...

...

AGROBLOGER

Сабзи илдиз мевасининг сифати бевосита қўлланиладиган ўғит меъёрларига боғлиқ.

Азотли ўғитлар илдиз мева таркибидаги каротин миқдорини оширади, оқсил алмашинувини яхшилайди, баъзи ҳолларда қанд ва қуруқ модда миқдорини камайтиради. Сабзи азот билан керагидан ортиқча озиқлантирилганда, илдизмева серсув бўлиб, ўзак қисми ксилема ҳужайраларининг одатдагидан тезроқ ривожланиши натижасида ғовак бўлиб қолади. Илдиз мева таркибида нооқсил шаклдаги азот кўп миқдорда тўпланади. Натижада замбуруғ ва бактерияларнинг тез кўпайиши учун қулай озиқланиш муҳити юзага келади, сақлаш учун ажратилган сабзилар чирийди, кўкариб нобуд бўлади.

Суғориладиган бўз тупроқларда олиб борилган тажрибаларда (Х.З. Умаров, 1981) 1 га майдонга 150 кг азот, 100 кг фосфор ва 50 кг калий киритилганда, сабзининг Сариқ Мирзои 304 нави уч йил давомида ўртача 277 ц ҳосил берган. Таркибидаги қуруқ модда 12,5%ни, қанд моддалари 7,4%ни, каротин 7,4 мг%ни ва С витамини 6,4 мг%ни ташкил қилган.

Азот миқдорининг янада оширилиши (200 кг/га) маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатган. Ҳосил олти ой сақлангандан кейин унинг таркибидаги қуруқ модда ва қанд миқдори мос равишда 0,7 ва 0,4% га камайган, табиий нобудгарчилик 1,5-2,0 марта ошган.

Фосфорли ўғитлар ҳосилнинг ўзгаришига унча кучли таъсир кўрсатмайди. Фосфорли ўғитларнинг таъсири кўп жиҳатдан тупроқларнинг ҳаракатчан фосфор билан таъминланганлик даражасига боғлиқ. Меъёрида қўлланилган фосфорли ўғитлар сабзининг илдизмеваси таркибидаги қуруқ модда, қанд, каротин моддалар миқдорини сезиларли даражада оширади.

Сабзи ҳосил сифатининг ошишида калийли ўғитлар ўзига хос аҳамият касб этади. Тупроқда калийнинг танқислигида, ўсимликлар танасида углевод алмашинуви бузилади, баргларда кўп миқдорда моносахаридлар тўпланади, реутилизация, фотосинтез жараёнлари ва шунингдек, оддий қанд моддаларининг мураккаб қанд моддаларига айланиши бузилади. Сабзидан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш учун ҳар га майдонга 50-75 кг калий (К2О) қўллаш тавсия этилади.


@AGROBLOGER канали

Б. Мусаев. "Агрокимё".

dehqon.uz


Report Page