...

...

AGROBLOGER

Самарқандда «Бир маҳалла-бир маҳсулот» тамойили асосида тупроқ ва иқлим шароити ҳисобга олинган холда қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Каттақўрғон туманида азалдан полиз маҳсулотлари етиштириш, сабзавотчилик анча ривожланган. Яқиндан бошлаб каттақўрғонликлар қулупнай етиштиришнинг ҳам анча ҳадисини олишди.

Туман ҳокимлиги ташаббуси билан қулупнай етиштиришда замонавий инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш, асосан, «Андижон усули» да плёнка остида қулупнай етиштириб, йилнинг тўрт фаслида ҳам бозорлар расталари ва дастурхонларимизни сархил маҳсулотлар билан таъминлаш юзасидан ташаббус билан чиқишди.

— Қулупнай етиштириш ўзига хос тажриба ва билим талаб этадиган, ўта нозик иш. Жорий йилда туманимиз фермерлари, тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари билан келишган холда жами минг гектар ерга Польшадан келтирилган қулупнай экишни режалаштирганмиз, — дейди Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Бахромов. —​ Қулупнай тўлиқ томчилатиб суғориш асосида парваришланади. Лойиҳа тўла қувват билан ишлаганда йилига 30 минг тонна экспортбоп қулупнай етиштириш режалаштирилган. Маҳсулотнинг 10 минг тоннаси экспортга йўналтирилади. Шу мақсадда хорижлик ҳамкорлар билан келишувга эришганмиз. 20 минг тонна қулупнай ички бозорга чиқарилади. Биргина ички бозорга етказиб берилган маҳсулот эвазига 20 миллиард сўм фойда олишни мўлжаллаяпмиз.

Яна бир гап. Ўтган йили Каттақўрғон туманидаги Рўзимурод Мавлонов фермер хўжалиги томонидан Полшадан эскпортбоп қулупнай уруғи келтирилиб 18 гектар ер майдонида маҳаллийлаштирилди. Қулупнай тўлиқ плёнка остига экилиши эътиборга олинган холда тегишли тарздаги захира шакллантирилган. Ҳозирги кунда Рўзимурод Мавлонов фермер хўжалиги томонидан фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун сифати кафолатланган қулупнай уруғи етказиб берилмоқда. Хориж тажрибаси асосида 1 гектар ерга 40 минг дона кўчат экилмоқда.

— Эътиборли жиҳати шундан иборатки, Каттақўрғонда қулупнай кўчатлари замонавий сеялкаларда экиляпти, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Каттақўрғон тумани бўлими бошлиғи Нурали Намазов. — Маҳаллий рационализаторлар Туркиядан келтирилган замонавий сеялкаларга қўшимча ускуналар ўрнатиб, қулупнай кўчатлари экиш учун мослаштирди. Бир кунда 10 гектар ер майдонига қулупнай кўчатлари экилмоқда. Мазкур тадбирда иштирок этаётган қишлоқ хўжалиги техникаларининг унумли ишлаши, ёнилғи мойлаш материалларининг мунтазам тарзда келтирилиши, далада ишлаётганлар учун зарурий шароитлар яратилганлиги ходимларимиз томонидан доимий тарзда ўрганилмоқда.

Излаган имкон топар деганларидек, каттақўрғонлик деҳқонларнинг ушбу ташаббуси ҳадемай бутун мамлакатимиз бўйлаб қанот ёзиб, экспортбоп маҳсулотлар сони ва тури янада кўпайса ажаб эмас.


@AGROBLOGER канали

Абдулазиз Йўлдошев

xs.uz


Report Page