...

...

AGROBLOGER

Помидор фузариоз сўлиши (фузариоз вилт) ҳам иссиқхоналарда, ҳам очиқ далаларда учрайди. Зарарланган уруғ, уруғбарг ва ёш ниҳоллар бутунлай чириб кетади. Касалликни гифомицет замбуруғи Fusarium oxysporum f. lycopersiciқўзғатади, у помидордан бошқа экинларни зарарламайди. Дунёнинг барча мамлакатларида фузариоз вилт вертициллёз сўлишга нисбатан жуда кенг тарқалган.

Вилт помидорнинг пастки барглари, кўпинча бир томондан сарғайиши ва ўсимликлар сўлғин бўлиб қолишидан бошланади. Сўлган барглар қурийди, бироқ тушмасдан, новдаларда осилиб қолади. Новдалар ҳам ўсимликнинг бир томонида сўлиши мумкин, кейинчалик бутун ўсимлик сўлади. Новдалар устида сариқ чизиқчалар пайдо бўлади. Зарарланган ўсимликлар сўлишдан олдин заифлашади ва бўйи жуда паст бўлиб қолади. Помидор сўлишининг сабаби – ўтказувчи тўқималар замбуруғ мицелийси билан тўлиб қолиши ҳамда ўсимлик замбуруғ чиқарган токсинлари билан заҳарланишидир. Поя қия кесилса, ўтказувчи тўқималар қўнғир тус олгани – кучли доғланиш кузатилади. Вилт ўсимликнинг пастки қисмидан юқори ярусларга тарқалиши билан бирга, ўтказувчи тўқималардаги кучли доғланиш ҳам шу йўналишда, тупроқ сатҳидан (илдиз бўғзидан) ўсимлик тепасигача тарқалади (илдиз чириш билан зарарланган ўсимликлардаги доғлар илдиз бўғзидан фақат 10-15 см баландликкача кўтарилади). Оғир тупроқларда касаллик жуда тез тарқалади. Замбуруғ иссиқсевар организм, у ўсимликларни тупроқ ҳарорати 21-330С, оптимум 280С бўлганида кучли зарарлайди. Ортиқча азотли ўғит бериш касалликни янада кучайтиради. Қўзғатувчи ўсимлик тўқималарига томирлари орқали киради, зарарланган помидор ўсимликларининг илдиз бўғзида пушти моғор кўриниши мумкин. Замбуруғнинг хламидоспоралари тупроқда 11 йилгача сақланиши, қўзғатувчи уруғ орқали ҳам ўтиши мумкин.    Қўзғатувчининг помидорда 3 та ирқи (0, 1 ва 2) ажратилган; Европада учрайдиган 0- ва 1-ирқларига чидамли навлар ва илдиз пайвандтаглари мавжуд. Вегетация даврида касаллик тупроққа ишлов бериш қуроллари ва суғориш суви орқали ҳамда кўчатларни кўчириб экиш пайтида тарқалади. Касаллик ҳосилга кучли салбий таъсир қилади. Ўсиш даврининг ўрталарида енгил зарарланган ўсимликларнинг ҳосили 11-12 фоизга пасаяди, август ойининг бошларида кучли зарарланган ўсимликларнинг ҳосили бутунлай йўқотилади. Фузариоз вилт Ўзбекистонда (ва бошқа Марказий Осиё мамлактларида) жуда кенг тарқалган.

Кураш чоралари. Тупроқни илдиз етган чуқурликкача, одатда 25 см гача, зарарсизлантириш муҳим аҳамиятга эга. Энг самарали усул – буғ билан зарарсизлантиришдир. Фузариоз сўлишнинг жуда кучли ривожланиши кузатиладиган минтақаларда зарарсизлантирилган тупроққа чидамли навларни ёки пайванд қилинган помидор кўчатларини экиш тавсия қилинади Уруғликни самарали фунгицидлардан бири билан дорилаш, алмашлаб экиш, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, экин яхши ўсиши ва ривожланиши учун зарур агротехника қоидаларига риоя қилиш, ўсимликларнинг қўшимча томирлари ривожланиши учун тупроқ устига мульча солиш, касал кўчат ва ўсимликларни юлиб олиб ташлаш, ортиқча азотли ўғит бермаслик, сўлишга чидамли навларни экиш – тупроқни зарарсизлантиришга қўшимча кураш чоралари деб ҳисобланади.


@AGROBLOGER канали

Ҳасанов Б. А., Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А. 

dehqon.uz

Report Page