...

...

AGROBLOGER

Редиска ёруғликка талабчанлиги, юқори ҳароратга бардош беролмаслиги билан бошқа кўк сабзавотлардан ажралиб туради. Ушбу ўсимлик эрта баҳорда зич экин сифатида етиштирилади.

Қишқи иссиқхоналарда редиска зич экин сифатида бодринг ёки помидор билан бирга етиштирилади. Экишдан олти-саккиз кун олдин 4-6 қаторли лента усулида асосий экиннинг 2 та томонига сепилади.

Баҳорги плёнкали иссиқхоналарда (қуёш тафтида) редиска биринчи оборотда феврал бошларидан март ўрталарига қадар, иссиқсевар ўсимликлар экилгунча етиштирилади. Ҳар 1 м ерга 4-5 гр. уруғ кетади. Маркер билан 6х3 см озиқланиш майдони ҳосил қилган ҳолда қўлда экса ҳам бўлади. 1,2-1,5 метрли кенг лентали усулда экилганда ингичка йўлакча қолдирилади.

Редискаларнинг парвариши, асосан ҳаво ва тупроқ ҳарорати ҳамда намлигини нормал сақлаш, қўшимча озиқлантиришдан иборат. Қишки иссиқхоналарда, бундан ташқари ўсимлик атрофига тупроқ сепилади.

Редиска учун ҳавонинг ўртача ҳарорати 14-16°C бўлиши тавсия этилади. 20°C дан исиб кета ўсимлик ғовлаб кетади, илдизмеваси сифатсиз бўлади, 24°C дан ошганда редиска ҳосил қилмай, гулпоя чиқаради.

Редискалар ўсув даврида ҳарорат қуйидагича бўлиши лозим:

  • майсаси кўрингунча 20-22°C;
  • майса пайдо бўлган 5-6°C;
  • палласи шакллангандан сўнг ҳосил қилгунча 8-10°C, шундан сўнг булутли кунларда 12-14°C, ҳаво очиқ кунлари 16-18°C;
  • тупроқ ҳарорати 12-16°C, ҳаво намлиги 60-65% бўлмоғи керак.

Ниҳоллар қийғос униб чиққунча сув берилмайди. Тупроқнинг юза қатларни қуришач, сув сепилади. Илдиз тугунча пайдо бўлгунча сув кам берилиб, сўнг тез-тез суғорилади.

Ўсув даври давомида редиска 2 марта қўшимча озиқлантирилади. Биринчи озиқ мол гўнги (сувга 6:1 нисбатда аралаштириб)нинг 10 литр эритмасига 15 гр. суперфосфат ва 10 гр. калий тузи қўшиб тайёрланади. Биринчи озиқлантириш майса униб чиққач икки ҳафтадан сўнг ўтказилади. Иккинчи озиқлантиришда 10 литр сувга 40 гр. аммонийли селитра, 20 гр. суперфосфат, 15 гр. калий тузи солинади. 1 м2 ерга 6-7 литр эритма сарфланади.

Қишда майса униб чиққач 32-35 кунда, эрта баҳорда эса 25-28 кунда ҳосилни йиғишга киришилади. Редискани танлаб-танлаб, уч-тўрт марта йиғиб олса бўлади. Иссиқхонанинг 1 м2 еридан 2-3 кг. редиска йиғиб олиш мумкин.


@AGROBLOGER канали

«Иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш ва юритиш», Ғ.А.Саматов, Ж.Й.Йодгоров, З.Т.Сиддиқов


Report Page