...

...

AGROBLOGER

Тошкент вилояти Бўка туманида ташкил этилган амалий семинарда 2021 йил ҳосили учун экилган ғўза майдонларида дефолиация тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича режалар белгилаб олинди.

Унда мутасадди ташкилот вакиллари, фермерлар ва кластер раҳбарлари ва агрономлар қатнашди. 

Таъкидланганидек, жорий йил парваришланаётган 72 минг 161 гектар пахта майдонларида дефолиация тадбирларини ўз вақтида сифатли ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун 281 дона махсус пуркагич мавсумда жалб қилиниши белгиланиб, уларнинг техник ҳолати кўздан кечирилган. Ҳозир техника воситаларининг қарийб барчасига сифатли техник хизмат кўрсатилиб, мавсумга шай ҳолга келтирилган.

Дефолиация тадбири давомида қатнашадиган махсус пуркагичларни узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида, марказлашган ҳолда йиғилиб, таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди. Эндиликда графикка мувофиқ дефолиация сепиш ишларига жалб қилинади. 

Мутахассисларнинг қайд этишича, дефолиация муддати ғўза навларининг биологик хусусияти ва етилганлигига қараб танланади. Масалан, эрта экилгани туфайли ғўза биологик етилган майдонларда дефолиация муддати олдинроқ, кеч экилган жойларда эса кейинроқ амалга оширилади. 

– Мазкур саъй-ҳаракатларда иш самарадорлигини белгиловчи асосий омиллар бор, – дейди вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқов. – Ҳар бир дефолиант ўзининг кимёвий хусусияти ва таъсир этиш механизмидан келиб чиқиб ҳароратга турли даражада талабчан бўлади. Ўсимликка юмшоқ таъсир этувчи Авгурон-экстра дефолианти ҳаво ҳарорати ўртача 22-25°С даража бўлганда яхши самара берса, 22°С даражадан пасайганда таъсири ҳам камаяди.

Ғўза дефолиацияси ўз вақтида ва сифатли ўтказилса, унинг барглари тўлиқ тўкилишини таъминлайди. Қатор ораларида ҳаво айланиши яхшиланиб, ўсимлик қуёш иссиқлиги ва нуридан самарали фойдаланади. Амалга оширилган зарур агротехник тадбирлар натижасида ўсимлик танасида моддалар қайта тақсимланиши, кўсаклар пишиб етилиши тезлашади. Бу эса етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда териш машиналаридан самарали фойдаланиш ва қўл терими суръатини 20-30 фоизга ошириш имконияти яратилади.


А.Мусаев, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page