...

...

AGROBLOGER

Бодом етиштириш

Ўзбекистонда бодомнинг юпқа пўчоқли, тўнғич, ялтинский ва туркменский светлўй навлари районлаштирилган.

Экиш. Тупроқ-иқлим шарюитига қараб бодомни экиш схемаси ҳам ҳар хил бўлади. Қуйида бодомнинг экиш схемалари келтирилган:

1. Суғориладиган ерларда— 8 x 8 м;

Бу ерларнинг жанубга қараган ёнбағирларида эса бодом 5 x 5 схемасида, эрта баҳорда ёки кузда горизонтал терассалар кенглиги 1,5—5 м гача бўлган ерларда экилади.

Суғорилмайдиган ерларда ёмғир сувларининг буғланишини камайтириш, шу тариқа сувнинг тупроқ шимилишини ошириш мақсадида бодом кўчатларининг атрофига бошқаўсимликларнинг қолдиқлари, похол ва сомондан мўлча қилиб ташланади.

Бундан ташқари бодом кўчатларининг атрофи мунтазам равишда юмшатилиб турилади.

Ўғитлаш. Мунтазам равишда бодомзорларга ҳосилдорликни ошириш мақсадида 2—3 йилда бир марта ҳар гектар ерга соф ҳолда азотдан 120 кг, фосфордан 90 кг ва 40—60 кг дан калий ўғити ҳамда 20—30 т дан чириган гўнг солинади.

Янги экилган бодом кўчатларининг илдиз олиш ва ўсишини фаоллаштириш учун ҳар бир кўчат атрофига 60—80 г дан аммофос ҳамда 4—6 кг дан органик ўғит қўлланиши яхши самараберади.

Маълумки тоғли ҳамда лалми ерларда ёғин сувлари тупроқдаги озуқа элементларини ювиб кетиши натижасида улар кучсизланиб қолади. Шунинг учун ҳам бундай ерларга экилганбодом кўчатларини ўз вақтида органик ва маъдан ўғитлар билан озиқлантириб туриш зарур.

Бодом кўчатлари секин ўсаётган боғлар тўлиқ ҳосилга киргунга қадар ҳар бир кв м га соф азотдан 6—8 г дан, фосфордан 3—4 г дан, калийдан 2—3 г дан ҳамда 4—5 г дан органик ўғитсолиш тавсия этилади.

Парвариш қилиш. Ёш боғларни 6 мартадан 8 мартагача суғорилади. Шағалли ва қумоқ тупроқли ерлар эса бир мунча кўпроқ суғорилади. Июл ва август ойларида ҳарорат жуда баланд, тупроқ ва ҳаво намлиги анча паст бўлганлиги сабабли бодом кўчатларини икки мартадан, апрель, май ва июнь, сентябрь ойларида эса 1 мартадан суғорилади.

Ҳар бир суғоришдан сўнг бодом кўчатларини атрофи ўтоқ қилинади ҳамда ер юмшатилади.

Ҳар бир ёғингарчиликдан сўнг лалми ерлардаги намликни сақлаш мақсадида бодом экилган боғлардаги ер юмшатилади.

Баҳор ва куз мавсумларида бодом кўчатларининг атрофи чопилади. Бодом кўчатлари ҳосилга киргач боғларни суғориш 3—4 мартагача камайтирилади.

Ҳосилни йиғиш. Бодом ёнғоғини йиғиб-териб олиш даври унинг навларини пишиб етилиш муддатлари билан боғлиқ. Мева қобиғининг ёрилиши мевасининг пишиб етилганлигидандалолат беради. Бодом мевасини дарахт тагига олдиндан тўшалган қанорга дарахт шохларини енгил силкитиб йиғиб-териб олинади. Мева қобиғидан бодом ёнғоғи дарҳол ажратиб олинади ва 5—6 см қалинликда ёйилади ҳамда соя жойда шамоллатиб 8—10 кун давомида қуритилади. Қуритилган бодом ёнғоғи ёғоч тахтали яшикларга жойланади ва қуруқ шамоллатиладиган хонада 2 йилгача сақланади.

Пистанинг ватани Марказий Осиё ҳисобланади. Ўзбекистонда табиий ҳолатда деяр­ли барча тоғ тизмаларида учрайди. Сурхондарё вилоятининг Боботоғ тизмасида эса асосий ўрмон ташкил этувчи ўсимлик ҳисобланади. Атмосфера ёғинлари 300 мм бўлган (ёки ёз ойлари жазирамасида умуман бўлмаган), шунингдек, ёз ва қиш ойларида ҳаво +46 даражадан –40 даражагача ўзгарган экстремал шароитда ўсиш-ривожланиш ва мева беришда унинг бодомдан бошқа рақиби йўқ ҳисоб. 1000 ёшгача мева беради. Хандон писта юқори диетик маҳсулот бўлиб, мағизида 49% дан 60% гача мой, 15-20% оқсил, 3-8% қанд ва бошқа микроэлементлар мавжуд. Меваси нафақат ички, балки жаҳон бозорида ҳам юқори баҳоланади.

Ёввойи пистанинг мевалари жуда лаззатли ва майда бўлади. Селекционерлар саъй-ҳаракати билан пистанинг йирик мевали навлари яратилган. Меванинг ушбу фойдали хусусиятлари куртак пайванд орқали бошқа ўсимликларда мустаҳкамланишига эришилган ва уларнинг айримлари нав сифатида эътироф этилган. Шундай куртак пайванд усули билан пистани барча ерда етиштириш мумкин.

Тоғ бағридаги лалми ерларда баъзи фермерлар нав­дор писталарнинг саноат плантацияларини яратишмоқда. Бу узоққа мўлжалланган тадбир бўлиб, нафақат фермер фаровонлиги, балки ернинг ўзи учун ҳам жуда фойдалидир. Бу тадбирнинг оммавийлашмаётганлигининг сабаби, пистанинг, айниқса, биринчи йилларда, секин ривожланишидир. Новдасини куртак пайванд қилишга ярайдиган ҳолатга келтириш учун уни камида уч йил парваришлаш керак.

Ушбу жараённи томорқаларда суғориш йўли билан тезлаштириш мумкин. Бу борада муваффақиятга эришиш учун пистанинг ўзига хос хусусиятларини билиш зарур.

Биринчидан, тупроқ шўрланмаган, ер ости сувлари камида уч метр пастда жойлашган бўлиши лозим.

Учинчидан, писта икки уйли, яъни, унинг эркак ва она навлари бўлади. Буни олдиндан аниқлаш зарур, чунки эркак навлар ҳосил бермайди, бироқ она нав­лар ҳам уларсиз мева тугмайди.

Агар сиз ўз томорқангизда писта етиштирмоқчи бўлсангиз, бунга куз кунларида тайёргарликни бошлашингиз лозим.

майдон талабга жавоб берадими, шўр эмасми, ер ости сувлари чуқур жойлашганми;

ерга ҳеч нарса соя солмайдими, бошқа дарахтлар ўсмайдими, баланд уй ва деворлар йўқми;

олдиндан экин майдонига 4х4 м дан кам бўлмаган оралиқда қанча кўчат экиш мумкинлигини аниқлаш зарур. Пистани бир-бирига яқин экманг, чунки у кўчириб экилишни ёқтирмайди. Шунинг учун уни муқим бир жойга экиш керак;

эркак навларни қаерга экишни ўйлаб кўринг. Бунда ҳар бир ўн она навга биттадан эркак нав тўғри келишини инобатга олинг. Агар сиз шабада доимо қаердан эсишини билсангиз эркак навларни айнан ўша томонга экинг;

айнан бугунги кунда сиз қайси усул билан писта кўчатини экмоқчи эканлигингизни ўйлаб кўришингиз керак. Яъни, уруғ сепиш йўли биланми ёки кўчат экиш орқалими? Одатда писталар муқим бир жойда уруғ сепиш орқали ўстирилади.

Тажрибали боғбон уруғларнинг униш даражаси ва сифатини олдиндан ҳисоблаб чиқади. Бу унчалик мураккаб бўлмаган, лекин айрим қўшимча билимни талаб этадиган иш. Авваламбор кўз билан бўлса-да, пис­та мағизлари ҳолатини баҳолаш зарур. Бунинг учун пистани ёриб мағизи эҳтиёткорлик билан олинади ва ҳашаротлар билан зарарланган зарарланмаганлиги, касаллик тушган тушмаганлиги кўрилади.

Чуқурчаларнинг ҳар бирига камида бештадан уруғ экиш тавсия этилади. Агар зарарланган уруғлар кўп бўлса кўпроқ уруғ экилади. Олдиндан илдизлаган уруғни экиш лозим. Бу ишлар қишда ёки эрта баҳорда амалга оширилади.

Олимларимиз томонидан писта кўчатларини экишнинг янги услублари, яъни илдизлари билан кичик ҳажмдаги контейнерларга экиш усули жорий этилмоқда. Бу усулдан фойдаланганда ҳар бир чуқурчага биттадан кўчат экилади.

Бир сўз билан айтганда, агар сиз кўчатини экмоқчи бўлсангиз, экин майдонингизни баҳолашингиз, унга қанча кўчат экилиши мумкинлигини аниқлашингиз, кўчати ёки уруғини экиш усулидан фойдаланиш ҳақида бир тўхтамга келишингиз, мутахассислар маслаҳатини олишингиз зарур.

Халқимизда «Бир туп ёнғоқ эксанг, ҳосилидан етти авлодинг баҳраманд бўлади», деган гап бор. Бу бежиз эмас. Ёнғоқ дарахти 300-400-йил яшаб, ҳосил бергани боис ундан бир неча авлод бемалол баҳраманд бўлади.

Ёнғоқдан узоқ йиллар давомида 250-300, ҳатто 500 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Қолаверса, бу унчалик кўп меҳнат ва харажат талаб қилмайди. Шундай экан, икки-уч туп ёнғоғи бор оила бир йилда қанча даромад олишини ҳисоблаш қийин эмас.

– Қишлоғимизда ёнғоқ дарахти йўқ хонадонни топиш қийин, –дейди Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшовчи Ҳамид Раҳимов. – Ёнғоқ дарахти ер танламайди, тоғда ҳам, даштда ҳам ўсаверади. Ҳовлимизда беш туп ёнғоқ ўсаяпти. Ҳар йили уларнинг ҳар биридан 3-4 қопдан ҳосил йиғиштириб, яхшигина даромад олаяпмиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятларга ташрифи чоғида хонадонларда бўлиб, лимон, ёнғоқ, анор, бодринг каби сердаромад дарахт ва экинлар экиш зарурлигини алоҳида таъкидламоқда. Ана шундай эътибор самарасида юртимизнинг тоғли ҳудудларида 30 минг гектар ёнғоқзор барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

– Ўстириб кўпайтирилган кўчатлар асосида ёнғоқзор ташкил этилса ҳам тоза навли боғ бўлиб шаклланади, – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Равшан Абдуллаев. – Ёнғоқни мамлакатимиз тоғ ва тоғолди ҳудудларида, дарё-сойлар бўйида, қир-адирлар ҳамда текисликларда, аҳоли томорқаларида етиштириш мумкин. Ёнғоқ намгарчиликка талабчан, қуёшсевар ва иссиқсевар дарахт. Парваришлаш қийин эмас. Мисол учун, ёнғоқнинг “Чантлер” навининг меваси йирик, пўчоғи юпқа ва мағзи оқ бўлиб, бозор талабига тўла жавоб беради. Бу навли ёнғоқ тоғли ҳудудларга 8х4 метр ўлчамда экилади. Шунда гектарига 200 туп жойлашади. Икки йиллик кўчат экилгач, у уч йилдан сўнг ҳосилга киради. 8-йиллик ёнғоқ ўртача 40 килограмм ҳосил беради. Шунда 1 гектар майдондаги ёнғоқзордан 8 тонна ҳосил олиш имконияти яратилади. Агар ёнғоқнинг нархи ўртача 10 минг сўм эканини инобатга олсак, шу пайтгача фойдаланилмаган тоғолди ҳудуддаги 1 гектар майдондан 80 миллион сўм даромад олинади деганидир. 15-20 ёшли бир туп дарахт 180-200 килограммгача ҳосил беради.

Ёнғоқ дарахти – кони фойда. Ёғочи мебелсозлик саноати учун қимматбаҳо хомашё бўлса, баргидан тортиб мевасигача шифобахш хусусиятга эга. Халқ табобатида ёнғоқнинг барглари, гуллари, мева ғўраси, пўстлоғи, пўчоғи, мағзининг пўстлоғи ва мойидан кенг фойдаланилади. Масалан, ёнғоқ ғўраси камқонликда наф берса, ундан тайёрланган мураббо гипертония, қандли диабетни даволашда яхши самара беради. Баргларидан тайёрланган дамлама меъда яраси, атеросклероз, шунингдек, йирингли яраларга тавсия қилинади. Баргининг қайнатмаси соч тўкилишининг олдини олиб, ўсишини тезлаштиради.

Шундай экан, ёнғоқ экинг, асло касал бўлмайсиз. Бу фикримизни буюк табиб Абу Али ибн Сино асарлари ҳам тасдиқлайди. Мисол учун, ёнғоқ япроғи шираси илиқ ҳолда қулоққа томизилса, йиринглашнинг олди олинади. Қобиғининг қуюлтирилган шираси томоқ оғриғини босиб, йўталга малҳам бўлади. Қовурилгани киндик устига қўйилса, ичак оғриқларини босиб, ич кетишини тўхтатади. Ёнғоқ мағзи, айниқса, жуда фойдали. Унинг таркибидаги темир, фосфор, мис, серотин моддалари, мой ва оқсил таом ҳазмини яхшилайди, қувватни ошириб, асаб тизими фаолиятини меъёрлаштиради.

Мутахассисларнинг маълум қилишларича, мамлакатимизда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш учун Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон туманлари, Фарғона водийси ва Жиззах вилоятининг тоғолди минтақалари, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий ва Қашқадарё вилоятларининг тоғли минтақалари истиқболли ҳисобланади.

Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд филиалида 2 гектар майдонда ёнғоқ кўчати етиштириш учун ҳозирлик кўрилмоқда. Келгуси йилда Ургут туманининг 4,5 минг гектар тоғолди ва дашт ҳудудига ёнғоқ экилади. Шу кунларда махсус дастур асосида нафақат ушбу ер майдонлари, балки туманда ёнғоқдан ташқари бодом, ток, унаби каби экинларни экишга мўлжалланган 10 минг 200 гектар ва Жомбой туманининг 300 гектар тоғолди ҳудудидаги майдонлар ҳам боғлар ташкил этиш учун ўзлаштирилмоқда.

Мазкур институтнинг Бўстонлиқ тоғ илмий-тажриба станциясида ҳам ёнғоқ бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бунда табиий танлаш йўли билан ёнғоқнинг юқори, барқарор ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга ҳамда муҳитнинг стресс омилларига чидамлилиги билан ажралиб турувчи, лалми, тоғ ва тоғолди шароитларида саноат асосида етиштириш учун юқори хўжалик сифатларига эга бўлган истиқболли маҳаллий турлари аниқланмоқда.

– Тажриба станциямизнинг коллекцион кўчатзорида ёнғоқнинг 29 нави мавжуд бўлиб, маҳаллий ва интродуксия қилинган навларнинг хўжалик-биологик хусусиятлари ўрганилиб, истиқболли навлар ажратилди, – дейди Бўстонлиқ тоғ илмий-тажриба станцияси директори Каримжон Абдуллаев. – Сунъий дурагайлаш ва табиий танлаш услубида тоғ-тоғолди минтақасидаги ёввойи ва маданий ёнғоқзорлар орасидан ёнғоқнинг юзлаб қимматли дурагай ва бошқа турлари орасидан тўртта нав раёнлаштирилди.

Шу ўринда хорижий давлатлардан олиб келинаётган ёнғоқ кўчатлари бизнинг тупроқ-иқлим шароитимизга мос келадими-йўқми, деган савол кўпчилик учун қизиқарли бўлиши табиий. Бу борада олимларимиз юртимиз шароитига мос ёнғоқ турларини пайвандтаг орқали кўпайтириш муҳимлигини, бундай кўчатлар яхши ўсишини қайд этишмоқда. Пайвандтагларга четдан олиб келинган ва юртимизда ўсадиган аъло даражадаги навлар ва дурагайларни пайванд қилиб, тоза навли боғлар барпо қилиш иқтисодий жиҳатдан янада самаралидир.


@AGROBLOGER канали

agrokun.uz

Report Page