...

...

AGROBLOGER

Қишлоқ хўжалиги экинлари қатори ғалла етиштиришда биринчи, иккинчи ёки учинчи даражали агротадбир деган гапнинг ўзи йўқ – барчаси бирдай муҳим. Шундай бўлса-да, ғалла уруғини экишнинг ўрни алоҳида.

Ер сифатсиз – серкесак ва қуруқ бўлса, уруғ бир текис экилмаса, белгиланган чуқурликка тушмаса, усти тупроқ билан яхши кўмилмаса тўлиқ униб чиқмайди, оптимал кўчат сонига, демакки, режалаштирилган ҳосилдорликка эришиб бўлмайди. Энг ёмони, сифатсиз экилган далага қайтадан уруғ экиб бўлмайди – вақт ўтиб кетган бўлади.

Шу боис ерларни экишга сифатли тайёрлаш, экиш ишларини оби-тобида ўтказиш, фермерлар ва механизаторларнинг муҳим вазифасидир.

Далаларни дон экишга тайёрлашда қуйидагиларга эътибор бериш зарур:

- ер энг камида 25–30 см чуқурликда текис ҳайдалган бўлиши лозим. Ғалла ўримидан кейин пешма-пеш шудгорланган ерларнинг тупроғи устида қолиб кетган сомон ва бегона ўт қолдиқлари тозалаб олинади;

- ҳайдов пайтида ҳосил бўлган турли чуқурлик ва дўнгликлар ГН-4 грейдер ёрдамида йўқотилади. Бутун даланинг юзаси эса орқасига борона уланган ВП-8 агрегатлари билан текисланади;

- ғўза қатор ораларига уруғ экиш режалаштирилган бўлса, энг аввало дала енгил суғорилади. Ер етилгандан кейин икки маротаба энг камида 15–18 см чуқурликда культивация қилинади. Бунда барча марза ва эгатлар сатҳи бўйича майин тупроқ ҳосил бўлишига, катта кесаклар кўчмаслигига эришиш керак;

- экишга тайёрланган далалар ишчи комиссиялар томонидан баҳоланади, сифатли деб топилса тегишли сертификат берилади;

- бундай далаларда дарҳол экишга киришилади.

Дискли дон экиш сеялкаларини экишга тайёрлаш ва ишлатиш тартиблари:

- дон экишда СЗ-3,6; СЗН-3,6; ДЕМ-3,6 ва шу хилдаги бошқа дискли дон экиш сеялкаларидан фойдаланилади;

- экиш ғалтакларининг новлари тоза ва силлиқ, қирралари бутун бўлиши, улар ҳаракат валига бир-биридан тенг масофаларга ўрнатилиши лозим;

- дискли сошниклар ўқларда енгил айланадиган, сиртлари қийшаймаган, тиғлари ўткир бўлиши керак;

- уруғ яшиги ва қувурларида ёриқ ва тешик бўлишига йўл қўйилмайди;

- 1 гектарга сарфланадиган уруғлик меъёри ер шароитига қараб, агроном ёки фермер хўжалигининг раҳбари томонидан белгиланади. Масалан, экиш меъёри гектарига 200 кг олинган ва экиш агрегатининг тезлиги соатига 3,6 километрни ташкил этса, агрегат 100 метр масофани ўтганда уруғ яшигидан 7,2 кг уруғ тушиши керак;

- дон экиш меъёри новли ғалтакларнинг уруғ яшиги ичига жойлашган қимининг узунлиги ва сеялка ғилдирагидан ғалтакларга ҳаракат узатиш нисбатини ўзгартириш орқали ростлангани маъқул. Ростлаш ричаги сеялка рамасига ўрнатилган рақамли шкала бўйлаб ён томонларга сурилганда экиш меъёри ўзгаради (бундай ростлашни МТП муҳандиси ёки агроном бажаради);

- сошникларнинг дон экиш чуқурлиги винтли механизм ёрдамида ўзгартирилади. Экиш чуқурлигини (4-8 см) танлашда тупроқнинг намлиги, таркиби, ер ости сувларининг жойлашиши ва об-ҳаво шароитлари ҳисобга олинади;

- барча сошниклар томонидан уруғни бир хил чуқурликка тушишига уларнинг штангаларидаги пружиналар таранглигини алоҳида-алоҳида ростлаш ва бир-бирига солиштириш орқали эришилади;

- уруғ сифатли экилиши учун сошник дискларининг орасида жойлашган пластинкалар уруғни эгатча тубига тўғри йўналтириши, орқадаги темир занжирлар эса уларни тупроқ билан кўмиб кетиши даркор.

Ғўза қатор ораларига дон экиш мосламаларини экишга тайёрлаш ва ишлатиш қуйидагича амалга оширилади:

- ғўза қатор ораларига дон экиш махсус КХУ-4 культиватори ёрдамида бажарилади. Бундай культиватор ўғит солиш ва уруғ сепиш аппаратлари, уруғни марза ва эгатлар бўйича бир текис тарқатувчи ва уни тупроқ билан кўмиб кетувчи мосламалар билан жиҳозланади;

- ўғит солиш аппарати культиваторнинг олдинги рамасига ўрнатилади. Ўғитнинг белгиланган чуқурликка тушиши ўғит сошнигининг ростлаш орқали таъминланади;

- уруғларни қатор ораларига бир текис сепиш учун уруғ тарқатиш мосламаси (пластинкаси)нинг сатҳига диаметри 3–4 см бўлган симлардан тароқсимон қобирғалар пайвандланади;

- уруғларни кўмиб кетиш мосламасининг эни қатор ораси кенглигидан 5 см кичик бўлган тишли борона шаклида тайёрланса, уруғ тупроқ билан тўла кўмилади.

Экиш агрегатларининг ҳар бир даладаги иш сифатига қуйидаги кўрсаткичлар ёрдамида баҳо берилади: донни кўмиш чуқурлигининг нотекислиги кўпи билан ±1 см; сошниклар орасидаги белгиланган масофанинг ўзгариши 1,5–2,0 см; ғалтак билан унинг ғилофи орасидаги тирқиш 0,1–0,2 см; ҳар бир пуштага экиладиган уруғ миқдорини ўзгариши кўпи билан 6%.

Агрегатнинг иш унумдорлиги ҳар сменадан сўнг механизатор томонидан техник қаровларни сифатли ўтказишига боғлиқ.

Техник қаровларда қуйидаги ишлар бажарилади:

- ишчи органларга ёпишган ифлосликлар, чанг ва бегона ўт қолдиқлари тозалаб олинади;

- редуктор, шиббаловчи каток, сошник, ғалла-ўғит яшиклари текширилиб, аниқланган носозликлар бартараф этилади;

- ғилдираклардаги ҳаво босими текширилади;

- гидросистемадан мой томчилаши ҳамда ҳаракат занжирларининг таранглиги кўздан кечирилади;

- ғилдираклар ва шиббаловчи катокларни енгил айланиши текширилади, деталлар мойланади, ишдан чиққан қисмлар алмаштирилади.

Фермерлар дон экиш ишларини маромига етказиб бажарсалар, мўл ҳосил учун пухта замин яратадилар.


 М.Тошболтаев, А.Қорахонов

agro.uz

AGROBLOGER канали

Report Page