...

...

@AGROBLOGER

Сабзавотларни бир жойга бир неча йил мобайнида экиб, мунтазам юқори ҳосил олиш қўшимча сарф-ҳаражатлар талаб қилади. Лекин бу ҳаражатлар ҳар доим ҳам ўзини оқлайвермайди. Сабзавотларни алмашлаб экиш технологияси эса юқори ҳосилдорликни сақлаб қолишга ёрдам беради.

Алмашлаб экишни тўғри ташкил этиш айрим ўсимликларга хос бўлган касаллик ва зараркунандаларни кўпайиб кетишини бартараф этади. Шунингдек, бу усул билан кўп касаллик ва зараркунандаларни махсус сарф-ҳаражатларсиз йўқотиш мумкин.

Иқтисодий ислоҳотларни қишлоқ хўжалигига татбиқ этилиши алмашлаб экиш тизимини тузишда янги талабларни ўртага қўймоқда. Деҳқон, ширкат ва фермер хўжаликлари ер майдонининг катта бўлмаслиги экинлар турларини камайтириш ва ротатсияси қисқа бўлган алмашлаб экиш тизимини жорий этишни тақозо этмоқда.

Экинлар умумий майдон тузилиши таркибида сабзавот экинлари салмоғи оз бўлиши туфайли улар дала-ем-хашак ва сабзавот-ем-хашак экинлари алмашлаб экиш тизимига киритилмоқда. Сабзавотларни катта майдонларда етиштирадиган хўжаликларда ихтисослашган сабзавот алмашлаб экиш усули қўлланилмоқда.

Ўзбекистонда эртанги сабзавот экинлари йиғиб-териб олинганидан сўнг такрорий экинлар экишнинг қуйидаги тартиби қўлланилади:

  • эртанги карам -> кечки картошка ёки кечки сабзи;
  • эртанги сабзи -> кечки карам, картошка, турп, шолғом;
  • бодринг ёки уруғлик учун экилган 2 йиллик илдизмевалилар ва карам -> кечки турп, шолғом ва кузги пиёз;
  • эртанги картошка -> кечки карам, сабзи, шолғом, бодринг ва турп;
  • кўк нўхат -> кечки картошка, карам, бодринг; барча
  • кўкат сабзавотлар (салат, исмалоқ, укроп ва бошқалар) -> кечки картошка, сабзавотлар ва полиз экинлари.

Эртанги сабзавотлар ва картошкадан сўнг июн ойида такрорий экин сифатида эртапишар помидор кўчатлари ўтқазилади. Шунингдек, меваси қишга сақланадиган кечки тарвуз ва қовун навларини ҳам экиш мумкин. Кечки сабзавотларни бошоқли экинлар — буғдой ва арпадан сўнг экиш ижобий натижа беради. Алмашлаб экиш технологиясида маккажўхорини силос учун ва тезпишар навларини донга такрорий экин сифатида экиш мумкин.

Манба: «Сабзавотчилик ва полизчилик», В.И.Зуев, О.Қодирхўжаев, М.М.Адилов


@AGROBLOGER

Report Page