...

...

AGROBLOGER

Рапс – бир йиллик мойли ва ем-хашак экини. Илдизи дуксимон, пояси сершох, бўйи 50–150 см. Барглари ғуж, бандли, кам тукли. Дони шарсимон, ранги оч қорамтир. 1000 дона уруғи вазни 3–7 г. Уруғи 1–3 °С да униб чиқади, 15–20 °С да яхши ўсиб-ривожланади. Кузги рапснинг вегетация даври 270–300 кун, баҳоргисиники 95–110 кун. Четдан чангланади. Рапс уруғи таркибида 32–50% мой, 23% оқсил мавжуд. Мойи овқатга ишлатилади. Чорва моллари учун яхши озуқа ҳисобланади. 150 ц/га. дан тортиб 250 ц/га. гача кўк масса беради. Донининг ҳосилдорлиги 15–25 ц/га. Асосий зараркунандалари: рапс арракаши, рапс баргхўри, карам оқ қурти, рапс гулхўри, яширин хартумлилар. Касалликлардан альтернариоз, сохта кул касаллиги. Кураш чоралари: ерни кузда чуқур юмшатиш, бегона ўтларни гербицидлар билан йўқотиш, экинларга инсектицидлар сепиш.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиш учун бир хил катталикдаги, тўла етилган, шикастланмаган уруғлар танлаб олинади.

Ерни экишга тайёрлаш. Кузги рапс кузги дон экинларидан, картошка, қанд лавлаги, маккажўхоридан бўшаган ерларга экилади. Дуккакли экинлардан бўшаган ерларга экилмайди. Бир экилган далага 4 йилдан кейин қайта экилади. Ер ўтмишдош экинларнинг қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозалангач, 25–27 см чуқурликда юмшатилиб, текисланади.

Экиш муддати ва усули. Кузги дон экинлари билан бир вақтда экилади. Бу ўртача октябрь ойига тўғри келади. Ёппасига қаторлаб, қатор ораси 15 см қилиб экилади. Экиш чуқурлиги 2–3 см. 10 сотих майдонга 1,2–1,5 кг уруғ сарфланади.

Парваришлаш. Ягана қилинмайди. Суғориладиган шароитда кузги амал даврида 1–2 марта, баҳорги амал даврида 1–2 марта суғорилади. Суғориш учун ораси 60 см бўлган жўяклар олинади.

Ўғитлаш. 10 сотих майдонга соф модда ҳисобида 9 кг азот, 6 кг фосфор, 6 кг калий сепилади. Ер тайёрлаш вақтида фосфор ва калий сепилади. Азотли ўғит амал даврида сепилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Уруғ олиш учун тўла етилганла ҳосил йиғилади – бу май –июнь ойларига тўғри келади. Кўк массаси март–апрель ойида ўриб олинади.

Сақланадиган уруғнинг намлиги 8 фоиздан ошмаслиги талаб қилинади. Рапс кўк масса учун моллар учун тўйимли озиқадир.


@AGROBLOGER канали

mehnat.uz

dehqon.uz

Report Page