...

...

AGROBLOGER

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Янги Миришкор қишлоғидаги самарадорлиги паст бўлган 100 гектар ер майдони ўрнида замонавий ишлаб чиқариш массиви барпо қилинаётир.


Туман иқтисодиёти ва саноатини ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг вилоят бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур лойиҳага кўра бу жойда ҳар бири бир гектардан иборат бўлган 52 та лимонарий бунёд этилади. Лимонлар ҳосилга киргунга қадар уларнинг орасига помидор, бодринг, булғор қалампири каби маҳсулотлар етиштириб, лимонарий қуриш учун сарфланган харажатларни тўлиқ қоплаш ва фойда олишга ўтиш имкони бор. Айни пайтда лимонарийларни қуриш ишлари жадал давом этмоқда.


Акмал Сариқов, Миришкор тумани ҳокими ўринбосари:


—Жами 100 гектарлик майдоннинг қолган қисмига эса интенсив усулда бодомзор, ўрикзор ва токзор ҳосил қилинади. Бундан ташқари, мазкур мажмуадан паррандачилик фабрикаси, интенсив балиқ кўли, 1000 тонналик совуткич, сутни қайта ишлаш, томат пастаси ишлаб чиқариш мини заводлари ўрин олади. Ҳудуд атрофига жойлаштирилаётган контейнерларда тикувчилик, маҳсулотларни қадоқлаш ва қадоқлаш идишларини тайёрлаш, ширинликлар тайёрлаш, нон ва нон маҳсулотлари, макарон ишлаб чиқариш, музқаймоқ тайёрлаш, асал, писта қадоқлаш, прессланган исириқ ишлаб чиқариш цехларининг фаолияти йўлга қўйилади. Қарши-Миришкор йўли ёқасида жойлашадиган мазкур мажмуа учун ақлли бекат, тадбиркорликка ўқитиш маркази барпо этилди, 7 га 24 тизимида ишловчи мини маркет ва кафе, шунингдек, ўғитлар ва кимёвий воситалар ҳамда уруғликлар дўкони қуриш ишлари якунланмоқда. Бир сўз билан айтганда, сув бор пайтда бор, йўқ пайтда хор бўлиб ётган бу ерларда ҳадемай ҳаёт қайнайди.


Мазкур туманнинг Янгиобод қишлоғи ҳудудида ҳам фойдаланишдан чиқиб кетган ҳайҳотдек ерлар бор. Уларнинг 18 гектари “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида қишлоқ ёшларига бўлиб берилган. 20 миллион сўм нари-берисида маблағ сарфланиб, бу ерга коллектордан сув чиқарилган. Натижада эса бу ерда меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳар бири энг камида 20 миллион сўмдан даромад олиш имконига эга бўлади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бошида бу ерда деҳқончилик қилиб, даромад олиш мумкинлигига кўпчилик ишонмаган. Энди эса ташландиқ ердан беринг, дейдиганларнинг ҳисоби йўқ.

Ҳайдар Бобоев Миришкор тумани "Янгиобод" ҚФЙ раиси:

—Бу бир қараганда арзимас лойиҳа бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ вилоятнинг ҳар бир туманида камида 2-3 тадан шу каби лойиҳа амалга оширилдики, бунинг натижасида минг гектарга яқин ер ўзлаштирилиб ва шунча ёшнинг бандлиги таъминлангани аҳамиятли.


Қашқадарёда ана шундай катта-кичик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида жорий йилнинг ўзида 10 минг гектардан ортиқ оборотдан чиқиб кетган ва самарасиз ер майдонларига қайта жон ато этиб, уларни боғу роғга, экинзорларга айлантириш кўзда тутилган. Бу келгусида элимиз дастурхони тўкин бўлиши, юртимизнинг экспорт салоҳияти ошишига хизмат қилади.


@AGROBLOGER канали

Ў.БАРОТОВ

ЎзА, uza.uz


Report Page