...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистонда картошкани иккиҳосилли экин сифатида ўстириш, яъни эртаги картошка янги ҳосилини ковлаб, ёзда қайта экиш йўли билан бир йилда 2 марта ҳосил олиш масаласи катта аҳамиятга эга.

Иккиҳосилли экин асосида етиштирилган туганаклар йирик, силлиқ ва рангдор бўлиб, яхши сақланади. Кеч нишлайди, ўсув даври эса узоқ давом этади. Чунки, картошка иккиҳосилли экин сифатида ёзда янги ковлаб қайта экилган туганакларидан ўстирилганда, ҳосилнинг шаклланиши салқин ойларга (сентябрь–октябрга) тўғри келади.

Картошканинг янги ковланган туганакларини тиним давридан чиқаришнинг кимёвий, айниқса, физикавий усулларидан фойдаланилганда қўшимча меҳнат сарфлашга тўғри келади. Бундан ташқари, бу усуллар ҳамма навларда ҳам кутган натижани бермайди.

Шунинг учун биринчидан — тиним даври қисқа ёки уни бузиш учун сунъий усуллардан фойдаланиш зарурати бўлмаган иккиҳосилли экинга мос навларини яратиш; иккинчидан — картошкани қисқа муддатда тиним давридан

чиқариб, тўла ва қийғос ўсимликлар олишни таъминлайдиган ўстирувчи ва нишлатувчи стимуляторларни ишлаб чиқиш амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эга.

Картошка иккиҳосилли экин сифатида ўстирилганда, ўсимликнинг морфологик белгилари ва биологик хусусиятларининг сезиларли ўзгаришига олиб келади. Янги ковлаб қайта экилган уруғлик туганаклар секин ва бирин-кетин кўкаради. Кўкарган ўсимлик ер устки қисми яхши ривожланмаган майда ва барг сатҳи катта бўлмаган 1-2 та поя ҳосил қилади. Бошқа хусусияти — ўсимлик кўкаргач жадал ўсиб, ривожланади, туганак тугиш эрта бошланади. Иккиҳосилли экин морфологиясидаги фарқ шундаки, столонлар жуда қисқа бўлиб, туганаклар уя бўлиб ғуж жойлашади. Ҳар бир тупдаги туганаклар сони 5-8 тадан ошмайди. Вазни йирик, кўринимли бўлади.

Ёзда янги ковлаб олинган туганаги билан экиб, икки ҳосил олишга: Сантэ, Марфона, Ликария, Симфония, Аринда, Арнова, Аладин, Каратоп, Севиля, Мемфис, Баҳро-30, Қувонч-16/56 м, Яроқли-2010 навлари яроқли ҳисобланади.

Бу навлар экилган эртаги пайкали тўлиқ гуллагач, 20-25 кун ўтгандан сўнг (15-25 июнда) палаги махсус косилка ёки КИР-1,5 ёрдамида ўриб ташланади. Ёки гектарига 15-20 килограмм магний хлорат 500-600 литр сувда эритилиб, десикация қилинади.

Палаги ўриб ташланган ёки десикация қилинган уруғлик пайкал ҳосили 20-25 июнларда ковлаб олинади. Ва 1-2 кун ичида вазни 30-80 граммлик туганаклар кертилади. Вазни 80 граммдан зиёдлари эса 2-3 бўлакка бўлиниб, 30-35 килограммдан қилиб тўр халталарга солинади. Уруғлик туганакларни кесиш, кертиш ва тўрларга жойлаш билан бирга, нишлатувчи ва ўстирувчи моддалар эритмаси тайёрланади.

Ковлаб қайта экилаётган туганаклар унувчанлиги ва ҳосилдорлигини оширишда янги истиқболли ва республикамизда мавжуд ўстирувчи стимуляторлардан (ППК-1, Рослин кабилардан) фойдаланиш ҳамда эртаги картошка палаги гуллагач 20-куни уни ўриб ташлаш, айниқса десикация қилиш мақсадга мувофиқ.

Экиш муддати 25-30 июн — 10 июлдан кечикмаслиги шарт. Экиш чуқурлиги 8-10 см, қалинлиги эса ҳар гектарда 70-93 минг туп бўлиб, 70х20 сантиметр схемада экилади. Янги ковлаб, қайта экилган туганаклардан ўсимликлар 30-35 кундан сўнг пайдо бўлади.

Бу даврда дала тез-тез (4-6 кун оралатиб), кичик меъёрда суғориб турилади. Тупроқ юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Бу технологияда картошка етиштирилганда палакнинг сарғайиши, қуриб қолиши кузатилмайди. Кўпчилик ҳолларда картошка ҳосили палакларни дастлабки қора совуқ уриб кетгач, ковлаб олинади.


AGROBLOGER канали

 Т.Э.Остонақулов, Н.Х.Халилов, М.Қ.Луков. «Такрорий экинлар фаровонлик манбаи».

agronet.uz

Report Page