...

...

AGROBLOGER

Касаллик белгилари

Токнинг барча яшил қисмлари зарарланади. Барглар қотгунича (барг ёзилганидан сўнг 20-25 кун давомида) зарарланиши мумкин. Уларда кўплаб думалоқ, майда, четлари қизғиш, қўнғир ёки қора доғлар пайдо бўлади.

Ёш новдалар кучли зарарланади. Уларнинг устида майда, қўнғир, биттадан жойлашган, бинафша-қўнғир ҳошияли доғлар ҳосил бўлади.

Гул тўплари зарарланганида гулбаргларда думалоқ, қора доғлар ҳосил бўлади. Зарарланган гул тўплари ва тугунчалар қўнғир-қора тус олади ва тўкилади.

Ўзбекистонда антракнознинг зарари анча катта (аммо оидиумникидан камроқ).

1-расм. Ток навдасида антракноз касаллиги белгилари

Антракноз ривожланишига таъсир қилувчи асосий факторлар ҳарорат ва ҳавонинг нисбий намлигидир. Тез-тез ёмғир ва жала ёғиши кузатиладиган мавсумларда касаллик айниқса кучли ривожланади. Замбуруғ конидиялари 2-320С орасида (оптимум 24-260С) ўсиши ва токни зарарлаши мумкин.

Ток навларининг антракнозга чидамлилиги ҳар хил. Нимранг, Оқ хусайни, Каттақўрғон, Ҳиндоги, Ҳалили, Оқ тоифи, Мускат, Қора кишмиш, Пушти кишмиш, Эчкиэмар, Гўзал қора, Чиллаки ва Чарос навлари кучли (42-94%) даражада зарарланади. Тарнау, Мирний навлари чидамли (зарарланиши 5% гача). Меваси рангли ва нордон узум навлари камроқ зарарланади.

2-расм. Антракноз билан зарарланган ток барги.

Кураш чоралари

Токни шамол яхши юрадиган, офтоб яхши тегадиган жойларда ўстириш, шпаллерларга кўтариб қўйиш лозим. Уларни ўз вақтида хомток қилиб, ортиқча новда ва баргларини қирқиб туриш керак. Экиш учун фақат соғлом қаламчалар ишлатиш, уларни экишдан олдин темир сульфатнинг 10% ли ёки нитрафеннинг 3% ли эритмасига ботириш; янги токзорлар яратишда ниҳолларни ерости суви яқин жойларга экмаслик керак.

Антракнозга қарши Ўзбекистонда қуйидаги фунгицидлар руҳсат этилган: Бордо суюқлиги (мис купороси бўйича 10-15 кг/га, 1% ли эритма), Вектра 10% сус.к. (0,3 л/га), оҳак-олтингугурт қайнатмаси (0,5-10), темир купороси 53% э.кук. (30-40 кг/га, ток куртак ёйгунча ва остидаги тупроққа 2-3% ли эритма) ва Фоликур БТ 22,5% эм.к. (0,25 л/га), Альто супер 33% эм.к. (0,3 л/га), Бампер 25% эм.к. (0,25 л/га) ва Торсо 22,5 эм.к. (0,15 л/га).


@AGROBLOGER канали

dehqon.uz

Report Page