...

...

AGROBLOGER

Бухоро туманидаги “Гала-Ривер” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма корхонаси жорий йил ҳисобидан етиштирилган узум ҳосилини қабул қилишни бошлади.


Корхона ҳар йили 10 минг тонна узумнинг винобоп навларини қабул қилади. Қабул қилинган ҳосил эса корхонада қайта ишланади. Ярим тайёр маҳсулот (шинни, виноматериал, сулфат сусла) кўринишига келтирилгач қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари ҳамда Россия федерациясига экспорт қилинади.


– Бугундан узум ҳосилини йиғишни бошладик, – дейди корхона раҳбарининг ўринбосари Б.Тўхтаев. – Корхонада 45 нафар мунтазам ишловчи ишчиларимиз бор. Бу эса кунига 600 тоннагача маҳсулот қабул қилишимизни таъминлайди. Корхонанинг умумий қуввати 10 минг тоннани ташкил этиб, йилига 2 миллион долларлик экспорт салоҳиятига эга. Жорий йилда экспорт кўрсаткичини яна 5 миллион долларга оширишни режалаштирдик.


Корхона айни вақтда тумандаги 150 га яқин узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан винобоп узум ҳосилини етказиб бериш бўйича келишув шартномаларини имзолаган. Бундан ташқари аҳоли томонидан ҳам келтирилган узум ҳосилини қабул қилиб олишга тайёр.


Жорий йилги биринчи ҳосилни қабул қилиш жараёнида туман ҳокими Қаҳрамон Дўстов бошчилигидаги бир қатор мутасаддилар иштирок этди.


Дастлаб боғдан тоза узиб келтирилган ҳосил тарозига тортилди. Мутасаддиларнинг бу йилги ҳосилга барака тилаб қилган дуоларидан сўнг маҳсулотни қайта ишлаш жараёнлари бошланди.


Ташриф давомида мутасаддилар корхона фаолияти ва мавжуд муаммолар билан танишди. 


Туман мутасаддилари корхона фаолияти билан танишар экан, ҳозирги карантин талабларидан келиб чиқиб фаолиятни ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.




@AGROBLOGER канали

uza.uz


Report Page