...

...

@AGROBLOGER

25 сентябрь – 1 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги «Варганза» қишлоғида биринчи халқаро анор фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Дарё»га Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қашқадарё ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжонов маълум қилмоқда.

Мазкур фестивалга 15 та хорижий мамлакатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда.

— Халқаро анор фестивалида аукцион савдо ташкил этишни мақсад қилганмиз, — дейди Отабек Олимжонов. – «Варганза» қишлоғидаги анор дарахтларидан энг катта анорни танлаб олиб, уни аукционда сотмоқчимиз. Аукцион савдода «Варганза» қишлоғида тадбиркорлардан ташқари хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Энг қизиғи, аукционда сотилган анор пули фестиваль сўнгида ушбу қишлоқда дунёга келган биринчи чақалоққа берилади. Ва ҳар йили ушбу анъанани давом эттиришни мўлжал қилганмиз.

Айтишларича, ушбу қишлоқнинг ўзида анор экспорти билан шуғулланувчи 30 нафар тадбиркор фаолият юритади.

«Варганза» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зиёдулла Мирзаевнинг маълумот беришича, айни пайтда қишлоқда 1000 гектар майдонда анор мавжуд бўлса, шундан 350 гектари фермер ва деҳқон хўжалиги эгаларига тегишли. Қолгани ушбу қишлоқда яшовчи аҳоли томорқасида экилган.

Маълум қилишларича, 2018 йил фақатгина «Варганза» қишлоғининг ўзидан хорижга 2000 тонна анор экспорт қилинган. Варганза анорларининг асосий харидорлари Россия ва Жанубий Корея ҳисобланади. Хорижга сотилган анорларнинг килосига 2 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўланган.

— Насиб этса 2019 йил хорижга қишлоғимизнинг ўзидан 5000 тонна анор экспорт қилишни мақсад қилганмиз, — дейди Зиёдулла Мирзаев. — Жорий йилги харидорларимиз ичида Япония давлати ҳам бор.

Маълумот ўрнида: Варганза қишлоғида айни кунда 3470 та хонадон мавжуд бўлиб, 20 минг аҳоли истиқомат қилади.


daryo.uz

@AGROBLOGER

Report Page