...

...


Кунгабоқар ҳозирги кунда дунёда энг муҳим аҳамиятли мойли экинлардан бири ҳисобланади ва истеъмолчилар орасида нисбатан хавфсиз озиқ-овқат мойи сифатида оммабопдир. Дунёда кўплаб давлатларда экин майдони ва ундан олинадиган ҳосил миқдорига қараб иқтисодий самарадорлик даражаси ортиб бориши кузатилмоқда. Сўнгги беш йилликда кунгабоқар ер юзидаги 72 та мамлакатда 25-26 млн гектардан ортиқ майдонда етиштирилиб, ўртача 40,5-42,0 млн тонна ҳосил олинган. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда асосий ва такрорий экин сифатида мойли кунгабоқар навларини етиштириш кўпайиб бормоқда.

2022-йилда Ўзбекистон бўйича жами 61,7 минг гектар, шундан асосий майдонларга 25,7 минг гектар ва такрорий майдонларга 36,0 минг гектар кунгабоқар экилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу майдонлардан 128 минг тонна ҳосил жамғариш режалаштирилмоқда.


Етиштирилиши прогноз қилинаётган кунгабоқар ҳосили тўлиқ қайта ишлаш корхоналарига йўналтирилиши белгиланган бўлиб, ушбу ҳосилдан 45 минг тонна ўсимлик мойи ва 83 минг тонна кунгабоқар шроти ишлаб чиқилади. Ишлаб чиқилган кунгабоқар шроти чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига йўналтирилади.


Кунгабоқар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларининг асосий майдонларига экиб келинмоқда. Бугунги кунда Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази томонидан республиканинг турли тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган кунгабоқарнинг 51 та нави Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритилган.


Фойдаси


Кунгабоқар мойи озиқ-овқатдан ташқари тиббиётда, косметологияда, парфюмерияда ва қурилиш соҳаларида қўлланилади. У оқиш сариқ рангли, тиниқ, уруғ таркибида 29-56% мой ва 15% оқсил бўлади. Кунгабоқар мойи таркибида 62% гача биологик фаол менол кислотаси, витаминлардан А, Д, Э, К, фосфатидлар мавжуд. Кунгабоқар мойи маргарин, маёнез, балиқ ва сабзавот консервалари, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда, лак-бўёқ, совун тайёрлашда ишлатилади. Уруғидан мой олингандан кейин қоладиган чиқиндилари – шрот ва кунжара чорва молларига юқори сифатли озуқадир. Уруғ мағзидан мой ажратиб олингандан кейин шакар қўшиб ҳолва тайёрланади. Кунгабоқарнинг савати (гултўплами) чорва молларига ҳам яхши озуқа. Табобатда гуллари, барглари ва уруғлари қўлланилади. Уруғи таркибида мой, оқсил, углеводлар, каротиноидлар, фитин моддалари мавжуд. Баргларида каротин, елим моддалар, каучук, флавоноидлар, органик кислоталар аниқланган. Гулларида бўёқли моддалар, спиртлар мавжуд.

Турлари


Кунгабоқар навлари уруғнинг катталиги, мойнинг миқдори ва мағзининг чиқишига кўра қуйидаги 3 та кенжа турларга бўлинади:


Чақиладиган қунгабоқар – пояси йўғон, баландлиги 4 м.гача, барги ва савати йирик, диаметри 45 см.гача. Пистаси узун (11-23 мм), эни (7,5-12 мм). Мағзи пистасининг ярмини эгаллайди. 1000 тасининг вазни 100-170 г. бўлади.

Мойли кунгабоқар – поя баландлиги 1,5-2,5 м., шохланади, саватлар сони кўп. Саватнинг диаметри 14-20 см. Писта узунлиги 7-13 мм, эни 4-7 мм. Мағзи пистани бутунлай эгаллайди. Пўчоғи 40-43% бўлади. 1000 тасининг вазни 35-80 г.

Оралиқ кунгабоқар – бу юқорида баён этилган кенжа турларнинг ўртасида оралиқ ўринни эгаллайди. Баʼзи белгилари – баландлиги, баргининг ва саватининг йириклиги, шакли бўйича чақиладиган турига яқинлашади. Айрим белгилари – пистасининг майдалиги, тўлиқлиги бўйича мойли кунгабоқарга ўхшаб кетади. Бу тури ишлаб чиқаришда экилмайди.

Навлари


“Наврўз”, “Жаҳонгир”, “Дилбар”, “Душко”, “Дукот”, “Владимир”, “Самарқанд оқ”, “Олатўн”, “Родник”, “Чкаловский гигант”, “Пионер”, “Салют”, “Енисей”, “Армавирес”.

Ўтмишдош


Кунгабоқар ишлов бериладиган далада, кузги ва баҳорги буғдой ўрнига алмашлаб экилади. Бегона ўтлардан тозаланган баҳорги дон (арпа, буғдой) экинларидан кейин экиш мумкин. Кунгабоқар қанд лавлаги, беда ва судан ўтидан кейин экилмайди, чунки бу экинлар тупроқни қуритиб юборади. Рапс, кўк нўхат, соя ва ловиядан кейин ҳам экилмайди, чунки касалликлари бир хил.


Ҳосил йиғиш


Агар намлик юқори даражада бўлган ҳолатда ҳосил йиғилган бўлса, саватлардан ажратиб олинган писталарни қуритиш керак. Шунингдек, пишиб етилган саватдаги писталар ўз вақтида йиғиб олинмаса, яʼни йиғиб олиб ишлари ҳаддан зиёд кечиктирилса қушлар катта зарар келтиради ҳамда саватдаги уруғларнинг тўкилиши ортишига олиб келади.


Кунгабоқар қурғоқчиликка чидамли ўсимлик, аммо ҳаддан зиёд шиддатли қурғоқчиликда ҳосилдорлик камайиб кетиши аниқланган. Кунгабоқар етиштирувчилар ўз вақтида ва меʼёрида суғориш имкониятига эга бўлишса, олинадиган ҳосилдорлик ошади


Report Page