...

...

AGROBLOGER

Шафран (заъфарон) ўсимлигининг инсон саломатлиги учун нечоғлик фойдали ва доривор эканлиги тиббиётга яхши маълум.

Бу шифобахш ўсимлик рангни чиройли, кўзни равшан, фикрни теран қилиб, юракка қувват беради. Шунингдек, у нафас аъзоларини соғлом қила олиш хусусиятига ҳам эга. Шу боис, бу ўсимликка дунё олимлари "зираворлар сардори" ҳамда "қизил олтин" деб таъриф беради.

Тошкент вилояти Пискент туманида фаолият юритаётган “TURON BIZNESS LIMITED” масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда шафран ўсимлигини етиштиришни йўлга қўйган. Туман ҳокимлигининг тегишли қарорига кўра, 2018 йилда мазкур корхонага ушбу доривор ўсимликни парваришлаш учун 14,2 гектар ер майдони ажратилган эди.

Лойиҳа асосида 2019 йилда мазкур ўсимлик уруғи Афғонистондан тажриба тариқасида олиб келиб экилди. Натижалар эса қисқа фурсатда бўй кўрсатиб, ҳудудда ўсимликнинг кўпайтирилишига эришилди. Ҳозирги кунда ҳудуддаги 4 гектар ерда шафран ўсимлиги етиштирилмоқда.

Афғонистон давлати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион 400 минг долларни ташкил этиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши ҳисобига амалга оширилмоқда.

Келгусида лойиҳа ташаббускорлари томонидан ўсимлик етиштириш ҳажми салмоқли даражада ортгач Эрон, Покистон, Арманистон, Германия ва Саудия Арабистони давлатларига экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.

Лойиҳанинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда 40 та доимий иш ўрни яратилди. Эндиликда корхона ўз фаолиятини кенгайтиргач, ташаббускорлар томонидан қўшимча 200 та мавсумий иш ўринлари ташкил этилади.


@AGROBLOGER канали

ЎзА, uza.uz

Report Page