...

...

AGROBLOGER

Доғли антракноз (қора сон). Бу замбуруғли касаллик токнинг барча яшил аъзоларини зарарлайди. Баргларда қўнғир доғлар пайдо бўлади, новданинг пўсти ва ўзи ёрилади, қийшаяди, мўртлашади, бутунлай қуриб қолиши хам мумкин. Узум шакли бузилади ва ёрилиб кетади. Бу касаллик кўклам ойлари серёғин келганда жуда ҳам ривожланади. 

Кураш чоралари. Касалликка қарши курашда агротехник чоралар профилактик характерга эга. Калий ўғитини кўпроқ бериш керак, шунда ўсимликнинг касаликка чидамлилиги ошади. Кузда ток кесишда зарарланган новдалар ёқиб юборилади. Қатор оралари тупроқ қатламини ағдариб чуқур чопиш зарур, бегона ўтлар босишига мутлақо йул қўймаслик керак. Антракноз билан зарарланган токлар, кузда кўмишдан олдин 3% - ли бордо суюқлиги (10 литр сувга 300 г. мис купороси ва 300 г. оҳак) билан барча занг ва новдалари ювиш даражасида пуркалади. 5 градусли оҳак олтингугурт кайнатмаси хам самаралидир. Баҳорда, ўтган мавсумда зарараланган токлар куртак чиқариши биланоқ 1% -ли бордо суюқлиги (10 сувга 100 г. мис купороси ва 100 г. охак) билан пуркалади. Бу даврда охак олтингугурт кайнатмасини ( ИСО) 1 градуслигини қўлласа хам бўлади. Топсин ( 10 литр сувга 10 гр. ) ёки Вектра (10 литр сувга 3 гр.) препаратлари ҳам самаралидир. 10-12 кун ўтгач токзорлар қайта пуркаланади. Томорқада ҳам куртак ёзила бошлаганда 1% -БС сепилади. (10 литр сувга 100 гр. мис купороси ва 100 гр. охак) 7-10 кун ўтгач такрорланади. 

Токнинг оидиум (ун шудринг, кул) касаллиги. Ўзбекистонда биринчи даражали замбуруғли касаллик, кенг тарқалган, деярли хар йили зарар келтиради, химоя чоралари кўрилмаса, ҳосилнинг 60-80% ҳосил ёки бутунлай чириб кетиши мумкин. Токнинг барча яшил органларини шикастлайди. Узум доналари ёрилиб кетади, новдалари ривождан тўхтайди, етилмайди ва келгуси йил ҳосил замини яратилмайди. 

Касалликнинг олдини олиш ва ҳимоя чоралари. Мавсумда шўра ҳомток, ғўра ҳомток, чилла чиққандан сўнг новдаларни чеканка қилиб қисқартириш, узум бошларини соялаб турган баргларини олиб ташлаш зарур. Бу тадбирлар билан бир қаторда токзорларга тўйилган олтингугурт билан ишлов бериш яхши самара беради. Биринчи маротаба 3-4 чинбарг даврида, 8-10 кундан кейин иккинчи маротаба, ток гуллаб бўлгандан кейин 2 хафта ўтгач, учинчи маротаба олтингугурт чанглатилади. Токзорларнинг ёшига ва қалинлигига қараб, 1м2 га 250-300г олтингугурт сепилади. Олтингугурт кукунини чанглатиш имкони бўлмаса, биринчи ишлов муддатида намланувчи олтингугуртни 120-150 г/га ёки Вектра ёки Фоликур 10 л сувга 3г қўлланса ҳам бўлади. 

Токнинг мильдю (сохта ун шудринг) касаллиги. Замбуруғ ток ўсимлигининг барча яшил аъзоларида- барг ва тўп гулларида, мева тугунчаларида, яшил новда учларида, жингалак ва узум бандларида ривожланиб кучли зарарлайди. Зарарланган барглар ёғсимон, сариқ –яшил доғлар билан қопланади ва кейинчалик қўнғир тусли бўлиб қолади. Зарарланган барглар қовжираб тўкилиб кетади. Мева тугунчалари конидияли оқ ғубор билан қопланади. Узум меваси нўхатдек бўлгандан сўнг (ғўра даври) замбуруғ меванинг ичида ўсади. Ғужумлар зарарланиши натижасида шакли бузилиб, сўлиди ва хира зангори рангда бўлади. 

Мильдъюнинг зарарли асорати. Баҳор ва ёз ойлари сурункали ва кўп ёғингарчилик бўлган йиллари 50-60 % ҳосил нобуд бўлиши мумкин, ҳосилнинг сифати ундан ҳам паст бўлади. Узум қайта ишланганда шароб ва шарбатнинг таъми хам бузилади. Дамба-дам ёғиб турган ёмғир, юқори намгарчилик (70-90 %) ва ҳароратнинг юқори эмаслиги (17-25 градус) касалликнинг тез ва жадал ривожланишига қулайдир. 

Кураш чоралари. Барча тўкилган барглар (уларда касаллик юқуми бор)тупроқни ағдариб чопиш йўли билан йўқотилади. «Ерток» усулидаги токзорларни тик симбағазга кўтариш. Шўра ва ғўра хомтокларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш новдаларни ёйиб тараш ва боғлаш. Туп ораларида шудринг тутувчи бегона ўтларни йўқотиш. Касаллик ва совуқларга чидамлигини ошириш мақсадида калийли ва фосфорли минерал ўғитлари билан мунтазам равишда озиқлантирилади. 

Мавсумда мильдю, антракноз, оидиум тарқалган токзорлар кузда ёки баҳорда куртаклар ёзилишдан олдин 3%-ли бордо суюқлиги (10 литр сувда 300 г. мис купороси+300 г. оҳак) билан барча занг ва новдаларини ювиш даражасида пуркалади. 2-3%-ли темир купоросини ёки 1%-ли мис купоросини қўлласа ҳам бўлади. 5 градусли ООҚ (оҳак- олтингугурт қайнатмаси) ҳам самаралидир. 

Кўкламда барглар ёзила бошлагандан 5-6 чинбарг давригача бордо суюқлигининг 1%-лиги ёки Топсин 0,1%, Байлетон препаратларининг 0,3%-ли ёки Ридомил голд, Курзат препаратларини 0,03%-лиги қилиб пуркаш мақсадга мувофиқдир. Май ойи серёғин келса ва июнда ҳам ёғингарчилик бўлса пуркашлар 7-10 кун оралатиб 2-3 марта такрорланади.


@AGROBLOGER канали

agro.uz

Report Page