...

...

AGROBLOGER

Фермерлик — аслида шарафли, ҳатто улуғвор касб. Дунёнинг кўплаб бурчакларида одамлар «фермер» сўзини эшитганда этик, катакли кўйлак ва ковбойча шляпа кийган, ўз ерида бир ёки бир неча хил қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирадиган, энг асосийси – мағрур, қаддини тик тутган, ўз қадрини биладиган инсонни кўз олдига келтиради. Мағрур фермернинг сиймоси ҳатто киноиндустриянинг бир йўналиши учун асос қилиб олинган!

Кўплаб жамиятларда фермер — эъзозланадиган, ҳурматланадиган ҳур инсон бўлиб, айнан унинг ҳуррияти, яъни ҳеч ким унинг ишига аралашолмаслиги қишлоқ хўжалиги соҳасининг муваффақияти гарови деб билинади.

Бизда-чи?

Ўзбек фермерининг жамловчи суратини чизадиган бўлсак, қандай қиёфа ҳосил бўлади? Биздаги фермерчилик манзарасининг асосий чизгилари нима? Эрк, ҳуррият бу манзаранинг асосий чизгиларидан бирими?

Бу саволга жавоб бермоқни ният қилиб юргандим, «қаҳрамон»нинг ўзи мени излаб, олдимга келиб қолди.

Абдувоҳид Қурбонов — Денов тумани ҳудудида яқиндагина, икки йилча аввал фермерликни бошлаб, аммо бу орада ушбу фаолиятини тугатишга ҳам улгурган тадбиркор. Унинг ҳикояси асосида бирор-бир режиссёр фильм оладиган бўлганда, бу фильм томошабинни йиғи аралаш кулдирадиган трагекомедия жанрида бўлар эди.

Балки унинг икки йиллик «фермерлик амалиёти» соҳадаги мавжуд ҳолатнинг барча қирраларини ўзида жамламас, бироқ у ҳолат қай даражада мантиққа зид эканини кўрсатиб беришга қодир, деб ўйлайман.

***

Абдувоҳиднинг ҳикоясини тинглаймиз.

— Тадбиркор эдим. Тошкент бозорларидан бирида мева-сабзавот сотардим. Мамлакатимизда тадбиркорликка кенг имконият яратиш бўйича бошланган ислоҳотлардан руҳланиб, фаолиятимни кенгайтиришга, қирраларини бойитишга қарор қилдим.

Қарасам, она шаҳрим Деновда ҳам қилинадиган ишлар кўп экан. Масалан, деҳқонларни сифатли картошка уруғи билан таъминлаш соҳаси ачинарли аҳволда экан. Деҳқонлар картошка етиштиришмоқчи бўлиб, уруғ сотиб олмоқчи бўлишса, савдогарлар уларга фалон нав деб, бошқа навни пуллашар экан... Денов деҳқонлари эса билмасдан бу уруғларни сотиб олаётганларининг, бунда ҳеч қандай жавобгарлик кўзда тутилмаслигининг гувоҳи бўлдим.

Шунда менинг тиниб-тинчимас миямга бир фикр келди: «Денов ҳудудида озроқ ер олиб, чет элдан келадиган уруғларни ўз еримда синаб кўриб, Денов деҳқонларини яхши уруғлар билан таъминлайман, бу билан Денов ва унинг атрофидаги деҳқонларнинг ишончини қозонаман, ўзим ҳам фойда кўраман, деҳқонлар ҳам уруғ танлашда адашмайди», деган режа туздим. Аммо бу фақат режаларимдан бири эди, холос.

Фермерчилик қилишдан ташқари, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бир талай режаларимни секин-асталик билан бўлса-да амалга ошириш учун хусусий корхона ҳам тузишни режа қилдим. Туздим ҳам.

Ер сўраб ўша пайтдаги Денов тумани ҳокими У.Қосимовга мурожаат этдим. 2018 йил февраль ойида менга пахтачилик, ғаллачилик, сабзавотчилик билан шуғулланиш учун 15 гектар ер ажратилди. «Агро-Нур-Денов» фермер хўжалигини ташкил қилдим. 7 гектар картошка, 5 гектар пахта, 3 гектар қалампир экдим.

Саргузаштларим шундан сўнг бошланади...

Аввало, эътиборимни тортган бир жиҳат ҳақида айтай: пахта етиштириш учун кластер ва фермер хўжалиги ўртасида шартнома тузиш жараёни қизиқ кечар экан — фермерлар етиштирилиши керак бўлган пахта, буғдой, пилланинг ҳажми кўрсатилмаган шартнома қоғозларига имзо чекишар, рақамлар эса кейин «пайдо бўлар» экан...

Экинларни суғориш учун сув танқислигига дуч келдим. Бу муаммодан қутулиш учун ўз ҳисобимдан 30 миллион сўм пул сарфлаб, 40 метр чуқурликдан сув чиқардим. Нима қилай, режаларим катта, ниятларим уфққа қараб чўзилган эди-да...

Бундан ташқари, менга ажратилган ер майдони ёнидан ўтган 300 метр узунликдаги зовурни кавлаб, у ерга балиқ чавақларини ташладим. Бунга ҳам ўз ҳисобимдан 15 миллион сўм сарфладим.

Уринишларимдан хабар топди шекилли, Денов тумани ҳокими У.Қосимов менга яна 30,5 гектар туман захирасидаги ерни қўшиб берди. Мазкур ер майдонининг 18 гектари оғир аҳволдаги пахта билан банд эди. Аммо мен йўқ демадим — эплаб кетишимга ишонар эдим. Кейин, ҳоким айтиб турганда фермер «йўқ» дейиши унча яхши иш ҳисобланмас экан.

Натижада, ўзим етиштирган 5 гектар пахта режасини 100 фоиз бажарган бўлсам-да, менга қўшиб берилган майдон билан бирга ҳисоблаганда, пахта режасини 50 фоизга бажардим, холос.

Кейин Вазирлар Маҳкамасининг 14-сон қарори чиқди (2019 йил 9 январда). Бу қарорга асосан ерлар оптималлаштиришга учраши керак бўлди. Денов туманига янги ҳоким бўлган Б.Ибатов йиғилиш ўтказиб, фаолиятини яхши йўлга қўйган фермерларнинг ери кенгайтирилишини, ёмон иш кўрсатган фермерларнинг ерлари олиб қўйилишини айтди. Барча фермерларга «ерини топшириши» ҳақида ариза ёзиш кераклиги айтилди. Зеро, фермер хўжаликлари қайтадан тузилиши кўзда тутилган эди. «Мени еримни олиб қўйишмайди, ахир, яхши ишлар қиляпман» деб ўйладим. Чучварани хом санаган эканман...

Бир ойча ўтиб менга тегишли ер майдонлар ўзга бир фермерга ўтганини билдим.

Туман ҳокими қабулига кириб, адолатсизлик бўлганини, ерга анча меҳнатим ва шахсий маблағим сингиганини, яхши ният қилиб ўз ҳисобимдан артезиан қазганимни, балиқ боқиш учун ҳовуз барпо этганимни, қолаверса, 15 гектар ерга буғдой экиб қўйганимни, 20 гектар ерни ўз ҳамёнимдан шудгор қилиб қўйганимни айтдим. Ҳоким: «Сиз шошилмай туринг, ғалла ўрилгандан сўнг, ерингиз қайтариб берилади», деб мени хотиржам қилиб қайтариб юборди.

Ғалла ўрилди, аммо ерим менга қайтариб берилмади. Ҳоким қабулига кирмоқчи бўлиб, остонасида сарғайдим, аммо киролмадим. Ерларимнинг янги эгаси менга: «Ошна, кел ерни биргаликда ишлатамиз, кейинроқ барибир ерингни ўзингга беришади», деди. Кўндим. Елиб югурдим. Зеро ҳоким буванинг гаплари қулоғимда жаранглаб турарди: «Сиз шошилмай туринг... Ерингиз қайтариб берилади».

2019 йил 10 декабрь куни туман ҳокимининг оғзаки топшириғига асосан аввалги ерларим, унга қўшиб 28 гектар, жами 74,5 гектар ер менга берилди. «Ана, адолат қарор топибди-ку!» дейсиз албатта. Шошилманг, давомини эшитинг.

Аввало шуни айтишим керакки, ернинг 15 гектарига бошқа бир фермер («Абдуҳаким Чориев» номли ф/х) томонидан буғдой экиб қўйилган экан. 20,5 гектар ерга шахсий маблағимни сарфлаб, шартномага асосан қўшимча буғдой экдим. Буғдой экилган майдон жами 35,5 гектар бўлди. 39 гектар ер майдони эса пахта экиш учун мўлжалланган эди. Аммо пахтага мўлжалланган майдоннинг 3 гектарига аввалги фермер пиёз эктириб қўйган экан. Тирикчилик...

Пахта етиштириш учун мўлжалланган ернинг 36 гектарини ўз ҳисобимдан шудгор қилдим. 2020 йил 30 январга келибгина қарор чиқди — ер расман номимга ўтди, «Агро-Тараққиёт-Сурхон» номли ф/х ташкил қилинди.

2020 йил 5 феврал куни мен ва кластер ўртамизда шартнома тузилди. Рақамлар қўйилмаган шартномага қўл қўйдим, муҳр босдим...

Шу ерда мени ичингиздан сўкаётган бўлишингиз керак: «Ҳой, аҳмоқ, нега рақамлар қўйилмаган шартномага имзо чекасан», деб. Бироқ, сизга шуни айтишим керакки, сиз фақат мени эмас, кўплаб бошқа фермерларни ҳам сўкяпсиз — деярли барча фермер шунақа қилади.

Гап шундаки, «ақллилик қиладиган» фермерлар раҳбарларнинг шахсий «қора рўйхатига» тушиб қолиши мумкин. Бунинг оқибати эса фермер учун ёмон бўлади, фермерлар шундан қўрқишади. «Бу тажрибадан ўтган амалиёт» деб тушунтиришди менга тажрибали фермерлар.

Аммо бу ҳаммаси эмас...

Шартномага имзо чекилгандан кейин менга «фалон фермернинг (ернинг аввалги эгасининг) 60 миллион сўм қарзини эгнингга оласан» деб қолишди. Буни менга кластер бухгалтери айтди. Ҳокимга учрашганимда у ҳам тасдиқлади. Кейин билсам, бу оддий ҳол экан — кимдир «фермер» бўлволиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ажратиладиган кредитларни «еб қўяр», кейин ер ундан олиб қўйилиб, қарзи билан қўшиб бошқа, янги фермерга беришар экан.

Аввалига рози бўлмай юрдим. Кейин эса «гўрга, ерлик бўляпман-ку, режаларим амалга ошяпти-ку» деб, кўндим бунга ҳам — уч томонлама (икки фермер ва кластер ўртасида) шартномага асосан, мен бировнинг қарзини бўйнимга олдим.

Аммо бу ҳам ҳаммаси эмас.

Мен ерни олган пайтда экиб бўлинган, ҳатто кўкариб ҳам қолган ғалла учун мендан 40 миллион сўм (уч томонлама шартномага асосан, бу сафар икки фермер ва банк орасидаги) ундирилди. Ҳолбуки, бу ҳажмдаги ишларга 20 миллион атрофида харажат қилинишини ҳар қандай фермер тасдиқлаши мумкин. Бунга ҳам кўндим — шижоатим ҳалиям баланд эди. «Фермер бўлиб олдим-ку, Худо бошқа томондан берар», дедим ўзимга ўзим.

Кейин ғалла учун ажратилган майдонга ғалла етиштириш учун кўзда тутиладиган давлатнинг имтиёзли кредитини сўраб, уч ой югурдим. Аммо кредитни ола олмадим — ғаллани шахсий маблағимга етиштирдим.

Давлатга 100 тоннача ғалла топширдим. Кейин билсам, ерларимнинг аввалги эгаси, мендан ундирган 40 миллион сўмга қаноат қилмасдан, 9 гектар ерни такрорий экин экиш учун фуқароларга ижарага бериб, пулини аввалдан олган экан (такрорий экинга ер сотиш фермерлар учун оддий амалиёт). Мазкур фуқаролар менга тегишли бўлган ерларни сомони билан (сомон ҳам яхшигина пул туради) такрорий экин экиш учун олиб қўйишди мендан... Маҳалла нозиридан ёрдам сўрадим — фойда бўлмади. «Фермер»нинг ҳолини кўряпсизми?

Бироз вақтни орқага қайтарамиз.

Апрел ойининг бошида чигит экиш бошланди. Новаторлигим тутиб кетиб, ўзгача услубда — қўшқатор қилиб чигит экдим. Чигит устига бир ҳафта тинимсиз ёмғир ёғди. Устидан қор... Баҳор бу йил деҳқон учун оғир келгани ҳеч кимга сир эмас. Ер юзи қотиб қолди — чигит униб чиқиши жуда қийин бўлди. Чигитни ундириш оғир меҳнат талаб қилди. 5 гектар ерни ҳайдаб, янгитдан чигит экишга тўғри келди. Эътиборли жиҳат: негадир экин фавқулодда ҳолатлардан суғурта қилинмади.

Энди бу ёғини эшитинг, комедия давом этади.

Маълумки, пахта етиштириш учун фермерга кредит ажратилади. Мазкур кредит фермерга бирданига эмас, бўлиб-бўлиб, ойма-ой берилар экан. Менга бу кредит бир ой — апрель ойи учун берилди, холос. Май ойига келиб... тўхтатилди. Савол: маблағсиз мен қандай қилиб ишни давом этишим мумкин эди?

Шу орада миш-миш тарқалди: менинг ва атрофдаги яна олтита фермернинг ерлари олиб қўйилиши режалаштирилаётган экан... Фермерлар бир иримга қаттиқ ишонишади: шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. (Қизиғи, шу орада Тўлқин исмли туман ҳокимиятининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи айнан биз — кейинчалик фаолияти тугатилган фермерларнинг атрофида айланиб, ишимиздан роса камчилик излади).

2020 йил 22 май куни қўққисдан туман депутатлари сессияси йиғилди. Кун тартибидаги масала — 12та фермер хўжалигини тугатиб, ерларни бир фермерга — «Денов олтин ерлари» фермер хўжалигига ўтказиш. Рўйхатга мен ҳам тушибман.

Туман ҳокими сессияни бошлаб берди ва бироздан сўнг мажлисни маҳаллий (вилоят) депутатларидан бири — А.Нарзуллаевга топшириб, зални тарк этди. Фермерлар реал муаммоларини — баъзилари янги фермер эканлигини, об-ҳаво ноқулай келганини, кредитлар ажратилишида муаммолар бўлаётганини айтишди. Сессияни бошқарган депутат гўё фермерларнинг ёнини олган бўлиб: «Бу фермерларнинг орасида яхши ишлайдиган фермерлар ҳам бор, икки-уч кунда текшириб чиқамиз, яхши ишлаган фермерларни тугатмаймиз», деди. Депутатлар «бир овоздан рози бўлиб», қўл кўтаришди. Биз фермерлар эса «олдинда ҳали текширув бор экан», деган хулосага бориб, кўнглимизни тўқ қилиб, мажлисни тарк этдик.

Кейин билсак, шу куннинг ўзидаёқ қарор қабул қилиниб, 10та фермернинг фаолияти (жумладан менинг ҳам) тугатилиб, ерларимиз «Денов олтин ерлари» фермер хўжалигига олиб берилган экан. Кайфиятимиз тушди, хафсаламиз пир бўлди.

Комедия эса давом этарди.

Бир неча кун ўтиб, «Денов олтин ерлари» фермер хўжалиги раҳбари А.Хожиқулов ери олиб қўйилган биз — собиқ фермерларнинг олдига келиб, ҳозирча ерда ишлашни давом этиб туришимиз кераклигини, яхши ишласак, ерларимиз ўзимизга қайтариб берилишини айтди... Менга эса алоҳида юзланиб, «сенинг еринг менга керак эмас, олмайман ерингни, пахтангни ўзинг ўз ҳисобингдан етиштир, фақат сенга кредит бермаймиз», деди.

Шу ерда сўрашингиз мумкин, қандай қилиб бир фермер иккинчи фермерга «биз сенга кредит бермаймиз» дейиши мумкин? Гап шундаки, жаноб А.Хожиқулов нафақат фермер, балки «Сурхон-Сифат-Текстил» МЧЖ Денов филиали раҳбари бўлиб, кредитларимиз тақдири ҳам, қандайдир тарзда, шу кишига боғлиқ экан.

Шу суҳбатдан кейин менда яна умид учқуни уйғонди. Соддалигим қурсин!...

Эртаси куни эса дала майдонига ҳокимбува бир гуруҳ туман раҳбарлари билан бирга ташриф буюрдилар. Ўт босган пахта даламни кўриб, «чиройли» сўзлар билан мени «тақдирладилар». Мен эса, қўлимни кўксимга қўйиб, кредит маблағидан узиб қўйилганимни, шу сабаб ерни чопиқ қилишга маблағим бўлмай қолганини, қолаверса 15 кун олдин ер мендан олиб қўйилишини эшитиб, қўлим ишга бормай қолганини, ғаллани ўз ҳисобимдан етиштирганимни, қарзга ботиб қолганимни айтдим. Ҳоким бува бунга жавобан: «Ерингни олмаймиз, кредит ҳам бермаймиз, пахтангни ўзинг етиштирасан», дедилар.

Мен яна ишга шўнғидим. Битта-ю битта машинам — «Жигули»ни сотиб, пахтага ишлов беришга сарфладим. Кейин танишларимдан яна қарз олдим. Ахийри бор имкониятларим тугаб битди. «Сурхон-Сифат-Текстил» МЧЖ Денов филиали раҳбари А.Хожиқулов олдига бориб, таслим бўлганимни, ё менга кредит очиб бериб, ишни давом эттириш учун имконият беришларини ёки ерни мендан батамом олиб қўйишларини сўрадим.

У киши кимгадир қўнғироқ қилдилар. Талабгор тайёр турган экан — зудлик билан икки йигит етиб келди. Ерни шу йигитлар олиб, ишлатишга «рози бўлишди». Уларнинг талабига биноан, ердан воз кечишим ҳақида ариза ёздим. Кейин билсам, бўлажак фермер хўжалиги бошлиғи деҳқончиликдан хабари йўқ, аслида тез ёрдам ҳайдовчиси экан.

Деярли 100 фоиз ўз ҳисобимдан етиштирган ғалламни ўриб, давлат ҳисобига олиб кетишди. Молиявий томондан ўта қийналиб қолганим боис, ғалладан бўшаган ернинг 10 гектардан ошиқроғини қишлоқ аҳлига такрорий экин экиб олиш учун ижарага бердим. 9 гектарини ишчиларимга такрорий экин экиш учун ажратдим. 9 гектар ерни эса мендан олдин ишлатган фермер анча аввал такрорий экин учун ижарага бериб юборган, пулини ҳам аввалдан олиб қўйган экан. 5 гектар ер бўш қолди.

«Фермерчилик тажрибам»нинг натижасини айтадиган бўлсам, 70 миллион сўм пахта етиштириш учун ўз ҳисобимдан қилган харажатларим, иккита шахсий Т-28 тракторим (уни янги фермер олиб қўйди), артезиан қазиш учун сарф қилган пулларим, балиқ боқиш учун ҳовуз қаздиришга кетган харажатларим — ҳаммасидан айрилдим. Қўшимчасига, ерларни ундан-бунга, бундан-унга ўтказиш сабабидан мен кўрган зарар 70 миллион сўмни ташкил этди.

Пилла ҳақида

Далам атрофида биронта яроқли тут дарахти бўлмаса-да, мен билан пилла боқиш учун шартнома тузилди. «Боқмайман», дейиш эса мумкин эмас — фермер пилла боқиши мажбурий. Ҳали айтганимдек, бу ҳолатда ҳам рақамлар қўйилмаган шартномага имзо чектирилди. Апрель ойида 4 қути пилла беришди менга. Қуртларни боқишим керак бўлди, тут барги эса йўқ. Тунда кўчага чиқиб, атрофимдаги йўл ёқаларидан тут барглари юлиб, қуртларимни «ўғрилик» билан боқдим... Шу йўл билан пилла режасини бажардим.

Фермер ва банк орасидаги муносабатлар ҳақида

Буниси ҳам ўта «қизиқ» экан. Биламизки, банк ва унинг мижози — икковиям мустақил субъектлар бўлиб, уларнинг орасидаги муносабатларга ҳеч кимнинг аралашишга ҳаққи йўқ. Аммо бу қаердадир бошқа ерда — бизда унақа эмас экан.

Бизда фермер ва банк ўртасида кўплаб — қонунда кўзда тутилган ва тутилмаган «омил»лар айланиб юради, «шарпа» бўлиб... Ва буни ҳамма билади.

«Фермерчилигим»дан чиқарган хулосаларим

Аввало, тавба қилдим — бошқа фермер бўлмайман. Қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ нурли режаларимни йиғиштириб, Россияга ишлашга кетаман. Чунки бу орада бир дунё қарз олиб, қайтариб беролмадим. Одамлар эшигимни тақиллатишяпти...

Катта майдонни «ол, ишла» деб сенга беришса-ю, аммо бошинг узра мингта эга бўлса, тинч ишлашга имкон беришмаса, бунинг устига, юмшоқ қилиб айтганда, тартибсизлик ҳукм сурса, ишлаб бўладими?

Биздаги фермерчиликни битта сўз билан изоҳлайдиган бўлсам, «исроф» сўзини ишлатган бўлардим. Чунки ер, сув, маблағ, инсонлар умри — барчаси катта миқдорда исроф бўляпти.

Нега керак бунақа тизим — тушунмадим.

Бизнинг шароитда аҳолиси зич ҳудудларда қишлоқ йигитига 100, 50 эмас, 2-3 гектар ер берилса-ю, устида «назоратчилар» турмаса, ерга нима экишни ўзи ҳал қилса, саноқли йилларда у оёғида мустаҳкам турадиган кичик тадбиркорга айланади.

* * *

Мақола аввалида айтганимиздек, фермернинг ҳуррияти бутун дунёда қишлоқ хўжалиги муваффақияти гарови саналади. Қадди тик, қадри баланд фермерлар дунёни боқишяпти. Улар ҳар бир қарич ерни қадрлашяпти. Зеро, ер қадри инсон қадри билан чамбарчас боғлиқ нарсалар — ўз қадрини билмаган ер қадрини билармиди? Бизда эса ерлар хор, чунки фермерларнинг ҳоли ўша — икки йил фермерлик қилиб, кўнгли совуган Абдувоҳиднинг ҳикоясидагидек.

Изоҳ сўраб, Денов тумани ҳокими билан боғландик. Ҳокимлик берган маълумотномада «2020 йил пахта ҳосили учун 39,0 гектар майдондан 136,8 тонна пахта хомашёси етиштириб бериш юзасидан «Агро-Тараққиёт-Сурхон» фермер хўжалиги билан «Сурхон-Сифат-Текстил» МЧЖ Денов филиали ўртасида 2020 йил 6 февралдаги 245-сонли шартнома тузилгани, кластер томонидан шартномага асосан «Агро-Тараққиёт-Сурхон» фермер хўжалигига 21 май ҳолатига кўра пахта хомашёси етиштириш учун 20 866 000 сўмлик дизел ёнилғиси, 41 920 000 сўмлик минерал ўғит ва химикатлар, 5 300 000 сўмлик бошқа моддий бойликлар, 48 128 804 сўмлик уруғлик – жами 140 781 271 сўмлик товар моддий бойликлари берилгани, аммо, фермер хўжалиги томонидан чигит экилиши режалаштирилган майдонга режасиз пиёз экини экилгани, бундан ташқари, мавжуд ғўза майдонлари чопиқ қилинмагани, ғўза ягонаси чала қилингани, майдон ва дала четлари бегона ўтдан тозаланмагани ҳолатлари аниқлангани» айтилади.

«Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида»ги ПФ-5780-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йи 12 декабрдаги «2020 йилда ғўзани навлар бўйича жойлаштириш ва пахта хомашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида»ги 985-сонли қарорига асосан, А.Қурбонов бошчилигидаги фермер хўжалигида камчиликлар давом этгани учун ушбу масала ҳалқ депутатлари туман Кенгашининг 2020 йил 22 майдаги (44/9-06 сонли) сессиясида кўриб чиқилди.

Натижаларига кўра, фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилиниб, ер туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинган.

Қишлоқ хўжалиги экинларига агротехник тадбирларнинг ўтказилишини кечиктирмаслик мақсадида, туман ҳокимининг 2020 йил 26 июндаги 568-сонли қарори билан фуқаро Рустамов Фаррухга фермер хўжалиги ташкил этиш учун жами 75,7 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Янгидан ташкил этилган фермер хўжалиги бошлиғи Ф.Рустамов томонидан пахта етиштириш учун қилинган харажатлар уч томонлама шартнома асосида ўз зиммасига олиш учун А.Қурбонов («Агро-Тараққиёт-Сурхон» фермер ҳўжалиги бошлиғи)га имзо ва муҳрини босиб тасдиқлаб бериш сўралганда ҳар хил важлар билан ушбу таклифни рад этиб келаётгани маълум бўлди», дейилади Денов тумани ҳокимлиги берган маълумотномада.

Бироқ нега керакли пайтда фермер кредит таъминотидан узиб қўйилганини сўраганимизда, ҳокимият масъулидан қониқарли жавоб ололмадик.

Абдувоҳид Қурбонов билан бирга бошқа — 22 май кунги сессиядан кейин фаолияти тугатилган, аммо ноаниқлик сабаб ҳамон ерида ишлаб турган фермерлар: Баҳром Саидов, Икром Тошбоев, Икром Саидов, Аббос Турсунов, Музаффар Қамчиев, Фахриддин Кенжаев ҳамда 22 май куни ўтган сессияда иштирок этган Ш.Рашидов СИУ собиқ раиси Тўра Раҳматов ва Охунбобоев СИУ собиқ раҳбари Неъмат Менгниёзовлар билан боғландик. Улар Абдувоҳид Қурбонов айтганларини тасдиқлаб, сессия «ҳали кўриб чиқамиз» деган гаплар билан якунланиб, кейин фермерларнинг зиддига қарор чиқиб кетганини, 2020 баҳорида об-ҳаво ноқулай келгани, фермерлар кредитлар билан етарлича таъминланмагани, шу сабаб агротехник тадбирларни ўз ҳамёнларидан амалга оширганликлари ҳисобга олинмасдан фаолиятлари тугатилганини гапириб беришди.

Кластер раҳбари А.Ҳожиқулов билан боғланишнинг эса имкони бўлмади.


@AGROBLOGER канали

Шокир Шарипов

kun.uz

Report Page