...

...

AGROBLOGER

Тиканли артишок – «ертикан» деган маънони билдиради. Фанга унинг 10 дан ортиқ тури маълум. Ушбу усимликни Калифорнияга 1600 йилда Испанияликлар келтиришган, аммо негадир у кенг оммалашмайди. Бирок бугунги кунга келиб бу махсулот дунё халкларининг севимли сабзавотига айланиб улгурган. Артишок энг аввало сабзавот ҳисобланиб, доривор ва ем-хашак ўрнини босадиган ўсимлик хамдир.

Мураккабгулдошлар оиласига кирувчи тиканли артишок сабзавот ўсимлиги бўлиб, сабзавотчиликда факатгина 2 тури - испан ва тиканли артишок етиштирилади. Ўсимликнинг барглари патсимон қирқилган, 80-100 см узунликка эга бўлган тиканли барг банди ҳамда бақувват ўқилдизи бўлиши билан характерлидир. Поялар ясси – думалоқ ёки овалсимон шаклдаги, гуллари саватчаларга йиғилган, улар кўзасимон тузилишга эга, саватча атрофидаги багчалари бақувват бўлиб, ичкарида жойлашган найсимон гулларни яхши химоя қилади. 1 туп ўсимликда бу каби саватчалар сони 6-8 тадан 12-15 тагача етади. Усимликнинг ўсув даври 180-200 кун давом этади. Артишок жанубий минтақаларда иккинчи йили гулпоя чиқаради. Агар яхши парвариш қилинса, 14 йилгача саватча ва гуллар ҳосил қилади.

Тиканли артишок иссиқсевар ўсимлик бўлиб, унинг яхши ўсиб ривожланиши учун +18-25°С қулай ҳисобланади. Ёш ниҳоллари баҳорда -3°С га бардош беради. Барг тўплами эса -10-12°С совуққа чидай олади. Намлик яхши бўлганда уруғлари - 0+1°С да бир ой мабайнида ердан униб чиқади, уруғлари +3+5°С иссиқ бўлганда 10-12 кун давомида униб чиқади.

Сабзавот ер ости сизот сувлари яқин жойлашган жойларни ёқтиради, фақат тупроқнинг нисбий намлиги 75-80 фоиздан кўпайиб кетмаслиги керак. Нам етарли бўлмаса, унинг ўсиши секинлашади. Гул тўплами кичиклашади ва гул косаси дағаллашади. Йиллар ўтиши билан артишок турлари сершох бўлиб кетиши ҳисобига бири иккинчисини сиқиб, соя бера бошлайди ва натижада тупларда майда саватчалар миқдори кўпайиб кетади. Усимлик тупроқ озиқаси ва ёруғликка талабчан сабзавот ҳисобланиб, унумдор ва структурали тупроқларда яхши ўсади хамда намликни ўзида яхши сақлайди.

Артишок иссиқсевар ўсимлик бўлганлиги сабабли июль-сентябрь ойларида ер устки қисмини жадал шакллантиради. Тиканли артишок тупларида яхши ривожланган бақувват барг - кўк масса ҳосил қилишини таъминлаш учун уни 90×50-60 см схемада экиш мақсадга мувофиқ бўлар экан.

Тиканли артишокни экиш схемаси нафақат ер устки вегетатив ва ер остки илдиз қисмини шакллантиришга, балки уларнинг вазнига ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Артишок кўк массасидан турли хилдаги дори - дармонлар тайёрланиши билан бирга, у билан чорвани ҳам озиқлантириш мумкин. Кўк масса олиш учун эса артишок қаторидаги ўсимликлар орасидаги масофани 20-30 см қилиб экиш мақсадга мувофиқ саналади.

Тиканли артишок Ўзбекистон учун ноанъанавий бўлган истиқболли, қимматбаҳо ўсимлик бўлиб, у яшил холида силос, сенаж ва қуруқ ем-хашак ҳамда озиқ-овқат хамда фармацевтика саноати учун хомашё сифатида муҳим ахамиятга эга. Таъкидлаш жоизки, ахолини сифатли, безарар ва арзон дори воситалари билан таъминлаш замонавий фармацевтиканинг асосий вазифаси хисобланади. Шуларни инобатга олиб синтетик йўл билан олинган дори препаратлари билан бир қаторда доривор ўсимликлар, шу жумладан тиконли артишок ўсимлиги хомашёсидан ҳам дори воситаларини тайёрлаш, шу мақсадларда мазкур ўсимликни етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш долзарб вазифалардан бири саналади.

Суғориладиган майдонда унинг ер устки органлари таркибида гуллаш фазасида хом протеин, ёғ эса мева тугиш фазасида ва уруғларининг таркибида юқори бўлиши аниқланди. Ўсув даврининг бошланиши ва мева тугиш фазаларида хом протеин, ёғ эса ўсув даврининг бошланиши ва гуллаш фазаларида энг кам миқдорда тўпланиши кузатилади. Суғорилмайдиган майдондаги ўсимликларда ҳам гуллаш фазасида хом протеин, ёғ эса ғунчалаш ва мевалаш фазаларида кўп миқдорда бўлади. 


@AGROBLOGER канали

dehqon.uz

Report Page