...

...

@AGROBLOGER


Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги етакчи мутахассислари Хитойнинг “Shaanxi YuanZheng Investment Group CO.Ltd” фармацевтика компанияси раҳбарияти ва вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Учрашувда икки томонлама қатор масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикасида қизилмия ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхона ташкил этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг халқаро алоқалар ва инвестициялар жалб қилиш бўлими раҳбари Раҳима Мадраимова меҳмонларни агентликнинг асосий вазифалари билан таништириб, улар орасида мамлакатнинг фармацевтика соҳасини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболлари устувор вазифалардан эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, меҳмонларга давлатимиз томонидан фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, иқтисодиётнинг барча жабҳалари, хусусан, фармацевтика соҳасининг сармоявий жозибадорлиги ортиб бораётгани борасида атрофлича маълумот берилди.

– Фармацевтика соҳаси республикамизнинг стратегик аҳамиятга эга жабҳаларидан бўлиб, саноат ишлаб чиқаришида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, – деди Раҳима Мадраимова.

“Shaanxi YuanZheng Investment Group CO.Ltd” компанияси бош директори Ма Е компания фаолияти ҳақида батафсил гапириб берди.

– Компаниянинг асосий фаолият йўналиши йирик электр энергияси лойиҳаларини, шунингдек, кўчмас мулк ва янги энергетик материалларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини сармоялаш ва амалга оширишдан иборат. Компаниянинг Хитой бўйлаб бир нечта бўлинмалари мавжуд ва бир неча йилдирки компания мамлакат бозорида етакчиликни қўлга киритиб келмоқда. Айтиш жоиз, компания ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича ҳам муваффақиятли фаолият олиб бормоқда, – деди компания бош директори.

Ўзбекистонда қулай сармоявий муҳит мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, компания қизилмия ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш корхонасини қуриш учун дастлаб 10 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлашни, шунингдек, бир нечта жараённи ўз ичига олувчи кластер яратишни ҳам мўлжаллагани, яъни қизилмия ўсимлигини етиштиришдан тортиб қайта ишлаш, тайёр ва чиқиндилардан иккиламчи маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўсадиган доривор ўсимликларни, жумладан, қизилмияни ўрганиш бўйича Ўзбекистон-Хитой илмий-тадқиқот марказини ҳам очиш режалар қаторидан ўрин олган. Истиқболда кадрлар алмашинувини ҳам йўлга қўйиш мақсад қилинмоқда.

Учрашув якунида, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва “Shaanxi YuanZheng Investment Group CO.Ltd” компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми ва ҳамкорлик битими имзоланди.


xs.uz

@AGROBLOGER

Report Page