...

...

AGROBLOGER

Маълумки, ҳамма мевали дарахт кўчатлари асосан куртак пайванд қилиш йўли билан кўпайтирилади. Хўш томорқа боғларида ёввойи, пайвандланмаган ёки пайванд тагдан чиққан ёввойи новдалар ҳисобига тикланган дарахтларни маданийлаштириш учун нима қилиш керак? Илмий тажрибалар ёрдамида аниқландики, дарахт қанчалик ёш бўлса, шунчалик пайвандни яхши олади. Уруғли меваларга қилинган пайвандлар данакли меваларга нисбатан яхши тутади.

Олма дарахтлари 15-20 ёшгача пайвандни яхши қабул қилади. Бундан кейинги йилларда эса пайванд тутиш нисбати анча камаяди. Пайвандлаш 1-2 ёшдаги ёввойи мева дарахтларини маданийлаштириш учун яхши натижа беради. Бир туп ёш дарахтга бир неча дона кўзни куртак қилиш мумкин. Куртак пайванд қилинадиган новдаларнинг йўғонлиги 8-10 мм дан кам бўлмаслиги, пўстлоғи яхши кўчиши керак. Бунинг учун олдиндан пухта тайёргарлик кўрилади. Бир йиллик новдалар ёш дарахларнинг четроғида жойлашган бўлиши керак. Чунки дарахтнинг ўрта қисмидан ўсиб чиққан новдаларга пайванд қилинса, улардан ўсиб чиққан маданий новдалар она дарахт шох-шаббасини ҳаддан ташқари қалинлаштириб юборади. Бунинг натижасида уларга тўғри шакл бериш қийинлашади. Шунга йўл қўймаслик учун, дарахт шох-шаббасининг четки томонида жойлашган сўрхил бир йиллик новдаларнинг асосий шохига 3-5 см жойлашган (тирсак бериб, қисман эгилиб ўсган силлиқ) қисмига куртак пайванд қилинади.

Куртак пайванд қилишдан олдин шохчалардаги ортиқча новдалар ток қайчиси ёрдамида чўгиртаклардан тозаланади. Дарахт пўстлоғи кўчишини осонлаштириш мақсадида 3-4 кун олдин суғорилади.

Ўткир боғ пичоғи ёки пайванд пичоғи ёрдамида бир йиллик новда танасида “Т” шаклида кесик ўйилади. Сўнгра кетма-кет бир йиллик сўрхил новдалардан куртак кесилиб пайванд қилинади.

Куртак пайванд «Т» ҳарфига ўхшаш кесикка қўйилгандан кейин пешма-пеш полителин лентаси ёрдамида бойланади. Бунда куртакни боғланадиган плёнка тагида қолиб кетишидан сақлаш керак. 12-14 кун ўтгач пайванд қилинган куртаклар тутган тутмаганлиги кўздан кечирилиб чиқилади. Одатда яхши тутган куртаклар кўм-кўк рангда бўртинқираб туради, барг банди қўл тегизилиши билан ерга тушиб кетади. Тутиб қолган куртакларнинг боғлоғичи бўшатилади. Аммо бутунлай олмасдан бўшатибгина қолдириш мумкин.

Шуни ҳам қайд қилиб ўтиш керакки, ҳаваскор боғбонлар хоҳишига қараб бир дарахтга бир неча нав дарахтлардан қаламча тайёрлаб куртак пайванд қилиш мумкин. Масалан, томорқада маданийлаштирилган Розмарин ёки Тошкент боровинкаси ўсаётган бўлса, уларнинг шохларидаги бир йиллик новдаларга август ойида Ренет Симеренко, Ред делишес, Нафис, Қандил синаб пайванд қилиш мумкин. Битта дарахтда бир неча олма навларини пайванд қилиб ўстириш мумкин. Масалан, кечпишар Розмарин дарахт новдаларига июл ойида пишадиган ёки август-сентябр ойларида пишадиган олма навларини пайванд қилиш мумкин.

Томорқаларда олма, шафтоли, беҳи ва ўрик каби хар ҳил муддатларда пишадиган навларни пайванд қилиш мумкин. Бундай пайвандлашни гулдаста пайвандлаш ҳам дейилади.

Шундай қилинганда мева дарахтлари бири иккинчисини яхши чанглатади. Ҳосили бўлиқ ва сифатли бўлади. Лекин дарахтлардаги хар ҳил пишадиган олма, нок, беҳи ва ўрик навлари бир муддатда гуллайди.

Бир дарахтда бир неча ёнғоқ навлари бўлишига эришилганда, ёнғоқ навларининг гуллаши яхши ва ҳосил кўп бўлади. Дарахтдаги пайванд қилинган навларнинг бир даврида ёппасига гуллашига эришиш керак. Ёнғоқ дарахтида ота гуллари эртароқ ёки она гули кечроқ гуллаши натижасида гуллар яхши чангламайди. Натижада ёш ғурралар тўкилиб кетади. Албатта дарахтларда гуллар ғуррага айланишида ота ва она гуллари бир даврда етилиб гуллайдиган мева дарахтлари танлаб экилиши керак. Дарахтлар 8-10 ёшга кириб қолган бўлса, шох-шаббалари албатта йўғонлашади. Уларни куртак пайванд қилиш қийинлашади. Шунинг учун бундай дарахтларни март-апрел ойларида пайванд қилиш тавсия қилинади. Искана пайванда қадимдан қўлланиб келинади. Боғбонлар бу соҳада тажрибага эгалар.


AGROBLOGER канали

mygarden.uz

agronet.uz

Report Page