...

...

AGROBLOGER

Айни кунларда боғ ва токзорларда мавсумий парвариш ишлари асосан тугалланган бўлиб, эндиликда қишга сақланадиган мева ва узум ҳосилини теришга эътибор берилади. 

 Тупроқ қатлами қалин бўз ва бўз-ўтлоқи ерлардаги боғларни 15 сентябрдан сўнг суғориш ишлари тўхтатилади. Тупроқ қатлами юпқа (таги шағалли ерларда) майдонларни сентябрнинг охиригача суғориш мумкин. Шунда дарахтлар қишга яхши тайёрланади, совуқдан азият чекмайди. 

 Дарахтларнинг танаси (ердан она шохларгача) яхшилаб оқланади. Бунда бир қисм оҳакка бир қисм тупроқ ва ҳар 10 л эритмага молнинг 2–3 кг янги шатмоғи қўшилса яхши самара беради. Бу, биринчидан, ниқоб вазифасини бажариб, совуққа чидамлилигини оширса, иккинчидан, танадаги ёриқларга эритма кириб, зараркунандаларнинг қишлашини бартараф этиб, касалликлар захирасига қирон келтиради. 

 Зараркунанда ва касаллик тарқалган боғларда, кеч кузда пуркаш ишларини бажариш учун кимёвий восита ва пуркагичларни тайёрлаб қўйиш зарур. Меванинг кечпишар навлари ҳосили сентябрь ойида пишиб етилади. Ҳосил теримига 10–15 кун қолганда, ҳар 100 м масофада юк ташиш учун йўллар тайёрланади. Кечпишар олма ва нок меваларининг пишиб етилишига қараб теришга киришилади. Энг аввал ерга тўкилган мева териб олинади. 

 Тўпланган мева-узумлар сараланади, катта-кичикликка ажратилиб товар ҳолатига қараб, яшчикларга тахланади, сўнгра сақлаш ва қайта ишлаш ёки сотувга юборилади. Мўл ва сифатли ҳосил олиш учун қулупнай кўчатлари тупроққа яхши ўрнашишини таъминлаш учун (иложи борича кўпроқ шохлатиш) парваришини кучайтириш зарур. 

 Ток икки муддатда: кўмиладиган токлар кузда йиғим-теримдан сўнг, кўмилмайдигани асосан баҳорда кесилади. Узумдан мўл ҳосил олиш учун ҳар йили кесилиб, маълум шаклга келтирилади. Ток новдаларининг сони ва тупда жойланиши, токнинг ўсиш кучига қараб кесилади. Шунда ҳосилга кириши тезлашади, ҳосил бериш даври узаяди, токзорни ишлаш ва механизациядан фойдаланиш, касаллик ва зараркунандаларига қарши кураш ишлари осонлашади. 

 Ҳосил олиш учун доимо яхши пишган, бақувват, соғлом ва бағазларда яхши ётадиган, бўғим орасида меъёридаги новдалар қолдирилади. Вертикал симбағазда ўстирилувчи ҳосилдор токни умумқабул қилинган технология бўйича кесиш зарур. Кесиш вақтида тупларда меъёридан 20–25 фоиз қўшимча кўзлар қолдирилади. 

 Кучли ўсадиган Пушти тоифи, Нимранг, Хусайни, Қоракишмиш каби навларда кўзлар кўпроқ қолдирилиб, узунроқ кесилади. Бир тупда 200–300 тагача кўз қолдирилади. Ўртача ўсувчи Ркацители, Саперави, Мускат розовый навларида кўзлар сони 150–180 тагача қолдирилгани маъқул. Кучсиз ўсадиган Рислинг, Пиночерный навларида эса 80–120 та кўз қолдирилади. 

 Пишган новдалар шундай кесиладики, уларни пастки симга боғлаш мумкин бўлсин, заифроқ новдаларда 2–3 та кўзча қолдириб кесилади. Келажакда 4–6 та занг бўлиши учун новдалар қолдирилади, 9–10 ёшли занг новдалар янгиланади. Ҳар битта зангда 2–3 (юкламага қараб) новда ва зангни қуйи қисмида ўринбосар новда (2–3 кўз) қолдириб кесилади. Занглар иккала томонга тенг тақсимланади. 

  Келаси йили бирорта занг алмашадиган бўлса (олиб ташланадиган), унинг ўрнига занг ҳосил қилиш учун маъқул бўладиган новда қолдирилади. Кесилган ток туплари кўндоқлаб ётқизилгач, кўмишдан олдин оидиум (кул) ва антракноз касалликларига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш керак. 

  Мева-узум маҳсулотлари ертўла, омбор, оддий ўра ёки омборхоналарда сақланади. Етилган мевалар об-ҳаво қуруқ вақтда, банди билан бирга авайлаб узилади. Етилиш даражаси бўйича нав¬ларга ажратилади ва ўлчамлари бўйича саралаб, яшчикларга жойланади, 7–8 яшчикни устма-уст омборнинг шипигача 50–60 см масофа қолдириб тахланади. Яшчикларни қаторлари ўртасида ҳаво юриши учун 10 см тирқиш ва 60–80 см. ли йўл қолдирилади. 

 Олмани омборларда идишсиз сақлаш учун девор бўйлаб турли кенгликда, баландлиги 10–15 см. ли ёндорли сўкчаклар ўрнатилади. Мева-узумларни сақлаш вақтида текшириб туриш учун улар сўкчакларга пирамида шаклида ўйиб ёки юпқа қават қилиб ёйиб қўйилади. Олма ва нокни 5–6 ойгача сақлашнинг энг яхши шарт-шароити ҳаво ҳарорати 0–1 °С ва нисбий намликни 85–95% бўлганидир. Албатта оддий ертўлаларда бундай шароитга эришиш қийин. 

  Бунинг учун ҳавони шамоллатиб, сув сепиб, олтингугурт билан дудлаш ва маълум оралиқда мева-узум сифатини текшириб бориш керак. Узум бошларини сояга ёйиб, 1–2 кун шамоллатиб сўлитилади. Сўнгра бошларини иккитадан бойлаб, осиб сақласа ҳам бўлади. Новдалари билан кесилган узум бошлари сувли идишга новдасини-ботириб сақлаш ҳам яхши натижа беради. 

 Айрим жойларда узум қамишдан тўқилган бордонларга ётқизиб ҳам сақланади. Сақланаётган маҳсулот бир ойда икки маротаба кўздан кечирилади ва омборхона олтингугурт билан дудлаб турилади. 


@AGROBLOGER канали

 А.Арипов, Х.Утаганов, Х.Абдуллаева

agro.uz

Report Page