...

...

AGROBLOGER

Фарғона вилоятида сув тежовчи суғориш технологиялари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. “Palma invest plast” масъулияти чекланган жамияти бу борада истиқболли лойиҳани ишга туширди.

Янги тармоқда бир кунда 4 тоннадан ортиқ 16 дан 400 диаметргача бўлган полиэтилен қувурлар, томизғичли ленталар тайёрланади. Бу ерга 360 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, замонавий ишлаб чиқариш жиҳозлари олиб келинди, 20 та янги иш ўрни яратилди.


– Маҳсулотларимизга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда, –дейди иш бошқарувчи Нодирбек Нишонов. – Ҳар бир фермер, деҳқон хўжалиги талаб ва истакларини ҳисобга олиб маҳсулот ишлаб чиқарамиз, технологияларни экин майдонларига жойлаш, ишга туширишда ёрдам берамиз.


Сув муаммоси йилдан-йилга долзарб бўлиб бораётган бир паллада томчилатиб суғориш нафақат сувни тежаш балки экин майдонлари структурасини яхшилаш, ҳосилдорлик салмоғини ошириш орқали иқтисодий самарадорликка олиб келувчи жиҳатлари билан ажралиб туради. Айни кунда тадбиркорлар томонидан сув тежовчи технологиялар учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мақсадида 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди.


Шу кунга қадар томчилатиб суғориш жиҳозлари учун керакли бўлган бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг асосий қисми четдан олиб келинган. Бу кўп вақт, ортиқча маблағ талаб этарди. Янги ишлаб чиқариш тармоғи бу борадаги ортиқча оворагарчиликларга барҳам берди, маҳсулот таннархини 15 фоизгача арзонлатди, юздан ортиқ янги иш ўрни яратилди.


– 2021 йилда вилоятдаги 30 минг 200 гектар майдонда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш борасида ишлар бошлаб юборилди, – дейди “Сирдарё – Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Алламжон Фозилов. 


– Бу мақсадлар учун 400 миллиард сўм сармоя жалб этилмоқда. Шу кунга қадар экин далаларига сув етиб бориши учун тўрт соат вақт керак бўлган. Бу исрофгарчилик, ортиқча харажатлардан ташқари, экин майдонлари мелиоратив ҳолатининг ёмонлашувига олиб келган, ҳосилдорлик, маҳсулотлар сифатига салбий таъсир кўрсатган. Сув тежовчи янги технологиялар сув ва электр энергия сарфини деярли эллик фоизгача иқтисод қилади.


Вилоятда 360 минг гектар суғориладиган майдонлар бор. Вегетация даврида экинларни сувга қондириш учун 3 миллиард 700 миллион кубдан ортиқ сув талаб этилади. Томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланганда сув сарфи тенг яримга тежалади.


@AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page