...

...

AGROBLOGER

Гўнг-энг муҳим маҳаллий ўғит. Таркибида ўсимликлар учун зарур барча озиқ моддалар мавжуд бўлганлиги сабабли академик Д. Прянишников «минерал ўғит қанча кўп ишлаб чиқарилмасин, гўнг ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди, деҳқончиликдаги асосий ўғит бўлиб қолаверади», деб ёзган эди. 

Чорва молларини боқиш усули ва хўжаликларнинг имкониятларига боғлиқ равишда тўшамали ёки тўшамасиз гўнг олинади. Тўшамали гўнг чорва молларининг қаттиқ ва суюқ ажратмалари ҳамда улар остига ташланадиган похол, сомон, қипиқ, торф каби жинслардан иборат бўлиб, 25% қуруқ модда ва 75% сувдан иборат. 

Молларга бериладиган ем-хашак таркибидаги органик модданинг 40, фосфорнинг 80, азотнинг 50 ва калийнинг 85%и гўнг таркибига ўтади. Гўнг таркибидаги озиқ моддалар миқдори чорва молининг тури ва ёши, бериладиган ем-хашак таркибига боғлиқ равишда кенг миқёсда ўзгаради. 

Мазкур омиллар гўнг таркибидаги қаттиқ ва суюқ фракциялар нисбатига ҳам кучли таъсир кўрсатади.

Ёш новвос ва ғунажинлар гўнгида озиқ моддалар анча кам бўлади. Гўнгнинг қаттиқ ва суюқ қисмлари бир-биридан кескин фарқ қилади. Масалан, фосфор тўлалигича қаттиқ ажратмалар таркибида учраса, азотнинг 1/2—1/3 қисми ва калийнинг барчаси сийдик таркибига киради. 

От, йирик шохли қорамол ва қўйларнинг гўнгида қаттиқ ажратмалар кўп бўлади. От ва қўйларнинг қаттиқ ҳамда суюқ ажратмалари сақлаш жараёнида кўп иссиқлик ажратади. Шу боис улар «қайноқ гўнг» деб юритилади. 

Йирик шохли қорамоллар гўнгининг ҳарорати секин кўтарилади ва «совуқ гўнг»лар тоифасига киритилади.

Тўшама — қаттиқ ва суюқ ажратмалар билан аралашиб, гўнг миқдорини оширади ва таркибидаги учувчан озиқ моддаларнинг йўқолишини олдини олади.

Тўшама сифатида сомон, торф, қипиқ ва бошқа материаллардан фойдаланиш мумкин. Тўшамалар зоогигиена ва агрономия нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Улар чорва молларининг қуруқ ва тоза ётиб-туришини таъминлаб, гўнг миқдорини ҳам оширади.


AGROBLOGER канали

Report Page