...

...

@AGROBLOGER

Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли, яроқсиз боғ ва токзорларни экин ерлар тоифасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ва боғ-токзорлар барпо этилгунга қадар экин ерлар тоифасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда ҳар йил якунига қадар:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг мавжуд боғ ва токзорларини ягона рўйхатини шакллантирилиши;

б) иқтисодий самарасиз, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорларни экин майдонига ўтказиш, ушбу майдонларда камида уч йил давомида ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос экинларни экиш, белгиланган муддат ўтгандан кейин интенсив боғ ва токзорлар барпо этилишини таъминлайди.

Самарасиз деб ҳисобланган боғлар ўрнига токзорлар, самарасиз токзорлар ўрнига интенсив боғлар барпо этиш бундан мустасно.

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ва боғ-токзорлар барпо этилгунга қадар экин ерлар тоифасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, фермер, деҳқон хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ва боғ-токзорлар барпо этилгунга қадар экин ерлар тоифасига ўтказиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташаббуси билан мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Мавжуд боғ ва токзорлар майдони, сўнгги уч йилда ҳосилдорлиги паст бўлган фермер, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг манзилли рўйхатини аниқлаш.

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш ва боғ-токзорлар барпо этилгунга қадар экин ерлар тоифасига ўтказиш мақсадида пухта таҳлиллар ўтказиш натижасида қуйидагилар аниқланади:

а) боғ ва токзорларнинг ҳосилдорлиги, ҳудудда экилган мевали дарахтлар ва токнинг тупроқ-иқлим шароитига мослиги, тури, нави, ёши ва экиш схемаси;

б) боғ ва токзорлар ташкил этилган майдонларда контурларнинг яхлитлиги (бир контурда бир хилдаги экин тури ва нави);

в) мевали дарахтлар ва токнинг биологик хусусиятидан келиб чиқиб, лалми, сувли ва сизот суви яқин ерларга жойлашганлиги;

г) мевали дарахт ва ток кўчатларини тавсия этилган экиш схемасида экилганлиги, боғ ва токзорларда туплар сони, яроқсиз туплар сони, тупроқ бонитировкаси;

д) боғ ва токзорларда касаллик ва зараркунандаларга қарши ишлов бериш, дарахтларга шакл бериш, кесиш, токзорда– хомток қилиш, кўмиш ва бошқа муҳим агротехник тадбирлар ўтказилмаганлиги оқибатида яроқсиз ҳолатга келтирилганлиги;

е) фермер, деҳқон хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига боғ ва токзорлар барпо этиш учун ижарага берилган ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги ёки мунтазам (кетма-кет уч йил мобайнида) норматив кадастр баҳосидан паст ҳосил олинганлиги, ҳосилдорлик, ялпи ҳосил, даромад, қилинган харажатлар, соф фойда ва рентабеллик даражаси.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан далолатнома тузилади, унга йўл қўйилган қонун бузилишлари ҳолатини тасдиқловчи зарур ҳужжатлар ва материаллар илова қилинади, далолатнома ташкил этилган Комиссия вакиллари ва фермер хўжалиги раҳбари томонидан имзоланади.

Фермер, деҳқон хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, далолатномада бу тўғрида ёзув қайд қилинади, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ҳамда икки нафар жисмоний шахс томонидан тасдиқланади. Далолатнома икки нусхада тузилади, улардан бири фермер, деҳқон хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарига топширилади.

Далолатнома асосида туман Комиссияси уч кун мобайнида тегишли тақдимномани далолатнома, шунингдек зарур ҳужжатлар ва материаллар билан бирга туман (шаҳар) ҳокимига юборадилар.

Туман (шаҳар) ҳокими уч кун муддатда барча ҳужжатлар ва материалларни туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига юборади.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши уч кун мобайнида ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқаради.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосаси ҳужжатлар ва материаллар билан биргаликда тегишли хулосани олиш учун Комиссияга юборилади.

Туман комиссиясининг хулосасига асосан беш кун муддатда туман ҳокимининг қарорини чиқаради.

Далолатномада кўрсатилган ҳолатлар тасдиғини топмаган ва (ёки) асосланмаганлиги аниқланган тақдирда, Комиссия тақдимномасини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилиб, туман (шаҳар) ҳокимига ва кўрсатилган органлар (ташкилотлар)га билдиришнома юборади ва киритилган ҳужжатларни қайтаради.

Далолатномада кўрсатилган ҳолатлар тасдиғини топган тақдирда, Комиссия бир ҳафта муддатда тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларни таҳлил қилиш асосида хулоса тайёрлайди, ушбу хулоса барча ҳужжатлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва фермер хўжалиги (қишлоқ хўжалиги корхонаси) раҳбарига юборилади.

Фермер хўжалиги раҳбари бир ой муддатда, иқтисодий самарасиз, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорларни бузиш ва экин майдонига ўтказиш чораларини кўради.

Ушбу талабни ўз муддатида таъминламаган хўжалик эгалигидаги ер майдонлари ўрнатилган тартибда туман ер захирасига қайтарилади.


kun.uz

@AGROBLOGER

Report Page