...

...

AGROBLOGER

Органик маҳсулотлар нима учун кераклигига бағишланган мақолани эълон қилганимиздан сўнг мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилардан бир қанча мурожаат ва саволлар келиб тушди. Жумладан, улар орасида органик маҳсулотларни етиштиришни бошлаш учун нималар қилиш зарурлиги, қандай қадамларни босиб ўтиш кераклиги ҳақида сўровлар бор эди. Бугунги материалимиз айнан шу мавзу тафсилотларига бағишланади.

Кимга мурожаат қилиш кэрак?

Органик маҳсулотларни етиштирувчи агрокластер ва фермер хўжаликларига ишни бошлаш учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Қишлоқ хўжалигида стандартлаштириш маркази”, “АКИС” марказларига ва бошқа хусусий йўналиш бўйича маслаҳат ҳизмати кўрсатувчи компанияларга мурожаат қилишлари керак бўлади. Марказлар шартнома асосида ишлаб чиқарувчиларга зарур барча маслаҳатларни бериб боради.

Жумладан:

қайси маҳсулотни ишлаб чиқариш;

органик мувофиқлик сертификатини олиш юзасидан қайси мувофиқликни баҳолаш органига ариза билан мурожаат қилиш кераклиги;

органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ихтиёрий сертификатлаштиришга ўтказиш бўйича шартнома тузиш;

органик ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, мувофиқликни баҳолаш усуллари ва тартиб-қоида ҳужжатларини юритиш;

ишлаб чиқарувчининг маҳсулотларини қайси давлатга экспорт қилиш бўйича тавсиялар берилади.

Органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўтиш шартлари


Органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўтиш шартлари қуйидагилардан иборат:

органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва мувофиқликни баҳолаш органи билан органик маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш тўғрисида шартнома тузиш;

маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнини органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари билан мувофиқлаштириш;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш органик маҳсулотлар тоифасига кирмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан алоҳида тарзда амалга оширилади;

ўтиш даврида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни “ўтиш давридаги органик маҳсулотлар” сифатида тамғалаш ва реализация қилиш.

Органик маҳсулотлар тоифасига кирмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўтиш чоғида ўтиш даври белгиланиб, маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи томонидан бу давр ичида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг бажарилиши таъминланади.

Стандартлар ва сертификатланган маҳсулотлар турлари


Республикамизда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан сифат менежменти талаблари асосида 2020-йилдан бугунги кунгача жами 34 та “Органик” сэртификати олинган. Бу етиштирилаётган маҳсулотлар турлари қуйидагича:

пахта, ловия, буғдой, помидор, қайта ишланган пахта (текстил маҳсулотлари), турли хил целлюлоза қоғозлари, доривор ўсимликлар, ковул, қуритилган узум, қуритилган гилос, узум, бодом ёғи, бодом, ўрик, ўрик ёғи, қора майиз, қуритилган майда кесилган ўрик, қуритилган бутун ўрик, “Султон” майизлари, “Томпсон” майизлари, узум, оддий майиз ва бошқа маҳсулотлар.

Республикамизда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан сифат менежменти талаблари асосида 2020-йилдан бугунги кунгача жами 239 та “Глобал Г.А.П.” сертификати олинган. Уларда етиштирилаётган маҳсулотлар турлари қуйидагича:

узум, саримсоқпиёз, олма, гилос, помидор, мош, каперс, қалампир, укроп, қовун, тарвуз, лимон, музлатилган мева-сабзавот маҳсулотлари, нектарин, нок, шафтоли, олхўри, анор, бодринг, пиёз, булғор қалампири, бақлажон, брокколи карами, гулкарам, салат барги, ўрик, малина ва бошқалар.


AGROBLOGER канали

agro.uz

Report Page