...

...

AGROBLOGER

Наъматак плантацияларида экиш учун ажратилган кўчатлар стандарт талабларга жавоб бериши зарур. Бунинг учун истиқболли серҳосил, йирик мевали ва сервитамин наъматак турларидан фойдаланиш зарур. Плантацияларда ўтказиладиган барча агротехник чора-тадбирлар экилган кўчатларнинг мевасида С витамини миқдорини оширишга қаратилади.

Наъматак кўчатларини плантацияларда экиш схемалари қуйидагича 80 гача қияликда ялпи шудгорланган майдонларда 4х2 м (суғориш имконияти йўқ ерларда) ва 4х3 м (суғориладиган ерларда). Бунда 4 м қаторлар орасидаги масофа, 2 ёки 3 м қатордаги кўчатлар орасидаги масофа.

Қиялиги 150 гача бўлган ҳайдалма террасаларда 3х2 м схемаларда ҳам экилади. Фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги экинларини чорва молларидан ҳимоялаш мақсадида яшил деворлар барпо этиш учун далалар чеккаларида ариқча олинади ва улар чеккаларига орасидаги масофа 0,7-1 метр қолдирилиб кўчатлар экилади.

Кўчатлар олдиндан 40х40х50 см ўлчамда ковлаб қўйилган чуқурларга экилади. Кўчатларнинг илдизлари экишдан аввал махсус органик ўғит, ёғоч кўмир, ўстирувчи стимуляторлар ва сувдан иборат яхшилаб аралаштирилган бўтқага ботириб олиб кейин экилса, экилган кўчатларнинг тутиб кетиши юқори бўлади.

Биринчи вегетация даврида 6-8 та, иккинчи ва кейинги йилларда 4-6 та суғориш амалга оширилади. Суғориш меъёри 600 м3/га тенг. Суғорилгандан кейин ер етилгач қаторлар орасидаги ўсимликларга ишлов

берилади. Бунда тупроқ юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Битта кўчатга 2 кг ёки 2.5т/га миқдорида экилган кўчатлар атрофи намлик сақлаш мақсадида ёғоч қипиғи билан мулчаланади. Парваришлаш даврида минерал ўғитлар солиш наъматакларнинг ҳосилга кириш вақтини тезлаштиради ва ҳосилдорлигини оширади.

Наъматакзорлар қатор оралари ёзда қора шудгор усулида сақланади. Бу тадбир бегона ўтларни ривожланишига йўл қўймайди ва кўчатлар ўсиб ривожланиши учун яхши шароитларни юзага келтиради. Қатор ораларига культиваторлар, бороналар ёки фрезалар ёрдамида ишлов берилади. Вегетация даврида 4-6 марта қаторлараро ишловлар берилади. Улар бегона ўтлар ўсишига қараб ўтказилади. Қаторлар ораси 8-10 см чуқурликка, қатордаги кўчатлар атрофи 4-6 см чуқурликгача, яъни горизонтал илдизларга зарар келтирмаган ҳолатда юмшатилади. 2-3 йилдан сўнг экилган кўчатлар тез ўсиб ривожланади, тупроқдаги озиқ моддаларни тез ўзлаштиради.

Вегетация даврининг биринчи ярмида ўсимлик ўсиши, ривожланиши, гуллаши ва мева тугиши учун кўп озиқ моддалар сарф этилади. Вегетациянинг иккинчи ярмида асосий озиқ моддалар мева ва унинг биокимёвий таркибини шаклланиши учун сарфланади. Бу даврда келгуси йил учун гул куртаклари ҳам шаклланади, шу сабабли фосфор ва калийга талаб ортади. Азот ёзнинг биринчи ярмида, фосфор ва калий ёзнинг иккинчи ярмида берилади. Ҳар 3-4 йилда наъматакзорларга 30-45 т га миқдорида органик ўғитлар солинади. Ўғитлар солингандан сўнг кўчатлар албатта суғорилади.

Агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилган тақдирда наъматак кўчатлари 3-йили тўлиқ ҳосилга киради. Буталарининг кесиб шакл бериш, ёшартириб туриш, наъматакзорлар маҳсулдорлигини сезиларли даражада оширади. Мева таркибидаги витаминлар миқдорини оширишга буталар шохларини буташ, минерал ўғитлар солиш, бегона ўтлардан тозалаш ва кўчатлар озиқланиш майдонини кенгайтириш каби агротехник тадбирлар яхши самара беради. Наъматак ўсимлигининг қимматли биологик хусусиятларидан бири - тезкор регенерация бўлишидир. Наъматак шохлари бутанинг тиним даврида кесилса (куз-эрта баҳорда) улар ўсимлик учун зарарсиз бўлади. Бу пайтда пластик моддалар ўсимликлар илдиз системасида сақланиб, новдалар кесилгандан сўнг улар ёш новдаларни кўплаб ўсишини таъминлайди.

Наъматак бутаси шохлари икки хил усулда кесилади-шакл бериш ва мева берувчи шохларни шакллантириш. Экилган кўчатлар биринчи йили илдиз системасини шакллантиради. Иккинчи йили баҳорда буталардаги ортиқча ва нимжон новдалар кесилади, кучли ривожланган ва тик ўсган 2-3 та новдалар қолдирилади, учинчи йили яна ривожланишдан қолган нимжон ва касалланган новдалар кесиб ташланади ва соғлом 4-6 та новдалар қолдирилади. Яхши шакллантирилган наъматак бутаси 4-5 йили 18-20 та турли ёшдаги шохларга ва бир йиллик новдаларга эга бўлиши керак.

Наъматак бутасидаги энг маҳсулдор мева берувчи новдалар 3-5 ёшли новдалар ҳисобланади. Наъматак бутасини ”ёшартириш” 10-12 йили ўтказилади, яъни бута ер сатҳидан10-15 см баландликда барча новдалари буткул кесиб ташланади. Бундай буталар 2-3 йилдан сўнг яна тўлиқ ҳосилдорлигини тиклаб олади. Буталарни тўғри кесиш уларнинг ҳосилдорлигини 20-38% га оширади С, Р витаминлар чиқиши 22-40% га орттиради ва плантацияларни эксплуатация қилиш даврини 30 йилгача узайтиради.

Зараркунандаларга қарши курашиш. Кейинги йилларда наъматакзорларни зараркунандалар билан зарарланиши кўпайди. Зараркунандаларни орасида энг хавфлиси Майер ёнғоқясари (Орехотворка Майера-Rhodites Mayri Schleht.) бўлиб, наъматакнинг бир йиллик новдаларини зарарлаб галлалар (ёнғоқсимон ҳосилалар) ҳосил бўлишига сабабчи бўладилар. Уларда зараркунанда личинкалари яшайдилар ва қишлайдилар. Ушбу зараркунандага қарши қуйидаги экологик соф ва арзон курашиш чорасини қўллаш тавсия этилади: кеч кузда ёки қиш мавсумида наъматак плантациясида ва унинг атрофидаги 500 метр масофада ўсиб турган барча буталардаги галлалар кесиб йиғиб олинади ва ёқиб юборилади.

Ҳосилни йиғиш. Наъматак мевалари тўлиқ қизил рангга кириб технологик етилган даврда, сентябр ойи бошларидан бошлаб терилади. Наъматак плантацияси агротехник тадбирларга тўлиқ риоя этган ҳолда парваришланса ҳар бир бутадан ўртача 2,5-3 кг дан ёки 41,61 ц/га ҳосил йиғиб олиш мумкин. Бу гектаридан 25-30 кг табиий С витамини йиғиб олиш имконини беради. Меваларни пишиб ўтиб кетишига йўл қўймаслик керак, пишиб ўтиб кетган меваларнинг мева эти юмшаб қолади ва товарлилик хусусиятлари пасайиб кетади. Терилган мевалар махсус ажратилган шамоллаб турувчи соя жойларда қуритилади. Қуритилган мевалар ГОСТ 1994-76 “Плоды шиповника” талабларига жавоб бериши лозим.


@AGROBLOGER канали

Бердиев Э.Т. 

dehqon.uz

Report Page