😢

😢

🌐OLTIARIQ_TV

Ўзбекистон ОТЖ Осиё ўйинларидаги юришини чорак финалда тўхтатди.


@oltiariq_tv

Осиё ўйинлари футбол мусобақасининг энг марказий ўйинларидан бири –Ўзбекистон – Жанубий Корея баҳси чемпионлар кураши бўлди, дейиш мумкин. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоа йил бошида Осиё чемпионатида ғолиб бўлган, корейслар эса Жакартага Осиё ўйинларининг амалдаги ғолиби сифатида ташриф буюрганди.

Ўзбекистон олимпиячиларининг бу галги рақиби аввалги тўртта терма жамоадан мутлақо фарқ қилиши, ўйиннинг қийин ўтиши олдиндан маълум эди. Учрашувнинг илк дақиқалариданоқ бу ўз исботини топди –3 ҳужумчи билан тушган Жанубий Корея тезкор гол билан ҳисобни очди. 5-дақиқада 26 ёшли Сон Хёнг Миннинг пасидан сўнг 25 ёшли Хванг Уи Жодарвозабонимизни доғда қолдирди.

Голдан сўнг Ўзбекистоннинг ўйинида пасайиш кузатилмади. Шунинг натижаси ўлароқ, орадан чамаси 10 дақиқалар ўтиб ҳисоб тенглашди. Ушбу вазиятда жарима майдони марказида турган Машарипов негадир корейс ҳимоячиларининг эътиборидан четда қолганди. Икки-уч рақиб қуршовида турганига қарамай Жалолиддинга тўпни узата олган Достонбек Ҳамдамовнинг ҳаракатларига ҳам таҳсин айтса арзийди.

35-дақиқада яна ўша «Гамба Осака» аъзоси Хванг Уи Жо катта саҳнага чиқди. Унинг жарима майдони ташқарисидан туриб берган кучли ва аниқ зарбаси қаршисида Ботирали Эргашев ожиз қолди – 1:2. Биринчи тайм шу ҳисобда якун топди.

Иккинчи таймда Ўзбекистон терма жамоалари учун у қадар ҳам одатий бўлмаган қувонарли ҳолат рўй берди – бир ўйинда икки марта ҳисобда ортда бораётиб, ирода кўрсатган ҳолда яна олдинга ўтиб олдик. Бу кучли рақибга қарши ўйинда кузатилганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Хуллас, 53- ва 56-дақиқаларда Икром Алибоевдублга эришиб, турнир тўпурарлиги учун даъвогарлардан бирига айланди.

Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмасди. Жанубий Корея қишда бўлган Осиё чемпионати ярим финалидаги аламидан чиқиш учун бор кучи билан курашни давом эттирди. Пировардида 75-дақиқага келиб ҳисоб яна тенглашди. Илк дақиқалардан бошлаб фақат юқори темпда ўйин кўрсатишга уринган ҳар иккала терма жамоа вакиллари ҳам бу вақтга келиб чарчаб қола бошлашган, натижада тўп билан муомалада хатолар кўзга ташланиб, рақибга бўш зоналар қолдирилаётганди. Шундай вазиятлардан бирида Ашурматовнинг қўпол хатосини тажрибали Хванг Уи Жо кечириб ўтирмади – 3:3. Бу Япония Жей-лигаси вакилининг турнирдаги 8-голи, иккинчи хет-триги эди.

Асосий вақт шу ҳисобда якун топгач, қўшимча бўлимларга мурожаат қилинди. Иккинчи бўлим ўрталаридаги хатоси сабаб ҳисоб тенглашган Рустам Ашурматов жуда оддий вазиятда рақибга қўполлик ишлатиб, пенальтига сабаб бўлди. 118-дақиқа, Хванг Хи Чанва ҳисоб 3:4.

Энди Жанубий Корея терма жамоаси финал йўлида Сурия – Вьетнам жуфтлиги ғолиби билан курашади. Равшан Ҳайдаров жамоаси эса мусобақадаги иштирокини чорак финалда тўхтатди.

Эслатиб ўтамиз, 4 йил олдин Инчеондаги Осиё ўйинларида олимпия терма жамоамиз нимчорак финалда 90+5 дақиқада гол ўтказиб юбориб, Саудия Арабистонига имкониятни бой берганди (2:3).

Осиё ўйинлари, чорак финал

ЎЗБЕКИСТОН – ЖАНУБИЙ КОРЕЯ – (3:4)

Бекаси. «Патриот Чандрабага» стадиони

Голлар: Жалолиддин Машарипов (17), Икром Алибоев (53, 56) – Хванг Уи Жо (5, 35, 75), Хванг Хи Чан (118)

Ўзбекистон: 1. Ботирали Эргашев, 2. Рустам Ашурматов, 20. Достон Турсунов, 4. Акром Комилов, 5. Аббос Отахонов, 7. Одилбек Ҳамробеков, 14. Икромжон Алибоев, 6. Жалолиддин Машарипов (19. Андрей Сидоров, 120+1), 17. Достонбек Ҳамдамов (11. Бобур Абдихолиқов, 68), 10. Жавоҳир Сидиқов (18. Хуршид Ғиёсов, 85), 9. Забиҳилло Ўринбоев (16. Дониёр Нарзуллаев, 114).

Жанубий Корея: 1. Сонг Бум Кун, 2. Хванг Хюн Су, 3. Ким Мин Жаэ, 4. Ким Жин Я, 6. Ким Мун Хван, 7. Сон Хон Мин, 10. Хванг Ин Бом, 11. На Санг Хо (9. Хванг Хи Чан, 46), 14. Жанг Юн Хо (8. Ли Жин Ху, 22), 15. Ли Сонг Му (17. Ли Сонг Ву, 61), 16. Хванг Уи Жо.

Огоҳлантиришлар: Ҳамдамов (42), Ашурматов (68), Алибоев (85, 101) – Ли Сонг Ву (94), Ким Мин Жаэ (105+1)

Четлатиш: Алибоев (101 – 2СК)

Бош ҳакам: Муҳаммад Ал-Ҳоиш (Саудия Арабистони)


Report Page