...
AGROBLOGERСабзи униб чиққанидан кейин уни нима билан озиқлантириш кераклигини ўйлаб кўриш муҳимдир. Сабзида маззали ва фойдали илдизмева ҳосил бўлиши учун ўғитни тўғри танлаб қўллаш лозим. Фақат ўғитнинг етишмаслиги эмас, балки меъёрдан ортиқ берилиши ҳам сабзавот учун зарарли бўлиши мумкин.
Сабзининг яхши ривожланиши учун қуйидаги қўшимча микроэлементлар лозим:
Азотли ўғитлар сабзида каротин ва оқсилни орттиришга ёрдам беради. Бу ўғитларни ўсимликнинг жадал ўсиб бораётган бошланғич даврида бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Азотсиз поя сарғайиб қолади, ҳосили эса майда ва қуруқ бўлиб қолади.
Фосфорли озиқалар сабзини ширин, ўзагини (ўртасини) қаттиқ қилади. Бу озиқага илдизмева иссиқ даврда эҳтиёж сезади. Ушбу микроэлементсиз сабзавотнинг яшил қисми сарғаяди, сўлийди. Меваси эса чўзинчоқ ва маззасиз бўлиб қолади.
Калий туфайли сабзи майин таъмга эга бўлади, кўпгина касалликларга иммунитети ошади. Озиқлантириш сабзининг бутун ўсиш даври мобайнида амалга оширилиши мумкин.
Бор микроэлементи сувли ва ширин илдизмеваларни шаклланишини таминлайди, ўсимликни мустаҳкамлайди. Бу микроэлементсиз чангланиш жараёни бузилади, ўсимликнинг ўсиши секинлашади, илдизмева узайиб, ингичкалашади. Иккинчи озиқлантириш даврида бор кислотаси билан палак устидан пуркаб ишлов берган яхшироқ.
Сабзини палагидан (баргидан) бериладиган қўшимча озиқалар:
- сабзини ширинлигини ошириш учун палакдан гуматлар аралашмаларини сепиш мумкин;
- магний сульфат билан магний етишмаслигида ишлов берилади;
- палакнинг мустаҳкам бўлиши ва ишиб туриши учун ўсиш даврининг бошланишида баргидан (палагидан) мочевина сепиб туриш керак.
Ерга уруғни сепишдан олдин уни озиқлантирувчи аралашмаларда ивитиб қўйиш фойдали бўлади. Масалан бир тавсияда 1 литр сувга 1 грамм марганцовка ва ҳар қандай суюқ ўғитдан 2,5 мл аралаштириб, ушбу аралашмага уруғни 20 дақиқага ивитиб қўйиш мумкинлиги айтилади.
Бошқа бир тавсияда уруғларни 1,5%ли марганцовка аралашмасида (аралашмани ранги тўқ ва идишнинг ости кўринмайдиган даражада бўлиши лозим) 20 дақиқага ивитиб, ундан сўнг уруғни тоза сувда ювиб ва сўнг қуритиш кераклиги айтилган. Бу усул уруғни экишдан олдин турли хил бактериял ва замбуруғли касаллик қўзғатувчиларидан тозалаш учун жуда яхши зарарсизлантирувчи (дезинфекция қилувчи) эканлиги таъкидланган. Фақат бошқа тарафдан бу усул уруғни униб чиқишини секинлаштирилиши ҳам қайд этилмоқда. Шунинг учун ҳар холда (яъни, уруғни тезроқ униб чиқиши учун) юқоридаги тавсияда сувда марганцовкага қўшиб суюқ ўғит аралаштириш тавсия этилган.
Сабзини етиштиришда ўғитлаш бўйича босқичма-босқич қилинадиган ишлар
Баҳорда тайёргарлик ишлари бошланади. Бу даврда ерни нима билан озиқлантириш мумкин? Сабзи уруғини сепишдан олдин ерга селитра, суперфосфат, хлорли калий сепиш мумкин. Агар ер лойли бўлса, унга қум ва торф аралаштириш керак.
Шуни ҳисобга олиш керакки, сабзи уруғи униб чиқиш вақтида кўп сув шимади. Шунинг учун уруғ сепишдан олдин ва сепгандан кейин агатларни яхшилаб заҳлатиш керак бўлади.
Муаммо бўлмаслиги учун ўсиш вақтида сабзини қандай озиқлантириш лозим? Сабзининг ўсишидан пишишигача бўлган даврида ўғитлашнинг стандарт схемаси бир неча босқични қамраб олади.
Сабзини камида тўрт марта озиқлантириш лозим:
1. Биринчи озиқлантириш сабзини яганаси қилинганидан кейин, бир неча барг пайдо бўлганида амалга оширилиши лозим. Таркибида калий магнезияси, мочевина ва суперфосфат аралашма озиқлантириш учун бўлади. Ушбу барча компонентларни 10 л сувда аралаштириб, сабзи майсаларини устидан сепилади.
2. Иккинчи озиқлантириш илк озиқлантиришдан 2,5 ҳафта ўтиб амалга оширилса жуда мақбул вақт бўлади. Озиқлантириш учун кул ёки тайёр ўғитларни қўллаш мумкин: Нитрофоска, Растворин ёки Кемира Универсал. Кул ишлатиладиган бўлса, бу аралашманинг дозировкаси таҳминан 10 л сувга 60 гр нисбатида бўлади.
3. Учинчи озиқлантириш илдизмева куч тўплаётган вақтда берилади. Бу вақтда ўғитлар меванинг шакарлилигини ошириш учун берилиши лозим. Бунинг учун қуруқ кул ёки кулдан тайёрланган дамлама қўлланилиши мумкин. Агар қуруқ кул сепиладиган бўлса, 1 квадрат метрга 200 грамм ҳисобида сепилади.
4. Охирги марта сабзини нима билан озиқлантириш керак? Охирги ўғит илдизмевадаги нитратлар миқдорини камайтириш мақсадида берилади. Бу ўғит ҳосил йиғишдан бир ой олдин берилади. Одатда калий сульфат ёки хлорли калийни ўтин кули билан аралаштириб тайёрланган аралашма қўлланилади.
Умуман олганда очиқ майдондаги сабзининг ривожланиш босқичидаги исталган даврда кул билан озқлантириш мумкин. Уни сабзи ўсиб чиққан жойга қуруқ ҳолида шунчаки сепиб чиқиш мумкин ва дамлама қилиб сепса ҳам бўлади. Дамлама қилиб сепиладиган бўлса, 60-70 грамм кулга 1 литр қайнаган сувни қуйиб, 2 кунга тиндириб (дамлаб) қўйиш лозим. Ҳосил бўлган аралашмани 9 литр сувга аралаштирилиб палак устидан сепилади.
Кул фақат ўғит сифатида фойдали бирикмаларга эга бўлиб қолмай, кўпгина зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун ҳам қўлланилиши мумкин.
@AGROBLOGER канали
2. semena.in.ua
dehqon.uz