...

...

@AGROBLOGER


Республикамизда экиладиган сабзавот, полиз ва картошка экинларида август ойида кўп зарар келтирадиган зараркунандаларга оқ қанот, ўргимчак кана, занг кана, ширалар, полиз қўнғизи, колорадо қўнғизи, кўсак қурти, ғовакловчи пашша (минер пашшаси) ва ҳар хил турдаги карам зараркунандалари катта зарар келтириб ҳосилдорликни 30-35 фоиз камайишига олиб келади. Шуни эътиборга олган ҳар бир сабзавоткор ва фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари бу юқорида номлари келтирилган зараркунандаларга тўғри қарши кураш тадбирларини олиб бормоқлари лозим.

Масалан: Оқ қанот сабзавот, полиз ва картошка экин турларига икки томонлама зарар келтиради. Биринчидан: оқ қанот личинкалари ўсимлик баргларини орқа қисмига жойлашиб тайёр озиқа моддаларини сўриб зарар келтирса, иккинчидан оқ қанот личинкалари ўзларидан чиқазган суюқ (экскремент) моддалар ўсимлик барг пояларига тушиб ёпишқоқ шира бўлиб ифлослайди ва бу моддаларда қора замбуруғлар тез кўпайиб ўсимликларни нафас олишини қийинлаштиради ва баргларни тез қуриб қолишига олиб келади. Оқ қанот бир мавсумда 12-15 марта авлод бериб кўпаяди. Бу зараркунандаларга қарши барча экин турларида биологик кушандалардан бири бўлган трихопорусни 1:5; 1:10 нисбатда (битта трихопорусга 5 та ёки 10 та оқ қанот личинкаси) қўллаш тавсия этилади ёки қуйидаги пиретроидли дорилардан бирортасини (25% Цираксдан – 1,2 л/га ёки 20% Конфидордан 0,4 л/га ёки 50% Карбофосдан - 1,2 л/га ёки 10% Талстардан 0,6 л/га ҳисобида) қўллаш тавсия этилади.

Сабзавот экинларидан помидорда ва картошкада ўргимчак кана, занг кана, колорадо қўнғизи каби зараркунандаларга қарши курашни ўз вақтида олиб бормоқ лозим. Ўргимчак кана, занг кана помидорга ва картошкага июл-август ойларидан колородо қўнғизлари эса то кеч кузгача зарар келтиради. Бу зараркунандалардан ўргимчак кана ва занг кана билан зарарланган ўсимликларни пастки барглари кейинчалик тепа барглар қурий бошлайди. Баргларни орқа қисми ўргимчак кана билан зарарланса ипчалар ҳосил қилади, занг кана билан зарарланган баргларни орқа қисми кумиш рангли бўлиб, поялари қўнғир тусга киради. Буларга қарши 40% Данадим дорисидан 1,0 л/га ёки 36% Гризлидан 0,25 л/га ёки 57% Омайтдан 1,5 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.

Колорадо қўнғизи картошка, бақлажон, помидорига катта зарар келтириб бир мавсумда 3-4 марта авлод бериб кўпаяди ва битта она қўнғиз – 2000 тагача тухум қўйиши мумкин. Бунга қарши – 20% Моспиландан – 0,025 кг/га ёки 80% Регентдан – 0,025 кг/га ёки 4% Адонисдан 0,25 л/га ёки 20% Конфидордан – 0,05 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.

Сабзавот, полиз ва картошка экинларига ҳар хил турдаги (акация, полиз, карам) ширалар ҳам зарар келтириб, улар ўсимлик баргларини орқа қисмига, ўсиш нуқталарига жойлашиб тайёр озуқа моддаларини сўриб зарарлайдилар натижада ўсимликларни ўсиши секинлашади ва ҳосилдорликни 60-70 фоиз камайишига олиб келади. Ширалар турига қараб 14-17 мартагача авлод бериб кўпаядилар. Шираларга қарши фойдали ҳашоратларни (олтин кўз, ҳон қизи ва сирфидлар) қўллаш ҳамда пиретроидли кимёвий дорилардан 57% Фуфанон - 1,2 л/га ёки БИ -58 дан – 0,8 л/га ёки Децисдан – 0,5 л/га ҳисобида 600 литр сувга қўшиб пуркаш мумкин.

Кейинги йилларда очиқ ва ёпиқ майдонларда помидор, бодринг каби сабзавот экинларига ғовакловчи пашша (минер пашшаси) катта зарар келтира бошлади. Бу зараркунанда пашшаси ўз тухумини ўсимлик баргларини четига қўйиб, тухумдан чиққан личинкалар барг тўқималарини кемириб чизиқлар ва юпқа парда ҳосил қилади. Натижада баргларни нафас олиши қийинлашади ва тез қурийди.

Бу зараркунандаларга қарши БИ – 58 дан – 1,0 л/га ёки 1.8% Вертимекдан – 0,5 л/га ёки 50% Карбофосдан – 1,0 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.

Помидорга – кўсак қурти катта зарар келтириб, ҳосилдорликни кескин камайишига олиб келади. Кўсак қурти помидор меваларини кемириб зарарлайди. Натижада зарарланган мевалар тез чирийди ва истеъмол учун яроқсиз бўлиб қолади.

Кўсак қуртига қарши помидорига 15% Аваунт дорисидан – 0,4 л/га ёки 25% Арриводан – 0,3 л/га ёки 25% Цираксдан 0,4 л/га ҳисобида қўллаш тавсия этилади. Шу билан бирга кўсак қуртига қарши трихограмма ва ҳабрабракон кушандаларидан ҳам фойдаланиш мумкин.

Полиз экинларига полиз қўнғизи ва қовун пашшаси каби зараркунандалар кейинги йилларда зарар келтира бошлади. Полиз қўнғизи барг ва меваларни кемириб зарарласа, қовун пашшасини қурти қовун, тарвуз ва бодрингни ичига кириб уруғларини кемириб зарар келтирмоқда. Полиз қўнғизи Республиканинг барча вилоятларига тарқалган бўлиб, қовун пашшаси эса Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро вилоятларига тарқалиб ҳосилдорликни 60 – 70% камайишига олиб келмоқда.

Полиз қўнғизи ва қовун пашшаси бизнинг шароитимизда 3 – 4 марта авлод бериб кўпаяди.

Полиз қўнғизи, личинкаси, қурти зарар келтирса, қовун пашшасини қурти зарар келтиради.

Бу зараркунандаларга қарши 57% Фуфанондан – 1,0 л/га ёки 50% Карбофосдан – 1,5 л/га ёки 20% Конфидордан 0,3 л/га ёки 25% Цираксдан – 0,06 л/га ёки 25% Арриводдан – 0,06 л/га ҳисобида 600 литр сувга қўшиб сепиш тавсия этилади.

Юқоридаги барча турдаги пиретроидли дориларни қўллашни сабзавот, полиз ва картошка экинларини пишишидан бир ой олдин тўхтатиш ҳамда ишлатилганда эҳтиёж чораларини кўриб ишлаш тавсия этилади.


@AGROBLOGER

Report Page