...

...

AGROBLOGER

2021 йил август ойининг биринчи ва охирги ўн кунлигида Ўзбекистонда иккита ҳужжат имзоланди. Ушбу ҳужжатларга кўра, замонавий иссиқхоналар яратиш лойиҳаларини мақсадли молиялаштириш учун жами 100 миллион доллар ажратилади, деб хабар бермоқда EastFruitнинг ўзбек жамоаси.

Имзоланган ҳужжатларнинг биринчиси, иссиқхона массивларини барпо этиш ва аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этишни молиялаштиришга Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 40 миллион доллар эквивалентида маблағ ажратилишини назарда тутади. Бу маблағ ҳисобидан кичик ва оилавий тадбиркорлик субъектларига майдони 10 сотихдан 50 сотихгача бўлган замонавий иссиқхоналар яратиш учун имтиёзли кредитлар берилади. Кредит муддати 7 йилгача бўлиб, унинг фоизлари Ўзбекистон Марказий банкининг асосий ставкаси бўйича тўланади (ҳозирги кунда – 14%). Мазкур шартлар Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 августда қабул қилинган аҳолининг доимий даромад манбаларини кўпайтириш орқали оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш тўғрисидаги қарори билан тасдиқланган.

Иккинчи ҳужжатга мувофиқ, республиканинг Сурхондарё вилоятида иссиқхоналар яратиш лойиҳаларини молиялаштириш учун жами 60 миллион доллар ажратилади. Президентнинг 2021 йил 23 августдаги Сурхондарё вилоятида кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни рағбатлантириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ:

– Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан лимон етиштириш лойиҳаларини молиялаштириш учун 10 миллион доллар эквивалентидаги маблағ ажратилади, яъни ушбу маблағлар мазкур ҳудудда лимон етиштириш учун иссиқхона хўжаликларини ташкил этишга йўналтирилади;

– халқаро молия институтларининг қарз маблағлари ҳисобидан 2021-2022 йилларда Сурхондарё вилоятида замонавий иссиқхоналар яратиш лойиҳаларини молиялаштириш учун 50 миллион доллар эквивалентидаги маблағ ажратилади.

Шундай қилиб, 2021 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикасида замонавий иссиқхоналар яратиш лойиҳаларини мақсадли молиялаштириш учун жами 100 миллион доллар ажратишни назарда тутувчи икки ҳужжат қабул қилинди.


EastFruit

AGROBLOGER канали

Report Page