...

...

AGROBLOGER

Бегона ўтларни йўқотиш учун махсус кимёвий бирикмалар гербицидлар қўлланилади. Гербицидлар кимёвий таркибига кўра органик ва ноорганик бўлади. Ўсимликка таъсир этишига қараб гербицидлар ёппасига қирувчи ва танлаб таъсир қилувчиларга бўлинади.

Ёппасига қирувчи гербицидлар (фенорун, монурон, диурон ва бошқалар) маданий ва ёввойи ўсимликларни бараварига ўлдиради. Бундай гербицидлар маданий экинлар билан банд бўлмаган шудгорларда, йўл ва ариқ бўйларида қўлланилади.

Танлаб таъсир килувчи гербицидлар (2,4-Д, 2М-4х, днок, которан, прометрин, атрозин, симазин) айрим ўсимликларни ўлдириб, бошқаларга таъсир қилмайди. Суғориладиган деҳқончилик минтақаси тажрибаларига мувофиқ 1 гектар ерга гербицидларни сепиш меъёри 1,5-2 кг соф модда.

Гербицидларнинг кўпчилиги заҳарли, улар билан ишлаганда албатта эҳтиётлик чораларини кўриш зарур. Буларга қуйидагилар киради:

• гербицид билан ишлаётган одам ўзини заҳарламаслиги учун махсус ҳимоя кийимлари ва мосламалар (комбинезон, қулқоп, респиратор, кўзойнак ва ҳоказо) билан таъминланиши шарт;

• ўсмирлар, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларнинг гербицидлар билан ишлаши қатъиян ман этилади;

• гербицидлар билан ишлаётганда чекиш, сув ичиш, овқатланиш, меваларни истеъмол қилиш мумкин эмас;

• гербицид ишлатиб бўлингач, эритма тайёрланган жойнинг устини тупроқ билан яхшилаб кўмиб қўйиш керак;

• гербицид ишлатилган жойда ёки унинг яқин атрофида молларни боғлаш, бегона ўтларни йиғиб уларга бериш мумкин эмас;

• гербицид ва унинг эритмасини далада қолдириш мумкин эмас.

Қайд қилинган тадбирлар амалга оширилмаса, уларга риоя қилинмаса, гербицид билан ишлаган одам ва атрофда боқилган моллар заҳарланиши мумкин.


AGROBLOGER канали

Report Page