...

...

AGROBLOGER

1. Шўрхок тупроқларда намликни сақлаш. Тупроғи шўрланган Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Марказий Фарғона шароитида суғориладиган сувда тузларнинг кўпайиб кетиши натижасида ўсимликнинг илдиз тизимининг куйиши ва баргларнинг сарғайиб кетишига алоҳида эътибор бериш зарур. Бунинг олдини олиш учун тупроқда намликни сақлаш ва йиғиш чора-тадбирларини кўриш керак. Бу ҳудудларда суғориш билан биргаликда тупроқда чуқур культивация ўтказилиши, тупроқда намликни ушлаб қолиш, тупроқ – ҳаво алмашинувини яхшилаб, илдиз тизимининг сақланишини ва яхши ривожланишини ер устки қисмининг ўсишини, меваларнинг яхши етилишини таъминлайди.

Шағалли ва қумли тупроқларда намликни сақлашга алоҳида эътибор бериш зарур, чунки уларда сувни сақлаб қолиш хусусияти кучсиз бўлганлиги боис тупроқ қизиб кетиши мумкин.

Шағалли ва қумли тупроқларда айниқса, Фарғона водийсининг шағал ва қум билан қопланган тупроқларида, Бухоро ва Самарқанд вилоятининг баъзи туманлари ва воҳаларида тупроқда намлик камлиги натижасида тупроқ кучли қизиб кетиб, ўсимлик ўсишидан тўхтаб, қуриб қолиши ва меваларининг ривожланиши муддатидан олдин тўхтаб, тўкилиб кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун бу ҳудудларда намликни сақлаш мақсадида 1–2 маротаба қўшимча суғориш ва кетма-кет культивация ўтказиш зарур.

2. Минерал ўғитлар билан озиқлантириш. Тупроқда намлик етарли даражада бўлганида минерал ўғитларни солиш яхши натижа беради. Шунинг учун намлик кам бўлган шароитда ўғитларни тупроққа чуқур солиш зарур, бу самарадорликни оширади.

3. Тупроқда намни сақлашда мульчалашнинг аҳамияти. Тупроқда намликни сақлаш учун тупроқни мульчалаш айниқса, қумли, шағалли, шўрланган ҳамда шартли суғориладиган тупроқларда яхши самара беради. Бундан ташқари, шўрланган тупроқларда мульчалаш тузни камайишига ёрдам қилади. Мульча сифатида похол, қипиқ, чириган гўнг, ўрилган ўт, шоли қипиғидан фойдаланиш мумкин. Мульча 10–12 см қалинликда ва 100 см энликда (радиус) солинади. Тупроқни мульчалаганда – 70 м3/га сув иқтисод қилинади.

Токзорларда сувдан унумли ва самарали фойдаланиб, бир текисда намликка эришиш учун суғориш ариқларининг узунлигини қисқартириш зарур.

Сувни кучсиз ўтказадиган оғир тупроқларга нисбатан шағалли ва қумли тупроқларда суғориш ариқларининг узунлиги 100–120 м дан ошмаслиги керак. Агарда узунлиги ошиб кетса, сув сарфи кўпайиб кетади. Суғориш ариқларини қисқартириш натижасида сувнинг иқтисоди 105 м3/га ни ташкил этади.

Жанубий ҳудудлар ҳамда Тошкент, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг лалми ерлари, тоғ ва тоғолди туманларида намликни сақлаш катта аҳамиятга эга. Ушбу ҳудудларда намликни сақлаш ишларини эрта бошлаб, шўрланган ерларнинг шўрини ювиш зарур.

Сув танқислиги шароитида бор имкониятлардан – булоқ сувидан, сойлардаги сувларни насослар орқали чиқариб суғоришдан фойдаланиш зарур. Ҳар бир суғоришдан сўнг тупроқда намликни сақлаш мақсадида албатта культивация ўтказиш керак.

Суғориш имконияти йўқ туманларда, айниқса, ёш ва ҳосилли токзорларда культивация ўтказиб, тупроқни албатта мульчалаш керак. Культивация тупроқ структурасини яхшилайди ва 80 м3/га ҳажмда намликни йиғиш ва сақлашга имкон яратади.

Ёш токзорларда тупдан 60 см узоқликда ўсимликнинг икки томонидан олинган ариқларнинг иккала ариғи орқали суғорилади. Ҳосилли токзорларда қатор орасидан битта 40 см чуқурликда ариқ олиниб, (имкон бўлса канавокопательда) суғорилади. Бу қисқа вақт ичида асосий илдиз тизими жойлашган тупроқнинг пастки горизонтларининг намланишига имкон беради.

Сув иқтисоди 30% гача ёки 210 м3/га ни ташкил этади.

Сув таъминоти етарли бўлмаган ҳудудларда сентябргача имкониятга қараб, 1–2 маротаба суғоришни ўтказиш керак.

Тупроқда намликни сақлашда бегона ўтларнинг зарари. Бегона ўтлар тупроқни оздиради ҳамда тупроқдаги намликни парлатиб юборади. Шунинг учун ҳамма ёқда бегона ўтларни қатор ораларида, туп қаторларида ҳамда туп ораларидан йўқ қилиш чораларини кўриш керак.

Токзорларда хомтокнинг аҳамияти. Ҳосилли узумзорларда муҳим ёзги ишларга яшил операция – хомток ва чеканка киради.

Токзорларда ўтказиладиган яшил операциялар тўғри, ўз вақтида ўтказилганда, новдалар нормал ҳолда пишиб етилади, мевалари катталашади, келаси йили учун ҳосил куртаклари шаклланади.

Хомток ўтказиш натижасида қалинлашган новдалар олиб ташланиб, сийраклаштирилади, қуёш нуридан фойдаланиш яхшиланади, қолган ҳосилли новдаларнинг ривожланиши кучаяди. Чеканкани биринчи навбатда кучли ўсадиган тупларда бир вақтда сийраклаштириб, ёнидан чиққан бачки новдалар, қайсики қалинлашиб, ҳаво ва ёруғлик етказмайдиганлари ҳам бир йўла олиб ташланади. Чеканка август ойининг бошида ўтказилади.

Бу тадбирлар ҳаммаси парланиш майдонини қисқартириб, сув сарфини камайтиради ҳамда тупроқдаги намликни 100 м3/га гача иқтисод қилиш имконини яратади.

Тупроқ шароити, боғ ва токзорларнинг ҳолати ер ости сувларининг миқдорини ҳисобга олган ҳолда сувдан тўғри фойдаланиш учун қаттиқ назорат ўрнатиш, оқава сувларни бекорга оқиб кетмаслигига йўл қўймасдан, ички хўжалик ишларида сув оборотини ташкил қилиш зарур.

Асосий вазифа қуриб қолмаслик чорасини кўриш, ўсимликни ўсишдан тўхтатмаслик, мавжуд боғ ва токзорлардан юқори сифатли яхши маҳсулот олиш, сув ва озуқа таркибини таъминлаб сақлаб, келаси йил ҳосили учун пухта замин тайёрлашдир.

Мева-узум ҳосилини кўтариш, маҳсулот ишлаб чиқаришда асосий фактор бу – боғ ва токзорларни тўғри суғоришдир.

Боғ ва токзорларни ҳозирги вақтда асосан ариқлар орқали суғорилади. Ариқлар орқали суғорилганда сувнинг анча қисми парланиш билан йўқолади, бирмунча қўл меҳнати сарфланади, бунда ҳосилли 1 гектар боғда меҳнат сарфи 60 киши соатга етади.

Томчилаб суғоришнинг афзаллиги. Ўзбекистон деҳқончилигида сув ресурсларининг чегараланганлиги ва ўсиб бораётган суғориладиган сувнинг танқислиги боис суғоришнинг самарали ва иқтисодий усулларини қўллаш талаб этилади.

Р.Р.Шредер номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-текшириш институтининг Самарқанд филиали Ўрта Осиё ирригация илмий текшириш институти билан биргаликда томчилаб суғориш бўйича Жиззах вилоятининг 3омин туманида сув тақчил қиялик ерларда узумнинг “Қора кишмиш”, “Пушти тойфи”, “Қора жанжал” навларидан экиб, 6,5 гектар майдонида тажрибалар ўтказдилар.

Томчилаб суғорилганда ҳосилдорлик 119 ц/га ни, ариқ орқали суғорилганда 89,5 ц/га ни ташкил этди. 3 йил давомида жами ҳосилдорлик томчилаб суғорилганда 357,2 ц/га ни, ариқ олиб суғорилганда 268,4 ц/га ни ташкил этди. Ҳосилдорлик 88 ц/га кам бўлди. Сув иқтисоди 35% ни ташкил этди.

3 йил давомида 1 ц узум маҳсулоти олиш учун ариқ орқали суғорилганга нисбатан меҳнат сарфи 1,4 кам бўлган.

Самарқанд вилоятининг эррозияга молик бўз тупроғида узумзорни томчилаб суғорилганда ҳосил 130 ц/га ни, ариқ олиб суғорилганда 97,8 ц/га ни ташкил қилди ёки 33 ц/га ҳосил кам бўлди. 3 йил давомида жами ҳосил томчилаб суғорилганда 392,5 ц/га, ариқ орқали суғорилганда 293,5 ц/га ни ёки 34% ҳосил кўп бўлди.

Эррозиялик бўз тупроқларда суғориш ҳажми ариқ орқали суғорилганда 3860 м3ни, томчилаб суғорилганда 2770 м3 ташкил қилди ёки 1090 м3/га кам бўлди. Сув иқтисоди 30% ни ташкил этди.

Қиялик тошлоқ тупроқларда ариқлардан суғоришда сув ҳажми 7520 м3/га ни ташкил этди (суғориш ҳажми 580 м3/га) томчилаб суғорилганда 4435 м3/га бўлди. Суғориладиган сув иқтисоди 3085 м3/га ни ташкил этди, ёки 44,7% ни.


@AGROBLOGER канали

Абдуллаев ва бошқалар.

dehqon.uz


Report Page