...

...

AGROBLOGER

Экин соғлом ва серҳосил бўлиши учун авваламбор ўғитлашни маълум бир тақвим асосида амалга ошириш лозим.

Умуман олганда, ўғитлаш ишларини ернинг ҳолатига кўра амалга ошириш даркор. Умумий миқдорда, бақлажон уруғ сепилишидан то ҳосилга пишгунича бўлган даврда 3-5 марта ўғитланади. Одатда ўғитлаш ишлари кўчатлар асосий ерга экилганидан сўнг, гуллаш вақтида ва ва ҳосилга кираётганда амалга оширилади. Агар кузда ерга гўнг солинган бўлса, 3 марта ўғитлаш билан чекланса ҳам бўлади.

Илк сезиларли ўғитлаш уруғ сепилгандан кейин яхши кўклаб олган ниҳоллар шаклланганидан 20 кун ўтиб амалга оширилади. Бу даврда кўчатларнинг илдиз тизими яхши ривожланган бўлиб, фойдали микроэлементларни шимиб, ўзлаштиришга қодир бўлади. Айнан бу озиқлантириш бақлажоннинг ўсишини тезлаштириб, тезроқ яшил масса тўплашига ва кўчатларни агатга кўчиришга имкон беради.

Иккинчи ўғитлаш – бақлажон кўчати асосий ерга экилганидан камида 14 кундан сўнг амалга оширилиши лозим. Агар кўчат (туп) эртароқ ўғитланса, янги жойда ҳали яхши мустаҳкамланмаган илдиз тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Учинчи ўғитлаш тўпгуллар шаклланишидан сал олдин амалга оширилади. Кўп миқдордаги тўпгулларни шаклланиши учун ўсимликдан катта куч талаб этилади. Шунинг учун қўшимча озиқлантиришсиз экин ё тўпгулларни шакллантира олмайди, ёки кам гул беради.

Тўртинчи ва охирги ўғитлаш, бақлажонлар ҳосилга кираётган даврда амалга оширилади. Бу ўғитлаш меваларнинг шакли, оғирлиги, таъм хусусиятларига ижобий таъсир кўрсатади.

Илк ўғитлаш қуйидаги усуллар билан амалга оширилиши мумкин. Бу усуллар ҳам иссиқхонада ҳамда очиқ майдонда етиштирилаётган бақлажонларни озиқлантириш учун қўлланилиши мумкин.

1-усул. 30 г калийли селитрани 10 г суперфосфат билан аралаштириб, 10 л сувда эритилади. Ҳосил бўлган аралашма бақлажоннинг мустаҳкамланиши ва яшариши учун қўлланилади, айниқса, агар барглар озроқ сўлиб ёки сарғайиб бошлаган бўлса.

2-усул. 30 г фоскамид, 15 г суперфосфат ва 15 г селитрани 10 л сувда аралаштириб илдизидан берилади. Ҳар бир туп тагига 1 литрдан ортиқ бермаслик лозим.

3-усул. 1 чой қошиқ аммиакли селитрани 3 қошиқ суперфосфат ва 2 қошиқ калий сульфатни 10 л сувда аралаштириб берилади.

Иккинчи ўғитлаш учун кукун ёки гранула кўринишида ишлаб чиқариладиган комплекс ўғитларни қўлланиш ёки халқ усуллари билан чекланиб қолиш мумкин.

1-усул. 20 г “Кристалон” ёки “Кемера-Люкс” препарати 10 л илиқ сувда аралаштирилади ва дарров ўғитлаш учун қўлланилади.

2-усул. 65-70 г суперфосфатни 30 г калийли туз билан қориштириб, 10 л сувда эритилади.

3-усул. 10-15 г қуруқ хамиртуруш (дрожжа) 10 л илиқ сувда аралаштирилиб, доимий равишда қориштирилиб турган ҳолда 12-16 соатга дамлаб қўйилади. Қўлланишдан олдин аралашмани 1:10 нисбатда яна сув билан аралаштириш лозим.

4-усул. 1 л мол шалтоғи ачитқисини 1 стакан кул билан аралаштириб, унга 0,5 л товуқ гўнги дамламаси қўшилади ва бу қоришма 10 л сувда аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашмани ишлатишдан олдин 1:5 нисбатда сувга аралаштириш мумкин.

Учинчи ўғитлаш. Бақлажонлар гуллашга тайёрланаётганда, уларнинг вегетатив жараёнларини туриб (тўхтаб) қолишига йўл қўймаслик лозим. Бу вақтда экинларнинг қандай ўсаётганлигини кузатиш керак: агар ўсимлик заифлашиб қолмаган бўлса, барглари сарғаймаётган, сўлимаётган бўлса, у ҳолда минерал ўғитлар концентрациясини камайтириб, ўрнига органик бирикмалар қўлланиш мумкин. Агар экин касалланган, яхши ўсмаётган бўлса, у ҳолда барча йўналишлар бўйича комплекс озиқлантириш зарур бўлади.

1-усул. 20 г мочевина, 30 г суперфосфат, 10 г хлорли калийни 10 л сувда эритилади. Ҳосил бўлган аралашмани ишлатишдан олдин 1:5 миқдорда сувга аралаштириш тавсия этилади.

2-усул. 1 л мол шалтоғи ачитқисини 500 г чопилган қичитқи ўти барглари ва пояси ва 100 г ўтин кули билан қориштирилади. Қоришма 10 л сувга аралаштирилади ва илиқ, қуруқ жойга 5-6 кунга қўйилади, доимий равишда аралаштириб турган ҳолда. Аралашмани ишлатишдан олдин сузгичдан ўтказилади.

3-усул. 1 л мол шалтоғи ачитқисини ва 0,5 л гўнги дамламасини 10 л сувда аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашмани 1:5 нисбатда сувга аралаштириб, ҳар бир туп тагига 1 литрдан ортиқ бўлмаган миқдорда қуйилади.

Тўртинчи ўғитлаш. Меваларни шакллантириш анча куч талаб этадиган жараёндир. Шунинг учун бу жараёнда экинларга қўшимча озиқлантириш орқали ёрдам бериш фойдали бўлади.

1-усул. 40 г суперфосфатни 10 л сувда аралаштириб, ҳар 10 кунда экинга қуйилади.

2-усул. 0,5 л товуқ гўнги дамламасини 10 л сувда аралаштириб, унга 10 г қуруқ хамиртуруш (дрожжа), 0,5 кг қичитқи ўти барглари ва поялари қўшилади. 3-4 кунга дамлаб қўйилади, вақти вақти билан аралаштирган ҳолда. Аралашмани ишлатишдан олдин сузгичдан ўтказиб, 1:10 нисбатда сувга аралаштирилади.

Минерал ўғитлар ўрнагида ҳар бир ўғитнинг бақлажон экини учун қандай аҳамиятга эга эканлиги ифодаланадиган бўлса:

Азот. Пояни ўсиши учун лозим. Азот етишмаслигида пояни ўсиши секинлашади ва кейинчалик ҳосилни етилиш муддатига таъсир кўрсатади.

Фосфор. Ушбу элемент ёрдамида ўсимликнинг илдиз тизими тўғри ривожланади. Фосфор янги пайдо бўлган мева тугунчаларининг ривожланишига таъсир кўрсатади. Фосфор ёрдамида мевалар тезроқ етилади.

Калий. Бақлажонларнинг шаклланиши ва ўсишида иштирок этади. Касалликлар пайдо бўлишига ва кескин ҳаво ўзгаришига қарши экиннинг чидамлилигини ошишига ёрдам беради.

Марганец, бор, темир. Мевалар сифатини яхшилаш ва ҳосилдорлик даражасини оттириш учун керак.

Энг муҳими, ўғитлашда меъёрни билиш керак. Етарлича озиқланмаган экинларнинг ривожланиши секинлашиши, касалга тезроқ чалиниши, ҳосил миқдори ва сифатининг пасайишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг билан бирга меъёридан ортиқча ўғитлаш ҳам экин палагининг ғовуллаб кетиши туфайли ҳосил бермаслигига, мева мазасининг бузилишига олиб келиши мумкин.


@AGROBLOGER канали

1. plodovie.ru

2. agronomu.com

dehqon.uz

Report Page