...

...

AGROBLOGER

Кейинги йилларда мамлакатимизда ер ва ундан фойдаланишга бўлган муносабат кескин ўзгарди. Кафтдек ердан даромад топиш, шу орқали халқимиз ва давлатимиз иқтисодиётига манфаат келтириш мақсадлари юқори босқичга кўтарилди. Бу борада қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилингани фикримизни янада исботлайди. Аммо йўналишдаги меъёрий ҳужжатларда деҳқон хўжаликларини юритиш билан боғлиқ айрим масалалар тўла очиб берилмаган. Масалан, амалдаги қонунчиликда деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилиши назарда тутилган, шу боис ҳам деҳқон хўжаликлари ерларида аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан уй-жойлар ва бошқа иморатлар қурилиб, турар жой сифатида фойдаланиб келинмоқда. Аммо эътибор билан қаралса, асосий аҳамият касб этадиган жиҳат, яъни ерларни асраш, унумдорлигини ошириш ва агротехника талабларига риоя қилиш каби мажбуриятларни бажариш иккинчи даражага тушиб қолган.

Шундан келиб чиқиб, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Таъкидлаш жоиз, сайловчилар ёки ҳудудлардаги учрашувларимизда деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратилган ерлардан бошқа мақсадларда кўпроқ фойдаланилаётганига гувоҳ бўламиз. Айтайлик, мутасаддилар томонидан узоқ муддатга ёки умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида ажратилган ерларда унумдор экинлар етиштирмай, асосий мақсад бир тарафда қолиб, турар жойлар, бино ва иншоотлар қуриб фойдаланаётганларига дуч келганимиз сир эмас. Шунингдек, ўрганишларимизда деҳқон хўжаликлари фаолияти етарли даражада тартибга солинмаганлиги, уларнинг сони ва ажратилган ерларнинг ҳисобини юритиш ҳамон йўлга қўйилмаганлиги ҳамда деҳқон хўжаликлари тўғрисидаги маълумотлар турлича юритилаётганлигига ҳам дуч келганмиз. Яна бир жиҳат ҳам борки, у ҳам бўлса, аҳоли сонининг ошиб бораётганлиги ҳисобига бир кишига тўғри келадиган ер улушининг тобора камайиб бораётганлигидир.

Мазкур масалалар қонун лойиҳаси ишлаб чиқишни ва уни қабул қилишни тақозо этмоқда. Асосий мақсад эса, деҳқон хўжалигини ташкил этиш, унинг фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, шунингдек деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Лойиҳада деҳқон хўжаликларига тўғридан-тўғри ер участкасини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан бериш амалиёти ўрнига бундан кейин ер участкасини ижара асосида бериш тизимини жорий этиш, боғдорчилик ва узумчиликка ижара муддатини 50 йил, сабзавотчилик ва полизчиликка 30 йил белгилаш, деҳқон хўжалигига бундан кейин ижарага бериладиган ернинг минимал майдонини белгилаган холда максимал майдонини кўпайтириш (0,06 гектардан 1 гектаргача), фермер хўжаликларининг асосий экиндан бўшаган ер майдонларида бир ёки бир нечта мавсумда ижара асосида деҳқон хўжалиги билан шуғулланишга рухсат бериш, деҳқон хўжалигининг даромадлари солиқ солинадиган база ҳисобланмаслигини белгилаш каби меъёрлар ўз аксини топган.

Қонун лойиҳаси қабул қилинса, деҳқон хўжалигига ажратилган ер участкасини олиб қўйиш шартлари аниқ белгиланади. Бу билан ер участкалари ноқонуний ёки турли баҳоналар билан олиб қўйилишининг олди олиниб, ерга бўлган ҳуқуқ кафолатлари янада кучайтирилади. Шунингдек, фермерларнинг асосий экиндан бўшаган ер майдонларида бир ёки бир нечта мавсумда ижара асосида деҳқон хўжалиги билан шуғулланишга рухсат берилиши вақтинча бўш турган ерлардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.


@AGROBLOGER канали

Бегали ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Report Page