...

...

AGROBLOGER

Мевали дарахтлар экилганидан сўнг турига ва шакл бериш усулига қараб, одатда 2 ва 5 ёш орасида мева қила бошлайди. Данакли мева дарахтларининг аксари яхши парваришланганда 2 ёки 3 ёшдан мевага киради. Гилос дарахти 3-4 ёш, олма дарахти 2 ёшдан 4 ёшгача ва нок дарахти эса 3-5 ёш орасида мевага киради. Меваларнинг ҳосил бўлишида чангланиш, суғориш ва дарахтларни тўғри ўғитлаш катта ўрин эгаллайди. Дарахтларда қуйидаги ўзгаришларни кузатиш жуда муҳимдир: дарахтлар умуман гулламаслиги, гуллаб мева тугмаслиги ёки гуллаб, мева тугиб, лекин барча мева теримдан олдин тўкилиб кетиши. Агар дарахтингиз умуман гулламаган бўлса ва юқорида айтиб ўтган ёшдан ўтган бўлса, сиз жуда кўп шохларни кесиб юборяпсиз. Кўплаб мевали дарахтлар мева қилувчи шохчаларни ёки узун новдаларни (масалан, шафтоли дарахти сингари) ривожланишини талаб этади. Шу сабабли бир йиллик шохчаларни ва новдаларни кесиб ташламаслик керак.

Бундан ташқари, ушбу мева берувчи шохчалар ва новдаларга етарли қуёш нурларини, ёзда дарахт ўртасидаги новдаларни кесиш орқали, тушишини таъминлаш зарур. Қуёш нурини етарли бўлмаслиги натижасида мевали шохлар ривожланмайди. Мевали дарахт учун бир кунда камида 6 соат қуёш нури тушиши зарур. Агар дарахтни бир неча йил тўғри кесганингиздан кейин ҳам гулламаса, у дарахтга бошқа нав пайванд қилинг ёки янги дарахт ўтқазинг.

Дарахт гулласа, аммо кам ҳосил қилса, бунинг асосий сабаби чанглантирувчи навнинг йўқлиги бўлиши мумкин. Яна бошқа сабаб, гуллаш давридаги совуқ ҳаво бўлиши ҳам мумкин. Совуқ ҳаво бўлганда дарахтларни чанглатишда қатнашувчи ҳашоратлар ҳаракати сустлашади. Паст ҳарорат табиий чангланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Об-ҳавонинг ноқулай келиши эрта гулловчи бодом ва олхўри дарахтларининг гуллашига ҳам ёмон таъсир қилади. Дарахтларда азот етишмовчилиги ҳам кам мева бўлишига олиб келиши мумкин. 

Агар азот етишмовчилиги маълум бўлса, дарахтларни қишга заҳира йиғишлари учун азотни ёзда беринг. Захира қилинган азот баҳорда уларни гуллаши учун сарфланади. Дарахт гуллаб яхши мева қилган бўлса, аммо мева етилмай тўкилиб кетса, қуйидагиларнинг бири бунга сабаб бўлиши мумкин. Айрим вақтларда мева ҳосил бўлганга ўхшайди, лекин апрел ойида тўкилади. Бунинг сабаби яхши чангланмаганлиги ҳисобланади. Ҳар қандай дарахт соғломлиги учун таъсир этувчи факторлар мева тўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Масалан, ёзда сувнинг ортиқча ёки кам бўлиши меванинг тўкилишига ва баргларнинг сарғайиб тўкилишига ҳам олиб келиши мумкин. Тупроқнинг зичлашиши, дарахтни қуёш нурларидан зарарланиши, дарахтларга зарарли ҳашоратлар тушиши ва турли касалликлар (ун шудринг, кулранг чириш, ўргимчаккана) зарари натижасида дарахтлар ўсиб ривожланиши учун ноқулай ҳолатга тушган бўлса ҳам тўкилиб кетиши мумкин.


AGROBLOGER канали

Муаллифлар: Б. Ғуломов, Ш. Аброров, И. Нормуратов.

dehqon.uz


Report Page