*/

*/

Source
КЕЛИН ХИЗМАТ ҚИЛИШИ ШАРТМИ ДИНИМИЗДА? ● САВОЛ: Домла, кўп ўзбек оилаларда хизмат қилиш фақат келин кишининг вазифаси, деб ҳисобланади. Қайнона, қайнота, қайни сингил, қайни ука ва ҳоказо… Шуларнинг хизматини қилиш келинга фарзми, вожибми ёки суннатми? Бу нарсаларни келин зотига фарздек қилишган. Ўзининг фарзандлари катта-катта бўлса ҳам келиннинг вазифаси, дейишади. Агар қилмайман деса, отасини уйига юбориб, дарров бошқа келин олишади. Жазокаллоҳу хайран. Ноўрин савол берган бўлсам, узр сўрайман. (Муслима).

● ЖАВОБ: Сўзимизнинг аввалидан қисқа қилиб айтадиган бўлсак, келиннинг қайнота-қайнонага хизмат қилиши шариатдан кўра кўпроқ шароит ва урфу-одатга боғлиқ бўлиб қолган. Урф-одатларнинг эса шариатда тегишли ҳукми ва ўрни бор. Исломда ким кимга хизмат қилиши ҳақида ҳам бир қатор кўрсатмалар берилган. Келиннинг хизмати ҳақидаги масала бир мунча вақтдан бери одамлар ўртасида баҳсга айланганини эшитиб келаяпмиз. Бу мазмундаги саволлар бизга ҳам бир неча кишилар томонидан юборилган. Бу масаланинг жавобини бир икки оғиз сўз билан ёритиш етарли бўлмайди, валлоҳу аълам.

Шунинг учун саволга тўлиқ жавоб сифатида қуйидаги мавзуларга тўхтаб ўтишни лозим топдик: - Аёлнинг эр устидаги ҳақлар - Шариат ва шароит - Шариат ва одат ўртасида - Одамзод урф-одат билан - Ислом – одамийлик дини - Аёлнинг хизматидан фойдаланиш - Аёл кишига хизматкор олиб бериш - Хулоса. ► АЁЛНИНГ ЭР УСТИДАГИ ҲАҚЛАРИ Биз келиннинг хизмати мавзусига киришар эканмиз, ўз-ўзидан аёл кишининг Исломдаги ҳуқуқлари билан юзма-юз келамиз. Аллоҳ таоло айтади: وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلِلرِّجَالِ عَلَيْهِنَّ دَرَجَةٌ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ. البقرة\228 “… Уларга зиммаларидаги вазифалари баробарида чиройли ҳуқуқлар берилган. Эркаклар учун аёлларга нисбатан бир даража устунлик бор. Аллоҳ Азиздир, Ҳакимдир”. Бақара сурасининг 228 чи манашу оятида Оллоҳ таъоло аёлларнинг ҳуқуқларини зикр қилган. Ибн Касир (1/609) ёзадилар: ولهن على الرجال من الحق مثل ما للرجال عليهن، فلْيؤد كل واحد منهما إلى الآخر ما يجب عليه بالمعروف.تفسير ابن كثير -1 / 609 “Эркакларнинг аёллар устида ҳақлари бўлгани каби аёлларнинг ҳам эркаклар устида ҳақлари бор. Уларнинг ҳар бири ўз зиммасидаги ҳақни шеригига чиройли тарзда адо этсин”, деб ёзганлар Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ. Энди аёлларга қандай муомалада бўлиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: عن أبي هريرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “إن أكمل المؤمنين إيمانا أحسنهم خلقا وخياركم خياركم لنسائكم”. أبو داود، الدارمي، الترمذي، ابن حبان

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминлар ичида иймони комил одам хулқи энг чиройли бўлган одамдир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларингизга яхши муомалада бўладиганингиздир”. (Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон).

Қуръон оятлари ва ҳадисларда аёл кишининг эркак зиммасидаги моддий ва маънавий ҳуқуқлари нималардан иборат экани баён қилиб берилган. Оила бошлиқлари зиммасига озиқ-овқат, уй-жой, кийим-бош, ҳатто баъзи ҳолатларда хизматкор таъминоти ҳам юклатилар экан, шунинг ёнида албатта таълим-тарбия, меҳр-шафқат, ҳурмат ва муҳаббат, яхши муомала, инсоф ва ҳоказо масалалар такрор-такрор эркакларга эслатиб турилади. ► ШАРИАТ ВА ШАРОИТ Ислом шариатида бир қатор масалалар ичида эр ва аёлнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам умумий тарзда кўрсатилган. Масаланинг бошқа баъзи бир жиҳатлари Қуръон ва ҳадислар чегараси ичида ҳар бир юрт ва даврнинг шарт-шароитига боғлиқ, мос ҳолда ҳал қилиниши учун очиқ ва эркин қолдирилган, яъни баъзи масалар. Жумладан мана шу эркак ва аёлнинг ҳақ ҳуқуқлари ҳам. Умимий тарзда яхшиликка чақирилган, умумий баъзи бир жиҳатлар, таъминотлар айтилган, лекин буни айнан аниқ, қанақа шаклда эканлиги, давр шарт-шароитига қолдирилган. Тафсиру Саъдийда (1/101) ёзадилар: ومرجع الحقوق بين الزوجين يرجع إلى المعروف، وهو: العادة الجارية في ذلك البلد وذلك الزمان من مثلها لمثله، ويختلف ذلك باختلاف الأزمنة والأمكنة، والأحوال، والأشخاص والعوائد. تفسير السعدي - 1 / 101 “Эр-хотин ўртасидаги ҳуқуқлар урф (“маъруф”) доирасида бўлади. Бунинг маъноси муайян шаҳар ва даврдаги мана шу каби аёллар ва шу каби эркакларга нисбатан жорий бўлган одатлар демакдир. Бу ишлар замонлар, маконлар, ҳолатлар, шахслар ва одатларга кўра турлича бўлади”, деб ёзадилар Саъдий раҳимаҳуллоҳ. Демак бу ерда айтляптики: Аёл ёки эркакнинг ҳақ ҳуқуқи ўзи яшаётган даврга қаралади ва ўзи яшаётган шаҳарга қаралади. Ўша ерда шунга ўхшаган эркаклар, бошқа эркакларнинг қанақа ҳаққи бор ё ҳуқуқи бор. Ёки шунга ўхшаган бошқа аёлларни қанақа ҳақ, ҳуқуқи бор. Ҳудди ўшанга ўхшаган ҳуқуқи бўлади. Яъни атрофга қараб, ўзининг тенгқурлари билан солиштирилади ва ўшаларнинг ҳуқуқлари бунда ҳам бўлади, деб ёзадилар. Ёки Қаттон тафсирида (1/129): “بالمعروف” تعني ان هذه الحقوق والواجبات موكولة الى اصطلاح ما يجري عليه العرف بينهم وما تعارفوا عليه من آداب وعادات… ولا يمنع هذا من استعانة اي منهما بالخدم ولا من مساعدة كل منهما للآخر . تفسير القطان - 1 / 129 “Чиройли тарзда”, "чиройли ҳуқуқлар" деган иборанинг мазмуни шуки, ҳуқуқ ва бурчлар одамлар ўртасида амалда бўлган урфдаги келишувларга, ижобий одоб ва одатларга боғлиқдир… Бу ҳукм икковларидан бирларининг хизматкор ёллаш ёки бир-бирларига ёрдам бериш имкониятини манъ этмайди”, деб ёзадилар Қаттон.

Биродарлар манашу сўзлар Ислом шариатининг инсонларнинг табиатлари ва шарт-шароитларига нақадар мослаб юборилганини кўрсатади. Мўминлар учун берилган имконият ва ҳаракат доирасининг нечоғли кенг ва қулайлигини билдиради. Бу Аллоҳ таолонинг сиз билан бизга аъто қилган улуғ неъматларидан биридир. Аммо афсуслар бўлсинки кўп ҳолатларда бу неъматларнинг тасарруфи одамлар томонидан номақбул тарзда амалга оширилади. Айрим кишилар инсофни унутадилар. Ўз ҳақларини ундиришда ҳаддан ошадилар. Ўзганинг ҳаққини поймол қиладилар. Баъзан аёлларга зулм бўлади, баъзан эркакларга зулм бўлади, бу ишлар ҳаммаси гуноҳ. Оллоҳ асрасин!

Шариатнинг баъзи масалаларида урфга қараб иш қилишга рухсат берганидан фойдаланиб одамлар, баъзилар урф-одатни гоҳида шариатдан устун қўйиб юборишади. Манашу урф-одат билан шариатни аралаш-қуралаш бўлиб кетиши жудаям кўп муаммолар келтириб чиқаради. Энди шу ҳақида озгина тўхталамиз. ► ШАРИАТ ВА ОДАТ ЎРТАСИ Шариат ва урф-одат ўртасини фарқлай билиш жуда муҳим масала. Шу фарқни англай олмаган, Исломдан бехабар жоҳил одамлар ёки ҳабари бўлса ҳам амал қилмайдиган одамлар вожиб бўлган ишлар билан, вожиб бўлмаган ишларни аралаштириб юборишади. Ихтиёрийлик, одамгарчилик асосида қилинадиган ишларни аралаш-қуралаш қориштириб юборадилар. Шариат билан урф-одатнинг фарқига бормаслик ёки аралаштириб юбориш кўп низоларни келтириб чиқаради. Қайнота, қайнона, қайни сингил, қайни ука ва манашу саволда сўралганидек ҳоказоларнинг хизматини қилиш, бу ҳам урфу-одатга боғлиқ масала. Аслида келинга шариат томонидан буюрилган фарз иш эмас. Аммо бизнинг халқимиз урф-одатида шу нарса бор экан, бу одат миллионлаб одамларнинг ҳаётига сингиб кетган экан, биз бу ишни инсонийлик, меҳрибонлик, меҳнатсеварлик ва чиройли одат тарзида, бир-бирга ҳурмат нуқтаи назаридан қилиниши керак, деймиз. Аммо саволда айтилганидек, “ўзининг фарзандлари катта-катта бўла туриб ҳам бу келиннинг вазифаси”, дейилиши одамда таассуф уйғотади. Чунки, бунақада келин томонидан кўрсатилаётган хизмат, одоб ва инсонийлик, меҳнатсеварлик камситилаётган бўлади. Нега десангиз, модомики, шариатда келин хизматкор деган қонун йўқ. Шунда ҳам келин хизмат қилаётган экан, куёвнинг катта-катта укалари ёки сингиллари ҳам одамийликни билишлари керак ва шунга яраша чиройли жавоб қайтаришлари керак бўлади. Агар бундай бўлмаса, ҳақиқатдан инсоннинг шаъни эътиборга олинмаган, неъматлар қадри ҳам кетгандай бўлиб қолади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар уйда келин билан бирга вояга етган ёшлар бўлсаю хизматни фақат келин қилса, анави ёшлар қачон ўрганади ўзига ўзи ёки бир-бирига хизмат қилишни? Модомики, биз бу ишларни одамийлик ва бир-бирига ҳурмат тарзида қилиниши керак, деяётган эканмиз, яъни шариатдан шу маъно чиқар экан, унда қайни сигилларда хўп одамийлик йўқми? Ёки улар бировни ҳурмат қилишни ҳали ҳам билишмайдими? Эҳтимол: “Улар ҳам келин бўлганда қилади-да!” дейишар. Аммо уйда кўпроқ қилмаса, ёхшироқ ўрганиб олмаса келин бўлганда албатта муаммолар чиқади. У ҳам келин бўлиб борган жойида силлиқ кетмайди унинг ишлари. Шунинг учун қиз бола келин бўлганда ўз ишини чиройли бажариши учун ҳозирдан кеннайисининг ёнига тушиб, баб-баробар ҳаракат қилиши зарур. Ёки қайни ука ўз уйида оёғининг остида ётган ишни “Бу кеннайимнинг вазифаси” демасдан қилиб кетаверса, Исломда ор саналадими? Кеннайи қилиши керак бўлган ишни бу қилди деб, ким уни маломат қилади? Нодон одамлар борда шунақа: "келин қилиши керак бўлган ишни сен қилиб қўйдинг", деб уришадиганлар ҳам борлигини эшитамиз. Яъни бир жойда келин тандирга ўт ёқаётган маҳалда куёв ўтин олиб келиб берганда, отаси уришибди, ҳақорат қилибди, хотин кишини ишини қилдинг деб. Бу қандай аҳвол? Исломда аҳир ғайрат, шижоат, меҳнаткашлик улуғланади-ку. "Агар келин хизматни кўнгилдагидек қила олмаса, уни отасининг уйига жўнатиб, ўғлимни бошқага уйлантираман”, деб дўқ уришлар ҳақиқатдан оз бўлса ҳам унда, мунда учраб туради. Бу ишлар катта гуноҳ саналади. Шошқалоқлик, манманлик ва кибрга кетиш дейилади буни. Манашу саволда сўралган нарса, Оллоҳ ёки Росулуллоҳ буйруқлари эмас, балки урф-одатга кирар экан, биз буни тўғри англашимиз ва ҳаддимизда туришимиз керак. Энди урф-одат ҳақида ҳам озгина тўхталамиз. ► ОДАМЛАР УРФ ОДАТЛАРИ БИЛАН Биз юқорида шариат билан, урф-одатни ўзаро таққосладик. Яъни аралаштириб юбориш керак эмаслиги ҳақида. Энди урф-одатни яхшироқ англашимиз керак. Одамлар билишимиз лозим ёки тан олишимиз керакки, одам боласи урф-одатсиз яшай олмайди. Шундай экан урф-одатнинг ҳукми нима?, деган масала аввалдан мавжуд ва бунинг жавоби ҳам маълум. Агар урф-одат шариатга хилоф келмаса, унга амал қилиш жойиз.

Ислом шариатида ҳукумлар орасида жуда кўп ишлар урфга қолдирилганини кўрамиз. Фиқҳ китобларида бу урфга қайтади деб қўйилади. Урф сўзи арабча “ъарафа” (“таниди”) феълидан олинган бўлиб, унинг маъноси – яхши деб танилган нарса, деганидир. Одат эса “ъада, яъуду” фелидан олинган ( "қайтмоқ, қайтди”) дегани. Яъни қайтиб-қайтиб қилинаверадиган, такрор-такрор қилинадиган нарсани одат дейилади. Урф ҳам одат ҳам арабча сўз.

Ал-мавсуъатул-фиқҳийяту қувайтияда – (29/216) ёзилади:

لاَ خِلاَفَ بَيْنَ الْفُقَهَاءِ فِي أَنَّ الْعَادَةَ مُسْتَنَدٌ لِكَثِيرٍ مِنَ الأَْحْكَامِ الْعَمَلِيَّةِ وَاللَّفْظِيَّةِ ، وَأَنَّهَا تُحَكَّمُ فِيمَا لاَ ضَابِطَ لَهُ شَرْعًا. الموسوعة الفقهية الكويتية - 29 / 216

“Фуқаҳолар ўртасида одатнинг кўпгина амалий ва лафзий ҳукмлар учун асос бўлиб ҳизмат қилишида хилоф йўқ. Одат шаръан бирор кўрсатма мавжуд бўлмаган ишларда ҳукмга киритилади”, дейилган. Демак, одат бу жуда кўп ҳукумларда асос бўлиб ҳизмат қилади. Қачон десангиз, шариатда бирор аниқ кўрсатма мавжуд бўлмаса, шунда одатга қаралади. Одатда қанақа дейилади ва ўша одатдаги иш ҳукмга олинади. وَقَال ابْنُ نُجَيْمٍ : إِنَّمَا تُعْتَبَرُ الْعَادَةُ إِذَا اطَّرَدَتْ أَوْ غَلَبَتْ. الموسوعة الفقهية الكويتية - 30 / 58 “Одат агар доимийга айланиб, тарқалиб кетган бўлса эътиборга олинади”, дейдилар Ибн Нужайм, (Ал-мавсуа - 30/58). Демак одатни ҳам ҳар қанақа одатни эмас, балки жуда кенг тарқалиб кетган, кўпчиликка шу нарса одат бўлиб қолган ва ўша одат шариатга ҳилоф бўлмаган иш бўлса, зарарли иш бўлмаса уни эътиборга олиб, ҳукумга киритилади. Имом Шотибий ёзадилар: баъзи одатлар баъзи юртларда оддий иш саналса, баъзи юртларда хунук саналиши мумкин, дейдилар Ал-мувофақот китобларида. Демак одатдан одатни фарқи бор. Баъзи бир жойда яхши одат бўлса, баъзи бир жойда ўшани одамлар ёмон кўради, буни ҳам эътиборга олинади. Маълумки, яхшию ёмон урф-одат ҳамма миллатда, ҳар бир халқда бор ва ўша ҳар бир миллатнинг урф-одати милатдан, миллатга, ҳалқдан, ҳалққа фарқ қилади. Урф-одат бу фойдалими, зарарлими, одамларнинг турмуш тарзи ва эҳтиёжлари ифодасидир. Зарарли одатлар одатда мақтанчоқлик, кўзбўямачилик учун қилинади. Яхши одатларнинг мазмуни эса ўзаро ҳурмат, одамийлик, ҳамкорлик ва бир-бирига ёрдам мазмунида бўлади. Мана шундай яхши ишларга Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар умумий тарзда буюради. Бундай савобли ишлар ёки яхши одатларнинг мазмуни исломий, Қуръоний бўлса, шакл ва кўринишлари миллий, урфий тусга кирган бўлиши мумкин. ► ИСЛОМ - ОДАМИЙЛИК ДИНИ Аллоҳ таоло Қуръони каримда, Нисо сурасида марҳамат қилади:

وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً. النساء:36

“Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга бирор нарсани шерик қилманглар, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, қариндош қўшнига, бегона қўшнига, ҳамроҳу ҳамхонага, мусофирга, қулларингизга яхшилик қилинглар. Шубҳасиз, Аллоҳ кеккайган, мақтанчоқ кимсани яхши кўрмайди”. (Нисо/36). Мана булар улуғ ҳукумлар, улуғ оятлар. Бу оятда Аллоҳ нафақат қариндошларга, балки бегоналарга ҳам яхшилик қилишга буюрган ва бунинг ҳукми зарурат, эҳтиёж ва имкониятга қараб, гоҳо вожиб бўлади, фарз бўлади, гоҳо мустаҳаб бўлади ва шуларни орасида бўлади. Мана шу оятга қарасангиз буюрилаётан яхшилик халқнинг урф-одатларга қоришган тарзда амалга ошиши табиий. Мана шу ерда Оллоҳ мискинларга, мусофирларга, ҳамроқ, ҳамсафарларга, ҳамҳоналарга, бегоналарга яхшилик қилинг деб буюряпти, мана шунақа яхшилик қилишлар одамларнинг урф-одатига сингип кетган, алҳамдулиллаҳ.

Оятда ота-онага яхшилик қилиш буюрилаётган экан, келин учун қайнота ва қайнона бўлган зотлар эрининг ота-онаси эканини унутмаслик керак. Ва айтиш лозимки, улар учун ҳурматга сазовор, улар эр учун анашу ота-она, келинга қайнота-қайнона бўлган зотлар, эр учун хурматга сазовор ва яхшилик қилинишига энг биринчи ўринда лойиқ инсонлардир. Эр учун ота-она розилиги фарз эканини тушунган келин ўзи туфайли эри билан унинг ота-онаси ўртасига совуқлик тушиб қолишидан ниҳоятда эҳтиёт бўлади.

Қариндошларни ҳурмат қилиш деган тушунча ҳам алҳамдулиллаҳ кўпгина халқларда мавжуд. Лекин унинг амалдаги кўринишлари эса турлича бўлади. Агар бизда улуғ қариндош қайнота-қайнонанинг ҳурмати уларнинг хизматларини қилиш билан бажо бўлади деб тушунилса, бу одатга, урфга кириб кетган бўлса келин буни қўлдан келганича қилгани яхши. Яъни буни фарз дейилмаяпти, исломда фарз эмас. Буни одамийлик, бу қариндошга яхшилик қилишнинг бир кўриниши, деб тушуниш керак.

Агар улар кекса ва хизматга муҳтож бўлсалар, уларнинг хизматини қилиш ёки хизмат қиладиган одамни қойим қилиш ўғилнинг зиммасига албатта вожиб, фарз бўлади. Шундай ҳолатда ҳам уларга хизмат қилиш келин учун фарз эмас, мустаҳаблигича қолади. Дилида иймони бор келин муҳтож инсонга ҳатто бегона мухтож инсонга, қарияга кўзи тушар экан, унга ёрдам бериб улуғ савобларга эришиб олишни ўзи учун ғанимат деб билади. Бунинг устига бу муҳтож инсонлар унинг яхши кўрган турмуш ўртоғининг ота-онаси бўлсачи? Шу ота-она ўз ўғилларидан рози бўлса, бу розиликка сабабчи агар шу келин бўлса, бу улуғ бахт. Бундай келиндан эр ҳам рози, қайнотаю қайнона ҳам рози. Иншоаллоҳ, Аллоҳ ҳам рози.

Аммо бу айтилганлар ўзаро муроса, розилик ва келишув билан амалга ошиши керак. Уй хизматларини келинга ундан бошқаси қилса ҳисобга ўтмайдиган мажбурият қилиб юклаш тўғри эмас. Келинни ҳизмати эҳтиёрийлик асосида бўлса чиройли, шунда савоб бўлади, шунда Ислом мақсадлари амалга ошади. Келин ҳам бу мени вазифамга кирмайди деб туриб олиши одобдан эмас.Ҳаққи бор шундай дейишга, лекин у урф-одатимиздан эмас.

Қайнона ҳам агар жуда кексайиб қолган бўлмаса, уй ишларида келин билан баробар қарашса яхши бўлади. Кўпгина қайнона бўлмиш солиҳа аёллар қиз ҳам узатган бўлишади ва келинни кўрганда қизларини эслаб, алҳамдулиллаҳ деб, доимо яхши муомалада бўлишади. ► АЁЛНИНГ ХИЗМАТИДАН ФОЙДАЛАНИШ НИЯТИДА УЙЛАНИШ Аёлми, эркакми, инсон зоти бир-бирининг ёрдамига муҳтож. Шундай экан, ўзаро муроса ва розилик асосида бир-бирининг хизматидан фойдаланиш жойиз Исломда. Мана бу ҳадисга эътибор беринг: عن جابر رضي الله عنه أنه تزوج ثيباً، فقال له رسول الله صلى الله عليه:فهلا بكراً تلاعبها وتلاعبك، فقال: يا رسول الله قتل أبي يوم أحد وترك تسع بنات فكرهت أن أجمع إليهن خرقاء مثلهن، ولكن امرأة تمشطهن وتقوم عليهن، قال: أحسنت .رواه الشيخان Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши жувон аёлга уйланган эди. Расулуллоҳ дедилар: “Қиз болага уйланмадингми? Қиз болага уйлансанг яхши бўлади, дедилар. Яна озгина сўз айтдилар... Шунда Жобир деди: “Ё Расулуллоҳ, отам Уҳуд кунида ўлдирилган ва ўзидан 9 та қиз қолдирган. Мен уларнинг ёнига уларга ўхшаган яна бир заифани қўшиб қўйишни истамадим. Аёлга уйландимки, токи у қизларни ювиб-тарасин, уларга қарасин”. Расулуллоҳ дедилар: “Яхши қилибсан”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Мана бу ҳадисни қаранг ажойиб ҳадис. Ироқий бу ҳадисни шарҳида Тарҳит-тасриб китобида ёзадилар:“Бу ҳадисда аёл кишини эрига, эрининг болаларига, сингилларига ва қарамоғидаги кишиларга хизмат қилиши жойиз эканига далил бор. Гарчи бу ишлар аёлнинг зиммасига вожиб бўлмаса ҳам, у фақат ўз розилиги билангина қилиши мумкин бўлса ҳам эркак киши уйланаётганда аёлидан шу нарсаларни ният қилиши мумкин.” Бу айтилганлар шубҳасиз, динимиздаги инсонийлик хислатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳеч қачон аёл кишига зулм қилинишига асос бўла олмайди. Аёл кишига зулм қилиб, унга тоқатидан ортиқча юкларни юклаб, унга оғир ҳизматларни қилдираётган одамларга ҳеч қандай асос йўқ. Уларга шариат ҳеч қандай йўл бермаган. На Қуръон, на ҳадисда ундай қаттиқ қўл, зулмкор инсонларга бирор бир ҳужжат йўқ. Бирор бир йўл йўқ, ҳеч бир оқлов йўқ. Ислом дини аёлнинг хизматини суистеъмол қилишга уринувчиларни қатъий қоралаши, маърифатли инсонлар учун кундек равшан. Ўрни келади аёл хизмат қилади, вақти келади эр хизмат қилади, ўрни келади қайнота ёки қайнона хизмат қилади. Ислом, мана шундай одамийлик динидир ва ҳаёт ана шундай давом этади. Демак бир биридан ҳизмат мумкин. Яъни, сеники, меники, менга вожиб эмас, сенга вожиб деган нарсасиз. Бундай нарсаларни йиғиштириб, одамийлик нуқтаи назаридан рози бўлиб, ҳурсанд бўлиб, тану-жонни соғлигига шукр қилиб, Оллоҳ берган бу неъматларга, ҳаёт неъмати, оила неъматига, бундай баҳту-саодатга шукр қилиб, инсон ҳизмат қилса ўзига фойда. Энди манашу мавзу орасида биз, бир мавзуни қўшиб кетамиз. Бу эшитган қулоққа қизиқ туюлади, лекин қизиқ бўлса ҳам, ғалати бўлса ҳам билиб қўйишимиз керак. Бу бизни тасаввуримизни тўлғазади, билимизмизни оширади, қилаётган ишларимизни яна ҳам яхшироқ, тўғрироқ қилишимизга ёрдам беради. Хатоларимизни тўғрилайди, иншааллоҳ. ► АЁЛ КИШИГА ХИЗМАТКОР ОЛИБ БЕРИШ

Бу мавзу бизнинг шароитимизга ҳам, урф-одатимизга ҳам мос тушмаслигини биламиз. Арабларда ҳизматкор олиб берар экан келинига деб, ҳикоя қилиб келишади Ҳажга борганлар. Бугун ўзбекистонликлар иқтисодий мушкулликлар остида азоб чекаётган экан, аёлига хизматкор солиш деган сўз мутлақо ортиқча. Ўзини эплаб олсин эркаклар, бу гап ортиқча гап аёлига ҳизматкор, лекин бу бор гап, шуниси эътиборли. Ўзи кўпгина муаммоларимиз манашу урф-одатларимизга эмас фақат, балки иқтисодий ночорликка ҳам боғлиқ. Майли ҳаёт ўз йўлига, урф-одатлар ҳам ўз йўлига. Аммо буюк Ислом динимиз муслималарга қандай ҳуқуқлар берганини билиб қўйишимиз яхши бўлади.

Ал-мавсуатул-фиқҳийяда (19/39) келтирилади:

ذَهَبَ جُمْهُورُ الْفُقَهَاءِ إِلَى أَنَّهُ يَجِبُ عَلَى الزَّوْجِ إِخْدَامُ زَوْجَتِهِ الَّتِي لاَ يَلِيقُ بِهَا خِدْمَةُ نَفْسِهَا بِأَنْ كَانَتْ تُخْدَمُ فِي بَيْتِ أَبِيهَا، أَوْ كَانَتْ مِنْ ذَوِي الأَْقْدَارِ، لِكَوْنِ هَذَا مِنْ حَقِّهَا فِي الْمُعَاشَرَةِ بِالْمَعْرُوفِ الْمَأْمُورِ بِهَا فِي قَوْله تَعَالَى: {وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ} (سورة النساء / 19) وَلأَِنَّ هَذَا مِنْ كِفَايَتِهَا وَمِمَّا يُحْتَاجُ إِلَيْهِ فِي الدَّوَامِ فَأَشْبَهَ النَّفَقَةَ. الموسوعة الفقهية الكويتية –19 / 39

“Барча фуқаҳолар ўзига ўзи хизмат қилишга лойиқ бўлмаган, яъни отасининг уйида хизматкори бўлган ёки қадри баланд саналган аёллардан бўлса, унга хизматкор олиб бериши эрга вожибдир, дейишган”.

Қаранг, бунисига нима дейсиз? Шунақа аёллар ҳам бўларкан. Қадри баланд бўларкан. Уйида ўзига ўзи ҳизмат қилмаган экан. Отасини уйида ҳизматкори бўлган экан. Ҳозир биз кўрмаган бўлсак ҳам, шундай ишлар ҳаётда бўлган, баъзи жойларда ҳозир ҳам бор. Ана Ислом аёлларни ҳаққини-ҳуқуқини чеклаган ёки эркакга ҳизматкор қилиб қўйган, деган мунофиқлар ёки жоҳиллар ёки кофирлар буни ҳам эшитиб қўйишса, ёки аёллар, умуман мусулмонлар бу нарсаларни билишимиз керак. Ислом динимиз мана шундай.

Энди бу ёғида Имом Абу Юсуфнинг сўзлари ҳам бор. Имом Абу Юсуф ҳатто агар аёл киши отасининг уйидан бир неча хизматкор билан узатилган бўлса эрга ва аёл шуларнинг хизматига муҳтож бўлса, уларнинг хизмат ҳақини тўлаш эрнинг зиммасидадир, деганлар. Яна уламолар айтишган, агар аёл киши ўз ўзига хизмат қиладиган оиладан бўлса, обрўли хонадондан бўлса ҳам уй хизматларини бажариш унинг ўзига вожибдир, дейишади. “Чунки Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ишларни Али ва Фотима ўртасида тақсимлаб берганлар. Шунда ташқаридаги ишларни Али разияллоҳу анҳуга, ичкаридаги ишларни эса олам аёлларининг саййидаси бўлишларига қарамай Фотима разияллоҳу анҳога тайинладилар. (Ад- дуррул- мухтор- 2/648)” Мана бу сўзлардан азизлар, ҳаётни, динни биз тўғрироқ, чуқурроқ тушунишимизга ёрдам оламиз, иншааллоҳ.

“Ҳанафий, моликий ва ҳанбалийлардан иборат жумҳур уламолар аёлига хизматкор олиб бериш фақат бой эрга вожибдир, дейишган”. (Ал-мавсуатул-фиқҳийя -41/19).

► ХУЛОСА Ҳаётга сингиб кетган фойдали урф-одатларга амал қилиш нима бўлганда ҳам фарз эмас, балки мубоҳ ёки мустаҳаб даражасида бўлади. Қолаверса, чиройли урф-одатларга амал қилиш, жумладан, бир-бирига розилик ва самимийлик билан хизмат қилиш ёки фойда етказиш инсоннинг ақлу заковати, фаҳму фаросатига, шарму ҳаёсига далолат қилади. Чунки мана шунда унинг обрўси сақланади, ҳурмати ошади, дўсти кўпаяди, оилавий бахти мустаҳкам бўлади. Шунга ақли етган одам ўзи билиб-билиб ишини қилади. Шунинг учун бу ақллилик аломати, ҳаё аломати ҳам дейилади. Энди ўзидан бошқанинг хизматига заруратсиз кўз тикиб, лаллайиб ўтириш ёки иззатталаб бўлиб туриш бу исломий хулқдан эмас. Балки бу ялқовлик, ишёқмаслик яъни одамларни ишлатиб, уларни кучидан фойдаланиб, текинхўрлик қилиш сифатида ёмон кўрилади ва бундай одамнинг ҳурмати кетади. Қолаверса, камҳаракатлик, бир жойда ўтириб олиб буйруқвозлик қилиб ўтириш бу унинг соғлига ҳам катта зиён, ўзи юриб тургани ҳам яхши. Алҳамдулиллаҳ Оллоҳ оёқ-қўлни берибди деб, ўзи туриб ўзи чойини баъзан ўзи дамлаб, ёки ўзини овқатини ўзи қилиб, пишириб олиб келишни ҳам эсидан чиқариб қўйиш керак эмас, ўшанда оёқ-қўли ҳаракатга тушади. Оллоҳ берган неъматга шукр қилиб, ўзига ўзи ҳизмат қилишни ҳам эсидан чиқариб қўйиш керак эмас. Оллоҳ барчамизга тавфиқ берсин.

Қайнота-қайнонага ҳам камтарлик зийнат. Улар ҳам ҳаракатчан ва меҳнатсевар бўлишгани фарзандлар учун ҳам ўрнак. Ҳаётда шундай меҳнаткаш ота-оналар, қайнота-қайноналар алҳамдулиллоҳ, жуда кўп. Шу билан бир қаторда ўрни билан ёшларга иш буюриб туриш исломий тарбиянинг бир бўлаги, фарзандлар учун тажриба мактабидир. Ўшандай ўзи ишчан ота-она ёки қайнота-қайнона бир иш буюрса келинга ҳеч қандай оғир ботмайди, дарров қилиб кетаверади. Чунки уни буюраётган одам ўзи шунақа ғайратли. Бундай пайтда катталар келинни ҳам, ўзларининг ўғил-қизларини ҳам баробар кўришгани яхши.

Манашу мавзуларда гап кетар экан, оиланинг ҳар бир аъзосидан сабрли бўлиш талаб қилинади. Сабр эса баъзилар ўйлагандек нафақат аёлга, балки ҳаммага баробар лозимдир. Қайнотаю қайнона ҳам, келину куёв ҳам бир-бирларида кўрган камчиликларига сабр ва мулойимлик билан муносабат билдиришлари лозим, чиройли муомала қилишлари зарур. Яхшиликларини қадрлашлари, рағбатлантириб туришлари керак. Яхшиликка яхшилик бу - Расулуллоҳни суннатлари, Ислом динимиз қонуни.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳидоят, тўғри тушунча ва Исломга чиройли амал қилишни насиб этсин. Келин-куёвларга бахт-саодат ато айласин.

Шайх Обид қори Собитхон ўғли.

манба: http://www.islomovozi.com/?p=583

Report Page