...

...

AGROBLOGER

Сабзи ўзига яраша инжиқлиги бўлган ўсимликдир. Унинг яхши ривожланиши учун баъзи нарсаларга диққат қилиш керак. Қуйида сабзининг шохли ва қинғир-қийшиқ бўлиб етилмаслиги учун нималарга диққат қилиниши кераклиги ҳақида баъзи маълумотлар берилган.

Сабзи юмшоқ, енгил, нам ва ҳаво ўтказадиган тупроқни яхши кўради. Оғир лойли тупроқда у секин ривожланади, заиф ва ингичка бўлиб етилади. Ундан ташқари, агар тупроқда тош, шох-шабба, органик қолдиқлар, ҳуллас ҳар қандай тўсиқлар бўлса, сабзи уларни «айланиб ўтади» ва натижада қийшиқ бўлиб етилади.

Бундай бўлмаслиги учун кузда ерни ағдариб чиқиш вақтида сабзини ўсишига халақит бериши мумкин бўлган барча ёд жисмларни тозалаб ташлаш лозим. Шунингдек тупроқни юмшатиш учун унга қум, тўлиқ чириган қипиқ солса бўлади.

Сабзи нордон ерни севмайди, сабзи учун энг мақбул нордонлик даражаси pH 5,6-7. Шунинг учун албатта тупроқни нордонлигини камайтириш керак. Бироқ бу ишни мутлақо бевосита сабзини сепишдан олдин қилмаслик керак, йўқса у кўп думли бўлиб етилади. Энг яхшиси – оҳак ёрдамида кузда ерни нордонлигини кетказиш (2-3 йилда бир амалга ошириш мумкин). Агар бу иш ўтган мавсум сўнгида қилинмаган бўлса, баҳорда қилиш лозим. Фақат баҳорда ер нордонлигини кетказиш сабзини сепишдан бир ой олдин, кул ёки доломит унини қўлланган ҳолда амалга оширилади.

3.   Гўнг солиш

Тупроқни озиқлантириш ва фойдали элементлар билан бойитиш учун гўнгни бевосита сабзи сепишдан олдин солиш керак эмас. Акс ҳолда сабзи пўк ва кўп думли бўлиб етилади. Шунингдек, азотнинг кўпайиб кетиши илдизмеванинг шохлаб кетишига сабаб бўлади.

4.   Азот ва хлорнинг кўпайиб кетиши

Катта ҳосил изидан қувиб сабзига ортиқча азот бермаслик керак. Албатта бу микроэлемент айниқса бошланғич даврларда ўсимликларга зарур. Бироқ ортиқча азот илдизмеванинг шаклланишига жуда салбий таъсир кўрсатади. Ундан ташқари, таркибида хлор бўлган ўғитларга оғирлик бермаслик керак, акс ҳолда сабзи шохлаб бошлайди.

Албатта озиқлантириш меъёрлари ва режимларига риоя қилинг. Тартибсиз озиқлантириш ўсимлик ривожланинг фақат ёмонлашувига ва ҳосилдорликнинг тушиб кетишига олиб келади.

Сабзи учун сув кўплиги ҳам сув етишмаслиги ҳам салбий таъсир кўрсатади. Агар сабзи кўп суғорилиб турилса, ёрилиб бошлаши ва “тукли” бўлиб етилиши мумкин. Агар намлик етишмаса, илдизлар тупроқнинг чуқурроқ қисмидан сув қидиради ва ён ўсимталар ҳосил қилади. Натижада сабзи хунук шаклга эга бўлади.

Агар кўп ёмғир ёғаётган бўлса, суғоришни тўхтатиш керак. Суғоришнинг энг мақбул схемаси – 4-5 кунда бир марта, салқин ҳавода камроқ. Агар сиз маълум сабабларга кўра экинни узоқ муддат сувсиз қолдирган бўлсангиз, зинхор бирданига кўп сув бериб суғорманг. Бўлиб бўлиб суғоринг, йўқса сув ичмай ичмай ундан кейин бирданига кўп сув ичса, сабзи ёрилиб кетади.

Вақтида ягана қилинмаган сабзи ингичка ва узун бўлиб етилиши мумкин. Кичик майдонда кўп меваларнинг сиқишиб қолиши туфайли керакли вазни ва катталикка эга бўлолмайди.

Сабзини ўз вақтида ягана қилиш лозим. Аксарият деҳқонлар буни икки марта амалга оширади: биринчиси, илк 2-3 ҳақиқий барглари пайдо бўлганида ва иккинчиси, палак бўйи 10 см бўлганида. Ягана қилинганидан кейин мевалар орасидаги оптимал масофа - 6-7 см.

Сабзи йирик, сувли ва тўғри шаклга эга бўлиб етилиши учун юқорида келтирилиб ўтилган хатоларга йўл қўйманг. Шунда кўнглингиздагидек ҳосилни йиғиб оласиз!


@AGROBLOGER канали

dehqon.uz

Report Page