секин қурий бошлайди. Ўсимликлар суст ривожланади, совуққа, касалликларга чидамсиз бўлади. Ер ости сувлари юзага яқин бўлган ерларда мевали дарахтлар юқори томонидан қурийди ва нобуд бўлади. 

Тупроқ-ҳаво муҳити чуқур ҳайдаш ва тупроқни юмшатиш билан яхшиланади. Тупроқ ости қатлам енгил қумли ва тош-шағалли ерларда ҳам мевали ўсимликлар яхши ўсмайди. Чунки бундай тупроқлар сувни ўтказиб юборади, тез-тез суғоришни талаб этади, озиқ моддалар осон ювилиб кетади. Бундай ерларда томчилаб суғориш тизими, айниқса қўл келади. Мевали ўсимликларнинг яхши ўсишида тупроқ эритмаси реакцияси - pH катта аҳамиятга эга. Бу кальций ҳамда ўсимликлар учун зарарли ҳисобланган бир қатор тузлар – хлор, карбонат, сульфат тузларига боғлиқ. pH ҳар хил даражада бўлганда тупроқда физик - кимёвий жараёнлар турлича кечади ва шу туфайли мевали дарахтлар pH даражасига ҳар хил муносабатда бўлади. Тупроқ эритмаси реакциясига нисбатан мевали дарахтлар уч гуруҳга бўлинади. Резавор мевалилар учун нордон ва бироз нордон тупроқлар (pH 4,6–5,7); уруғ мевалилар (олма ва нок) учун бироз нордон ва нейтрал тупроқлар (pH 6,5–7) қулайдир.

Данак мевалилар, айниқса ўрик, уруғ мевалилардан беҳи учун кам ишқорли тупроқлар яхши ҳисобланади. Охакка бой бўлган тупроқларда темир етишмовчилигидан мева дарахтлари хлороз касаллигига учрайди. Тупроқ ишқорийлиги илдиздан дарахтларга борадиган озуқалар миқдорининг камайиши ёки кўпайишига таъсир кўрсатади. Ишқорийлик ўзгариши дарахт учун зарарли алюминий ва марганец миқдорини кўпайишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, ишқорийлик илдизларнинг ўсишига, азотни тупроқда айланишига ва микроорганизмлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Сув ишқорийлиги ph 6,5–7,5 бўлганда тупроқдаги фойдали элементларнинг энг кўп қисми дарахт ўзлаштира оладиган ҳолатга ўтади. Ишқорийлик дистилланган сув билан тупроқни аралаштирилиб аниқланади.


@AGROBLOGER канали

Report Page