...

...

AGROBLOGER

Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани нафақат бодринг ва турпи, балки узуми билан ҳам машҳур. Туман боғбонлари бу борада ҳам ўзига хос мактаб яратган.

Ўтган йиллар мобайнида миришкор томорқачилар ўнлаб турдаги янги узум навлари яратишди. "Ризамат", “Қора шаҳзода”, “Ҳусайни”, “Маликанинг бармоғи” каби узум навлари нафақат ички бозорда, балки узоқ-яқин хориж давлатларида ҳам харидоргир. Даромад манбаи сифатида ҳам унча-мунча деҳқончилик маҳсулоти узумнинг олдига туша олмайди.


2019 йили туманда 47 минг тоннадан ортиқ узум етиштирилиб, унинг 65 фоизи Россия, Қозоғистон, Белоруссия, Бирлашган Араб Амирликлари давлатларига экспорт қилинди. Туманнинг умумий экспорт кўрсаткичида узумнинг улуши ўртача 40-45 фоизни ташкил этди. Бу йил 50 минг тоннадан зиёд ҳосил олиш, экспорт географиясини янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.


Тадбиркор Адҳамжон Абдураҳмонов Олтиариқ узумини араб мамлакатларига экспорт қилишни йўлга қўйиш ҳаракатида юрган бўлса, Исақжон Бойматов Ҳиндистондан олиб келган узум навини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш ниятида. Туманда машҳур узумчилар Абдувоҳид Мирзажонов, Иброҳим Раҳимовлар эртапишар, серҳосил ва касалликларга чидамли навларни ўзаро пайвандлаш орқали экспортбоп навлар сифатини оширишга ҳаракат қилмоқдалар. Ҳусанжон Ғофуровлар оиласи эса табиий ҳолда узумни токда баҳор фаслигача сақлаш бўйича жуда катта тажрибага эга.


— Авваллари узум асосан куз ойларида экспорт қилинган бўлса, кейинги икки йилда декабрь, январь ойларида ҳам экспорт салмоғи яхши бўлмоқда, — дейди Олтиариқ тумани қишлоқ хўжалиги бўлимининг мева-сабзавотчилик бўйича бош мутахассиси Умиджон Бозоров. – Айни пайтда туманда кишмиш, майизбоп узум навларини экишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Бугун туманда мева-сабзавот сақлашга ихтисослашган 60 минг тонна сиғимли 70 та музлатгичли омборхоналар бор.


Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида белгиланган вазифалар дои-расида туманда ўтган йили 300 гектар, жорий йилда 1350 гектар ерда узум плантациялари ташкил этилди. 2021 йилда 1600 гектар майдонда узумзор боғлар барпо этиш мақсадида ишлаб чиқилган бизнес-лойиҳалар тасдиқланди.


- Бизда жаҳон андозалари талаблари асосида ишлайдиган лабораториялар етишмайди. Шу боис меваларимиз Европа бозорларидан муқим жой эгаллай олмаяпти, — дейди вилоят Ўсимликлар карантини инспекцияси лаборатория мудири Абдумутал Ғофуров. — Аммо бу борада вилоятда муҳим қадамлар ташланган. Ҳозирги кунда лабораторияларимизга халқаро сифат сертификатлари олиш масаласи аудит босқичида турибди. Бизнинг мурожаатимиз асосида жаҳоннинг энг нуфузли халқаро стандартлаштириш тузилмалари мутахассислари ишга киришган бўлиб, коронавирус пандемияси туфайли ўрганиш жараёни бироз ортга сурилган эди. Яқин вақт ичида ушбу масала ижобий ҳал этилишига ишонамиз.


Айнан узум масаласида тадбиркорларимизда маҳсулотимиз евростандарт талабларига жавоб бермайди, деган нотўғри тушунча мавжуд. Аслида ундай эмас. Айтайлик, Олтиариқ узуми пишгунича ўртача 4-5 маротаба кимёвий ишлов берилади. Францияда узум харидор қўлига етиб боргунича қарийб 125 маротаба кимёвий ишлов берилар экан.


Айни пайтда Олтиариқ туманида мева-сабзавотларга уруғлик, минерал ва маҳаллий ўғитлар етказиб беришга ихтисослашган 30 та савдо дўкони, аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермер хўжаликларига амалий ёрдам берувчи Ўсимликлар клиникаси фаолият кўрсатмоқда. Аммо бу соҳа фаолиятини тизимли, энг муҳими илмий асосда ташкил этиш учун ҳали кўп иш қилишимиз керак.


Фарғонада дунё тажрибаси асосида саноатбоп узум навлари экилишини ҳам рағбатлантириш, қайта ишлаш ва узумчилик тармоғи негизида туризмни ривожлантиришга катта эътибор бериляпти. Шу билан бирга Фарғонада узумчилик соҳасида Олтиариқ тажрибасини оммалаштириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, экспорт салоҳиятини янада юксалтириш мумкин.


@AGROBLOGER канали

М. Сулаймонов

ЎзА, uza.uz


Report Page